Юртимизда кейинги йилларда ҳаж ва умра сафарларини юқори даражада ташкил этиш, юртдошлармизга ушбу ибодатларини чиройли адо этишлари учун ҳар томонлама қулайлик ва шароитлар ҳозирлашга катта эътибор қаратилмоқда. Муборак сафарларни юқори савияда ташкил этиш, зиёратчиларга намунали хизмат кўрсатиш ва ибодатларни шариатга мувофиқ гўзал шаклда адо қилиш мақсадида, Диний идора ҳузурида “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш” маркази ташкил этилди
Сўнгги йилларда зиёратчиларимизни умрага чекланмаган ҳисобда юбориш йўлга қўйилди. Ҳаж сафари квотаси ҳам йилдан-йилга ошириб борилмоқда. Масалан, мазкур ибодатни 2016 йилда 5200 нафар, 2017 йилда 7200 нафар ватандошимиз адо этган бўлса, 2022 йил Ҳаж мавсумида ушбу кўрсаткич 12 минг нафардан ошди.


Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш учун икки муборак шаҳарда тажрибали хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар зиёратчиларнинг ибодатларини бенуқсон бажаришига ҳар тарафлама кўмаклашади.
Ушбу Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этишда гуруҳ раҳбарларининг фаолияти ҳам ниҳоятда муҳим. Негаки, ҳожиларнинг муборак масканларда ибодат ва амалларни тўла-тўкис адо этиши, ўзларига кўрсатилаётган хизматлардан қанчалик рози бўлиши кўп жиҳатдан элликбошиларнинг фаолиятига боғлиқ.
Шунинг учун ҳам элликбошилар шариат қонун-қоидаларини пухта биладиган, ҳаж ва умра ибодатларини яхши билган диний соҳада хизмат қилаётган мутахассислар орасидан саралаб олинади.



Мазкур Умра-2023 тадбирларини ташкил этишда таълим муассасамиз ўқитувчи ва ходимлари ўз хизматлари билан муносиб ҳиссаларини қўшмоқда. Жумладан, таълим муассасасининг икки нафар ўқитувчиси Мадина шаҳрида ишчи гуруҳ сафида, яна 6 нафар ўқитувчи эса элликбоши сифатида ҳизмат қилишмоқда. Аллоҳ таоло бу сафарда ҳизмат қилаётган барча хизматчилар қатори бизнинг вакилларимизнинг ҳам ҳизматларини, Юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги учун қилган дуоларини Ўзи ижобат қилсин.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






