Иккинчи насиҳат
Устозни тўғри танлай билиш
Биз аввалги мақолаларимизда инсон ёшлик даврининг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, уни зое қилмаслиги, ва ёшлигидан ибодат қилишга астойдил бўлиш ва албатта бу ишида авваламбор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, саҳобаи киромлардан, салафи солиҳлардан ўрнак олиши кераклигини юқорида айтиб ўтгандик. Туркум мақоламизнинг навбатдагиси ёшликда илм олишлик ва бу ишда устозни тўғри танлай олиш борасида салафи солиҳларнинг ёшларга берган насиҳатлари ҳақида бўлади.
Ҳаммод ибн Зайдан шундай деганлари ривоят қилинади: “Биз Анас ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳнинг касал бўлган вақтларида ҳузурларига кирдик ва у киши: “Эй ёшлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва ҳадисни (илмни) кимдан олаётганингизга қаранглар, албатта у(ҳадис ва илм)лар сизларининг динингиздир” дедилар”.
Ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳ ёшларга ҳаётларида керак бўладиган жуда муҳим насиҳат бермоқдалар. Илм ўрганмоқчи бўлган ёш йигитлар илмда пухта ва собит қадам бўлган, ўз илмига амал қиладиган, тақводор, нафсини жиловлаган катта аҳли илмлардан дарс олишлари керак бўлади. Зеро, илмни ҳар-кимдан олишлик залолатга қўйилган биринчи қадам демакдир. Илм талабидаги ёшларимизга шуни таъкидлашимиз керакки, агар дарс жараёнида бирор устоз хато қилса, бу хатода ҳам бир ҳикмат бор деб қабул қилсинлар. Зеро, устознинг хатосини топишлик муаллимга бўлган энг катта беадаблик саналади. Агарда шу хатодан кўнгиллари тўлмаётган бўлса ўша жойини қайтадан одоб билан сўраб олсинлар.
Ибн Шавзаб роҳимаҳуллоҳ шундай маънодаги гапни айтганлар: “Бир ёш йигит агар уни суннат амалларни бажаришга ундайдиган солиҳ киши билан дўстлашса Аллоҳ унга катта неъмат ато этибди”.
Ҳозирда қўп ёш йигитлар бирор ишга ундалсалар, айниқса устозлари китоб ўқишга ёки бир яхши амалга буюрсалар ёшлари кичик бўлиб оқ билан қорани ажрата олмаганликлари учунми ёки кибрлари сабабми улар бу нарсани қабул қила олмайдилар. Лекин ўз нафсини енгиб устозига сўзсиз итоат қилганлар албатта мувафаққиятга эришадилар.
Амр ибн Қайс Малоий роҳимаҳуллоҳ: “Агар сен бир ёш болани тўғри эътиқоддаги солиҳ инсонлар даврасида ўсаётганини кўрсанг ундан бир яхшилик чиқишини умид қилавергин. Агар сен уни бидъат аҳли билан бирга юрганини кўрсанг, ундан бир яхшилик чиқишидан умидингни узгин”, дедилар.
Яна шу кишидан ривоят қилинади: “Албатта ёш бола ўсиб, улғаяди. Агар бир йигит аҳли илмларнинг мажлисига интиляптими, демак у нажот топади. Агарда у бошқа йўлга моил бўлса у халок бўлади”.
Ҳа азизлар, нажот топишлик фақат илм билан бўлади. Зеро илмсиз қилинган ибодатнинг, устозсиз ўрганилган илмнинг фойдаси йўқдир.
Аллоҳ ҳаммамизни олаётган илмларимизни манфаатли қилсин, Омин!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси
Мухторов Маҳмуджон манбалар асосида таёрлади






