“Ҳар бир сайловчи бир овозга эга”
(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси)
Сайлов – мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги энг муҳим сиёсий жараёнлардан бири. Ҳар бир сайловчининг овози замирида мамлакатнинг эртаси, авлодлар келажаги ва фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳақ-ҳуқуқлари мужассам.
18 октябрь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасига Тошкент давлат юридик университети “Жиноят ҳуқуқи, криминалогия ва коррупцияга қарши кураш” кафедраси доценти, юридик фанлари доктори (PhD) Қурбонов Маъруфжон иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.


М.Қурбонов ўз маърузасида Республикамизда яқинда бўлиб ўтадиган президентлик сайловига тайёргарлик жараёнлари ҳақида маълумотлар бериб ўтди. Ҳар бир фуқародан сайлов жараёнларида юксак мулоҳазакорлик ва мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларга даҳлдорлик туйғуси талаб этилиши, халқ кимгаки юксак ишонч билдирса, эртага у бутун мамлакат тақдирини белгилаб берувчи жараёнларни бошқаришини таъкидлади.
Ҳар бир миллатнинг, мамлакатнинг эртаси, келажак тақдири ёш авлоднинг қўлида эканлиги сир эмас. Шу сабабли, ёшларнинг сиёсий ижтимоий фаоллиги давлат аҳамиятига молик масалалардандир. Сайловлар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариши, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлайдиган сиёсий тадбирдир. Бинобарин, сайловлар жараёнида ҳар қайси давлатда, ҳар қайси жамиятда хилма-хил фикрлар, одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфияти яққол намоён бўлади.
Мазкур сиёсий тадбирни Конституция ва қонунларимиз, умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ва уларга тўла риоя қилган ҳолда ўтказиш кўп жиҳатдан жамиятимиз сиёсий маданиятига, сайловчиларнинг юксак фаоллиги ва фуқаролик бурчини чуқур англаши ҳамда сиёсий етуклигини намоён этишига боғлиқдир. Чунки ҳар бир сайловчи жамиятда кечаётган демократик ислоҳотлардан бохабар бўлса, бу жараёнга онгли равишда ёндашса, ўз овози жамият ва давлат ҳаёти учун, келажак учун аҳамиятли эканини, сайловчи сифатида зиммасида катта масъулият борлигини англаб етсагина, сайловлардан кўзланган мақсадга эришилган бўлади. Негаки, сайлов — бу, аввало, ўз ҳуқуқини англаган ҳолда, эркин танлаш ва онгли овоз бериш демакдир.
Шу маънода, сайловда қатнашиш ҳар биримиздан нафақат Конституциямиз кафолатлаб берган овоз бериш ҳуқуқини бажо келтиришни, балки фуқаролик бурчимизни чуқур англаш ва бу масалага катта масъулият билан қарашни ҳам талаб қилади.
Хулоса қилиб айтганда, юксак сайлов маданияти демократик жамият ҳамда фуқаролар сиёсий етуклигининг муҳим мезони, сайловларни умумэътироф этилган халқаро андозалар доирасида, сайлов қонун ҳужжатлари қоидаларига оғишмай ўтказишнинг асосий шарти ҳисобланади.
Давра суҳбати сўнггида маърузачи М.Қурбонов саволларга батафсил жавоб бериб ўтди.
Кўкалдош матбуот хизмати






