Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу кунлардан бирида бир ҳийла ишлатдилар. Эрталабдан кечгача қазои ҳожат қилмоқчи бўлган кишидек кўп марта ташқарига қатнадилар. У кишига қўйилган қоровуллар бир бирига қараб, “Ҳа хотиржам бўлаверинглар, Лот билан Уззо бунинг қорнини оғритиб қўйишипти”, дейишди ва жойларига ётдилар. Кўп ўтмай кўзлари уйқуга таслим бўлди. Суҳайб Розияллоҳу анҳу бу фурсатдан фойдаланиб, уларнинг орасидан секингина ажралиб чиқдилар ва Мадина томонга юзландилар. Кўп юрмасларидан қоровуллари вазиятдан хабар топиб ўринларидан сакраб туришди. Қарасалар Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу йўқ, дарров чопағон отларига миниб жиловларини орқада қолдирганча у кишини излаб шамолдай учиб, отларини елдириб кетишди.
Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу узоқдан уларни кўришлари билан бир баланд жойга чиқдилар ва садоқларидан камонларини олиб камон ипларини маҳкам тортдилар ва узоқдан келаётган бу отлиқларга қараб шундай дедилар: “Эй Қурайш жамоси, Аллоҳга қасамки, сизлар мени камон отишда инсонларнинг энг яхшиси эканлигимни ва мерганликда энг моҳири эканимни биласизлар. Аллоҳга қасамки, менинг ёнимга яқинлашгунингизча мана шу ҳар бир камон ўқи билан сизлардан бўлган биттадан кишини ўлдираман”, дедилар. Сўнгра, “Мана шу билан ҳам кифояланиб қолмай қиличимни қўлимга оламанда то қиличим синиб йўқ бўлиб кетмагунича сизлар билан урушаман”, дедилар. Кейин уларнинг ичидан бир киши вазиятни тўғри тушуниб: “Аллоҳга қасамки, биз сени шунча молинг билан бирга қўйиб юбормаймиз. Сен бизни шаҳримизга фақир ҳолингда келгинда, сўнгра бойигин сўнг кетиб қолгин эканда”, деди ва у кишини қўйиб юбориш нияти йўқлигини ошкор қилди. Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу: “Сизлар нима дейсизлар, агар мен сизларга молимни топшириб кетсам ўшанда мени ўз ҳолимга қўясизларми?”, дедилар. Улар “Албатта”, деб жавоб беришди. Сўнгра, Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу уларга Маккадаги уйларида жойлашган бойликлари беркитилган жойни кўрсатдилар. Кейин улар ўша жойга бориб бойликларни олишди ва у кишини ўз ҳолларига қўйишди.
Мана шундан кейин Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Мадина томон юришларини тезлаштирдилар. Аллоҳга бўлган иймонларини сақлаган, ҳолда динларини ҳимоя қилган ҳолда, кетказган бойликларига афсусланмаган ҳолда Мадина сари юрдилар. Ҳар сафар чарчаганларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлган шавқлари, завқлари, соғинчлари ва муҳаббатлари у кишига яна янги куч бағишлар эди ва яна юришни давом эттирардилар.
Мадина яқинидаги Қубо деган шаҳарга етиб келган вақтларида у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрдилар ва у кишига табассум қилиб жилмайдиларда: “Эй Абу Яҳё, савдо баракали бўлди. “Робиҳал байъу, Робиҳал байъу”, деб у кишига хуш хабар бердилар. Бу гапни уч марта такрорладилар. Суҳайб розияллоҳу анҳу бу воқеадан ҳам хурсанд бўлдилар ҳам таажжубландилар. Чунки бошларидан ўтган ишни Пайғамбар алайҳиссаломга ҳали айтмагандилар. Суҳайб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мендан олдин сиз тарафга қараб яъни Мадинага қараб бирон киши ўтиб кетгани йўқ, Аллоҳга қасамки бу хабарни сизга Жаброил алайҳиссалом етказган бўлсалар керак” дедилар…
… хақиқатда шундай бўлган эди. Ҳақиқатда баракали, фойдали савдо бўлган эди. Бу нарсани ҳаттоки осмондан келган Аллоҳ таолонинг ваҳийси ҳам тасдиқлади. Ҳаттоки, бу киши ҳақларида Аллоҳ таоло Бақара сурасида 207-оятини нозил қилди: “Ва инсонлардан Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ўз жонларини берадиганлари бор, Аллоҳ бандаларига меҳрибондир”.
Аллоҳ Суҳайб Румий розияллоҳу анҳудан Ўзи рози бўлсин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Камронбек Мусо.






