Жорий йилнинг 1 май куни юртимизда меҳмон бўлиб турган Бирлашган Араб Амирлигидаги “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” хайрия ва инсонпарварлик жамғармаси бош директори Ҳамад ал-Амирий бошчилигидаги делегация “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонларни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири ва мудир ўринбосарлари кутиб олди.

Билим юрти мудири Муҳаммадамин Насриев меҳмонларни ташриф билан қутлаб, мадраса тарихи, бу даргоҳда таҳсил олган таниқли алломалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, билим юртида ўқитиладиган мутахассислик ва умумтаълим фанлари ҳамда диний таълим тизимини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўзлаб берди.

Меҳмонлар мадрасадаги яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди. Билим юрти талабалари билан суҳбатлашди. Президентимиз фармони асосида ташкил этилган “Қуръони Карим ва тажвид” курслари тингловчиларининг дарслари билан танишишди.

Келгусида билим юрти фаолиятини ривожлантириш, талабалар учун дарслик китоблар билан таъминлаш ва хайрия тадбирлари борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини таъкидлади.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот хизмати






