﴿ لَقَدْ رَضِيَ اللَّهُ عَنِ الْمُؤْمِنِينَ إِذْ يُبَايِعُونَكَ تَحْتَ الشَّجَرَةِ فَعَلِمَ مَا فِي قُلُوبِهِمْ فَأَنْزَلَ السَّكِينَةَ عَلَيْهِمْ وَأَثَابَهُمْ فَتْحًا قَرِيبًا * وَمَغَانِمَ كَثِيرَةً يَأْخُذُونَهَا وَكَانَ اللَّهُ عَزِيزًا حَكِيمًا * وَعَدَكُمُ اللَّهُ مَغَانِمَ كَثِيرَةً تَأْخُذُونَهَا فَعَجَّلَ لَكُمْ هَذِهِ وَكَفَّ أَيْدِيَ النَّاسِ عَنْكُمْ وَلِتَكُونَ آيَةً لِلْمُؤْمِنِينَ وَيَهْدِيَكُمْ صِرَاطًا مُسْتَقِيمًا * وَأُخْرَى لَمْ تَقْدِرُوا عَلَيْهَا قَدْ أَحَاطَ اللَّهُ بِهَا وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرًا ﴾ [الفتح: 18 – 21[
Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида сенга байъат қилаётганларида рози бўлди. Бас, уларнинг қалбларидагини билди, уларга сокинликни туширди ва яқин фатҳ ила мукофатлади. Ва кўпгина ўлжаларни ҳам олурлар. Ва Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир. Аллоҳ сизларга кўпгина ўлжаларни ваъда қилди. Уларни олсангизлар, бунисини сизга тезлатиб берди, (ўтган воқеа) мўминларга ибрат бўлиши учун ва сизларни сироти мустақиймга бошлаш учун одамларнинг қўлини сиздан тўсди. Ва сизлар қодир бўлмаган бошқасини ҳам (ваъда қилди). Уни Аллоҳ иҳота қилган ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир зотдир (Фатҳ сураси 18-21-оятлар). [1]
Аллоҳ таолонинг Ўзи каломи покида Ҳудайбияда Пайғамбар соллаллолу алайҳи васалламга байъат қилган бир минг тўрт юз соҳабаи киромлардан рози эканлигини эълон қилиб турибди. Бу эълон қиёмат кунигача ибодат, тиловат бўлиб туриши таъминланган. Шунинг учун ҳам мазкур байъатнинг бир номи “Байъатир-Ризвон” — “розилик байъати”дир. Ояти каримада «Бунисини сизга тезлатиб берди» деганда Ҳудайбия назарда тутилган. “Одамларнинг қўлини сиздан тўстди” ифодасининг маъноси шуки, Қурайш мушриклари сизларга қарши уруш қилмоқчи эдилар, Аллоҳ уларнинг кўнглига сулҳни солиб, қўлларини мусулмонларга зарар беришдан тўсди. “Бошқа” фатҳ борасида тафсир уламолари Хайбар фатҳи, Макка фатҳи ва яна бошқа фатҳларни назарда тутилган деганлар. [2]
Аллоҳ таоло Ризвон байъатини берган кишиларга иккита мукофот берди: моддий ва маънавий. Маънавий – Аллоҳнинг улардан рози бўлиши ва уларнинг қалбларига сакинат ва ҳотиржамликни туширишидир. Чунки, Аллоҳ таоло уларнинг қалбларидаги сидқ ва вафони билганлиги боис ушбу ваъдани берди. Моддий-Хайбар ва Макканинг фатҳ бўлишидир. Шунингдек, бу икки фатҳ натижасида келган ўлжалар. [3]
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Абдуссами Эргашев
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Қуръони карим – маънолар таржимаси” китоби. [2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул ҳилол” асари. [3] Шайх Ваҳба Зуҳайли роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул мунир” асари.