Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш аҳолимиз, айниқса ёш авлоднинг соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида спортга катта эътибор берилади. Талабалар орасида шахмат, тош кўтариш, кураш, футбол ва стол тенниси бўйича “Баркамол авлод” спорт мусобақаси мунтазам равишда ўтказилиб турилади. Унда ғолиб бўлган талабалар Республика босқичига йўлланма олиб ушбу босқичда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқдалар.
Билим юртида 12-13 октябр кунлари “2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” да ўтказиладиган тадбирлар режасига асосан “Спорт – тинчлик элчиси” шиори остида барча курс талабалари иштирокида курслараро футбол спорт мусобақаси ташкил этилди. Тўртта курс талабалари 11 та жамоага бўлиниб ўзаро беллашдилар. Мусобақага билим юрти мудири З.Мирсадиков, мудир муовини А.Ғаниев, гуруҳ раҳбарлари, мударрислар ва барча курс талабалари ташриф буюрдилар. Ўйинда билим юрти ўқитувчиси Жалолов Нодир бошчилигида ҳакамлар ҳайъати гуруҳи ўйинни бошқариб бордилар. Мусобақа ўйинлари жуда қизиқарли ва муросасиз кечди. Ушбу мусобақанинг финал босқичида 2-А курс ва 4- А курс жамоалари беллашиб, ўйин вақти 5:5 ҳисобида якунланди. Пеналтилар сериясида 2-А курс жамоаси ғалаба қозонди. Ўтказилган мусобақадаги ғолиблар дипломлар, билим юрти кубоги ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот хизмати