Илм толибининг одоблари икки қисмга: илмга нисбатан бўладиган одоблар ва муаллимга нисбатан бўладиган одобларга бўлинади.
1. Талабанинг илмга нисбатан бўладиган одоблари қуйидагилардан иборат:
Ниятни холис қилиш
Исломда илм талаб қилиш, хусусан, динда фақиҳ бўлиш учун илм ўрганиш фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлади. Шундай қилган одам икки дунёнинг бахт-саодатига эришади. Бу дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади. Аммо ким диний илмни дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун, яъни мансаб учун, пул-мол учун, риё учун ўрганса, жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди.
Бу ерда ниятни поклаш олдинги ўринга қўйилмоқда. Илм талаб қилмоқчи бўлган шахс ниятини яхши қилиши, олган илми билан халққа хизмат қилиб, Ҳақнинг розилигини топишни кўзлаши керак. Ўшанда олган илми фойдали бўлади: дунёга ҳам эришади, охират савобига ҳам эга бўлади. Аммо ниятни молу дунёга, риёга боғласа, охират савоби бўлмайди, дунё ҳаваси ҳам аниқ амалга ошмайди.
Нафсни поклаш ва разолатлардан ҳоли қилиш
Илм талаби йўлига кирган шахс илм олиш ва унинг мартабаларига эришишдан олдин ўзини турли ёмонлик-гуноҳлардан, нафсини турли разолатлардан ва хулқини эса қораланган сифатлардан поклаши зарур. Илм учун қалбни поклаш ишлари ичида тавозели бўлиш, такаббурни тарк қилиш кабилар ҳам мавжуд.
Илм мажлисларини излаш, уларнинг самарасидан фойдаланиш
Бунда илм толибининг ўзи кўзлаган фойдали илмни олиши мумкин бўлган манбалардан унумли фойдаланиши кўзда тутилади.
Илм талабида садоқатли бўлиш, барча вақти ва ҳаракатини таҳсил олишга қаратиш, илмга халақит берадиган барча нарсадан юз ўгириш, ҳаромдан ҳазар қилиш ва маъсиятдан четда бўлиши лозим.
Илм талабида ихлос қилиш
Динига, дунёсига, охиратига, ватанига, халқига фойдали бўлган илмни талаб қилиш. Бефойда, вақти ўтган ва зарар берадиган илмдан четда бўлиши лозим.
Чиройли кўринишни, тавозуни, сокинликни ва илмнинг виқорини лозим тутиш.
Юриш-туришда, гапиришда ва ўзини тутишда илмнинг шарафига хилоф бўлган нарсалардан четда бўлиш.
Беҳуда талашиб-тортишишни тарк қилиш
Чунки бу фойда келтирмайди, одамлар орасини бузади, кишиларда ҳиқду ҳасадни кўпайтиради, қалбнинг қорайишига сабаб бўлади.
Илмни ҳақиқий мутахассис, одобли ва етук олимлардан олиш.
Илм олиш, ёдалаш ва такрор қилишда сабрли бўлиш.
Вақтдан илмни зиёда қилишда фойдаланиш лозим.
Тушуниш қийин бўлган ҳар бир нарсани сўраб ўрганиш.
Зеро, Имом Ғаззолий ўзининг “Эй, фарзанд“ китобида шундай дейди: “Қанчадан-қанча тунларни илм такрорлаб, китоб мутолаа қилиб ўтказдинг, ўзингни уйқудан маҳрум қилдинг. Лекин бунга нима туртки бўлганини билмайман”, деганлар
Илм талаб қилишда уялмаслик, тортинмаслик зарур. Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга: «Бу илмни нима ила ҳосил қилдинг» дейишганида, «Сўровчи тил ва ақлли дил ила», дея жавоб берганлар.
Илм, агар Аллоҳ учун холис ўрганилса, эгасини жаннатга олиб бориши ҳақида ҳикматлардан баҳраманд бўлдик. Илм эгаларининг оқибатлари хайрли бўлиши ҳам табиийдир.
Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради», дедилар. Илмга даъват қилиш учун бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр бўлиш керак. Илм талаб қилиш эса, ҳадисда айтилишича, жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади. Шунинг учун илоҳий таълимотда келган илмдан мурод барча фойдали илмлар бўлиб, бундай илм эгаларига қилинган ваъдаларга имон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади.
Хулоса қилиш мумкинки, инсон қай маконда, қай манзилда, қай сохада бўлмасин, илм ўрганиши, китоб мутолаа қилиши, агар вақти етмаса аҳли илмларга аралашиб юриши, ваъз-насиҳатларга амал қилиб бориши керак
2. Талабанинг муаллимига нисбатан одоблари қуйидагилардан иборат:
Муаллимга тавозели бўлиш.
Агар муаллим талабадан кичик ёшда бўлса ҳам, унга алоҳида эҳтиром кўрсатилади.
Олимни эҳтиром ва иззат-икром қилиш, қадрини билиш. Унга улуғлаш назари билан қараш.
Муаллим кэлганда ўрнидан туриб ҳурмат ила кутиб олиш.
Муаллимнинг дарсида одобли бўлиш, жим ўтириб тинглаш ва одоб билан савол бериш.
Дарсдан чиқиб кетмаслик.
Ўта зарур ҳолатлардагина, шунда ҳам устоздан изн сўраб чиқилади.
Толиби илмнинг шогирд тушишга изн сўраши, муаллимдан илм олиши ва унинг итоатида бўлиши талаб этилади.
Муаллимнинг ҳақларини мукаммал тарзда адо қилиш.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу муаллимнинг мутаъаллимдаги ҳақлари тўғрисида қуйидагиларни айтганлар: “Қавмга умумий салом бериб, унга алоҳида беришинг. Унинг қаршисида ўтиришинг. Ҳузурида қўлларинг ила ишора қилмаслигинг. Кўзингни ундан бошқага тикмаслигинг. Унинг гапига хилоф гап айтмаслигинг. Унинг олдида бировни ғийбат қилмаслигинг. Унинг қоқилишини истамаслигинг. Аллоҳ таоло учун уни улуғлашинг. Унинг ҳожати бўлса, бошқалардан кўра олдин хизматига интилишинг. Унинг мажлисида бирор киши билан сирлашмаслигинг. Унинг кийимини ушламаслигинг. Унга малол келтирмаслигинг. Суҳбатининг чўзилиб кетганидан безимаслигинг. У худди хурмо кабидир, ундан тушадиган нарсани пойлаб тур.
Илм қанчалик талаб қилинса, шунча банданинг савоби зиёда бўлиб бораверади. Демак хулоса қилиш мумкинки, инсон қай маконда, қай манзилда, қай сохада қай ҳолатда бўлмасин, илм ўрганиши, китоб мутолаа қилиши, агар вақти етмаса аҳли илмларга аралашиб юриши, ваъз насиҳатларга амал қилиб бориши керак.
Ниёзалиев Асадуллоҳ
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси 101-гуруҳ талабаси






