Конституция
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихи ҳақида сўз юритишдан олдин “Конституция нима?” деган саволга жавоб бериш мақсадга мувофиқдир.
Конституция (лотинча “Constitution”– тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.
“Конституция” атамаси қадимги Римдаёқ маълум бўлган (император Конституцияси деб аталган қонун). Амир Темур “Тузуклар”и Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. У шариат қонунлари билан бир қаторда Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.
Асосий Қонунимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни чоғда шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси эканига комил ишонч ҳосил қиламиз.
Авваламбор, конституциявий “бино”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган. Бугунги Ўзбекистон қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрли орзусини мужассам этган.
Қолаверса, манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, Асосий Қонунимиз Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб яратилган.
Шу ўринда суверен Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини тайёрлаш, муҳокама этиш, қабул қилиш ва унинг амал қилиши йўлидаги илк ҳуқуқий қадамини бу борадаги энг муҳим тарихий воқеалар сифатида санаб ўтиш лозим. Зотан, Конституцияни яратиш тарихи – бу мустақиллик учун курашнинг узвий таркибий қисмидир.
Конституцияни яратиш йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир.
Бу ҳақда гап борганда, авваламбор, 1989 йилнинг 21 октябр куни қизғин баҳс ва тортишувлардан сўнг сиёсий-маънавий ҳаётимиздаги унутилмас ҳодиса амалга оширилгани – миллий қадриятларимизнинг асосий устунларидан бири бўлган она тилимизга давлат тили мақоми берилгани истиқлол тарихининг энг ёрқин саҳифаларидан бирини ташкил этишини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
“Ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди, деб жуда тўғри айтишади”.
“Ҳар қайси миллат, катта ё кичиклигидан қатъий назар, ўз она тилини ҳурмат қилади”.
Биринчи Президентимизнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласида қандай қизғин, баъзида кескин ва муросасиз баҳслар бўлиб ўтгани алоҳида эслаб ўтилгани бежиз эмас.
Ўшандай қалтис ва мураккаб вазиятда, Ислом Каримов ҳақли равишда қайд этганидек: “оғир-вазминлик билан иш тутиб, ҳар томонлама ўйлаб, мулоҳаза қилиб, барча сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг талабларини қондирадиган, энг муҳими, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни топишга эришдик”.
Шундай қилиб даставвал, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунда мустаҳкамланган муҳим ҳуқуқий қоидалар эндиликда Асосий Қонунимизнинг 4-моддасида қуйидагича муҳрлаб қўйилди: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Ниёзалиев Асадуллоҳ






