SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Қуръони каримнинг бизгача етиб келиши тарихи
13.06.2022 / Bo‘limda Maqolalar, Qurʼon ilmlari

Қуръони каримнинг бизгача етиб келиши тарихи

Буйруқ майлидаги «Иқроъ»–«Ўқи!», «Қироат қил!» маъносидаги сўз билан бошланган бу илоҳий дастурнинг номи «ўқимоқ», «қироат қилмоқ» маъносини англатувчи масдар–«Қуръон» бўлиб қолди.

Луғат илми мутахассислари «Қуръон» лафзининг «ўқимоқ», «қироат қилмоқ»дан бошқа, «жамлаш» маъноси ҳам борлигини таъкидлайдилар. Бунда Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларнинг маъно, ҳикмат ва аҳкомларини ўзида жамлаганига ишорат бордир. Мана, ўн беш асрдан буён кўпчилик «Қуръон» лафзининг луғавий маъносини билмаса ҳам, уни мусулмонларнинг муқаддас китоби эканини тан олиб келишмоқда.

«Улумул Қуръон» илми соҳиблари Қуръони каримни қуйидагича таърифлайдилар:

«Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, тавотур ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган ожиз қолдирувчи каломидир».[1]

«Тавотур ила нақл қилинган» дегани, каломни ёлғонга чиқариб бўлмайдиган даражада кўп сонли кишилар томонидан нақл қилинишига айтилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли одамлар бўлиб, бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган, кўпликлари жиҳатидан ёлғонга келишиб олиш имконлари ҳам йўқ бўлади.[2] Қуръони каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача айнан ана шу тариқада нақл қилинган. Қуръони каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг ишончли соҳиби бўлмиш Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нақл қилганлар. Ушбу нақл қандоқ кечишини, яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим оятлари Жаброил алайҳиссалом томонларидан қандоқ етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари билан кўриб, қулоқлари билан эшитиб турганлар. Бунинг устига ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам менга мирзаларни чақиринглар, деганлар ва ваҳийни ёзувчи саҳобалар келганларидан сўнг Жаброил алайҳиссаломдан ояти карималарни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, шундоқ қилиб ўқиб берганлар. Мирзалик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзганлар, бошқа саҳобалар эса, ана шундоқ эҳтимом ила ёд олганлар.

Қуръони каримнинг ҳар бир оятини, ҳар бир калимаси ва ҳарфини мисли кўрилмаган эътибор ила қабул қилиб олиниши, ёдланиши ва ёзилиши ҳамда амал қилинишига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар. Аллоҳ таоло эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримнинг ўзида Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига диққат билан қулоқ солишни амр этган. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар шогирдларига юқорида зикр қилинган муомалани қилганлар. Шу тарзда ҳозиргача Қуръони карим сон-саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб келинмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримни Ўзининг энг афзал ва энг сўнгги Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг асосий мўъжизаси қилди. Аввал ўтган Пайғамбарларнинг мўъжизалари моддий мўъжизалар бўлиб, ҳар бир Пайғамбарнинг бу дунёда туришига боғлиқ қилинган эди. Ўша Пайғамбар алайҳиссаломлар бу дунёдан ўтишлари билан, у зотларга берилган мўъжиза ҳам ўз кучини йўқотар эди. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча Пайғамбарларнинг шариатлари вақтинчалик эди. Шунинг учун уларнинг мўъжизалари ҳам вақтинчалик бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёматгача боқий бўлганидан, у зотнинг асосий мўъжизалари ҳам қиёматгача боқий қоладиган, у зотнинг ҳаётларига боғлиқ бўлмаган маънавий мўъжиза – Қуръони карим қилинди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг самовийлигини, муқаддаслигини, бузулмаслигини, мўъжизалигини ўз ҳузурида етти осмоннинг устида собит қилиб қўйди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримни қиёматгача ўзгаришсиз муҳофаза қилишига ваъда қилган:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

        Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз.[3]

Аммо, шу билан бирга, уни ерга нозил қилиб, ер юзида яшайдиган бандаларига омонат шаклида топшириб ҳам қўйди. Аллоҳ таоло мусулмон умматига ўзининг охирги ва қиёматгача турадиган китоби бўлмиш Қуръони каримни бериш билан бирга, уни ўқиш-ўрганиш ва сақлашни ҳам топширди. Ана шу муҳофазага мусулмон умматини ҳизматчи қилиб қўйганлиги мусулмонлар учун катта шарафдир.

         Қуръони каримни бандаларга, сўнгра кейинга авлодларга етказилиши бир неча босқичда бўлди. Аввало, Пайғамбар алайҳиссалом Қуръони каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса, ўшандоқ ҳолида Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. Набий алайҳиссалом Қуръони каримни эшитиб ўрганиш билан бирга У кишига ҳам ўқиб берар эдилар. У зот ҳар йили Рамазон ойида бир марта Қуръони каримни Жаброил алайхиссаломга бошидан охиригача ўқиб берар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари вафот этадиган йиллари Қуръони Каримни бошдан охиригача икки марта ўқиб берганлар.[4]

         Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида бошқа нарсалар қатори  Қуръони каримга тегишли масъулият ҳам, асосан У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига тушар эди. Ислом уммати бошқа масъулиятлар қатори, Қуръони каримни муҳофаза қилиш масъулиятини ҳам ўзининг ҳабиб пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг ҳис эта бошлади. Бундай пайтларда бутун бошли уммат ўз етакчилари бошчилигида сафарбарликка отланадиган бўлди. Энг қувончлиси,  Қуръони карим атрофида пайдо бўлган масалани ҳал қилишда бирор ишни амалга оширишни таклиф қилган ҳам, ўша ишни рад қилган ҳам, икки ўт орасида қўйган ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг китобини муҳофаза қилишни ўйлар эди.

Аста секин саҳобаи киромларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошладилар. Улар бошқа саҳобаи киромларга Қуръони каримни қироатидан дарс ҳам берадиган бўлдилар. Қироатда устоз бўлган саҳобаи киромлардан Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Дардо, Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумларни мисол тариқасида зикр қилишимиз мумкин. Бу катта саҳобийлар кичикларига ва кейинроқ исломга кирганларга қироатни ўргатар эдилар. Мисол учун Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб ва бошқа саҳобаи киромларга қироатдан устоз бўлганлар. Ўз навбатида саҳобаи киромлардан кейинги авлод тобеъинлар ҳам Қуръони каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса, ўшандоқ ҳолида қабул қилиб олдилар. Аста секин тобеъинларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошладилар. Улар бошқаларга Қуръони карим қироатидан дарс берадиган бўлдилар.

Тобеъинларни вақтига келиб ислом кўп ерларга тарқалган, мусулмонларнинг сони кўпайган ва ҳар бир ўлка ўз қориларига эҳтиёж сезиб қолган эди. Шунинг учун ҳам тобеъинлрдан қироатга моҳир ва устоз бўлганлар ҳақида маълумот олмоқчи бўлсак, уларни турли ўлкаларга бўлиб зикр қилинганини кўрамиз.Мисол учун Мадинада тобеъинлардан Қуръони карим қироати ва устозлиги билан машҳур бўлганлари қуйидагилардир:

         Ибн Масаййиб, Урва, Солим, Умар ибн Абдулазиз, Суламон ибн Ясор, Ато ибн Ясор, Муоз ибн Ҳорис, Абдурраҳмон ибн Хурмуз, Ибн Шиҳоб, Зуҳрий, Муслим ибн Жудуб, Зайд ибн Аслам ва бошқалар эди.

Маккада Қуръони карим қироати ва устозлиги билан машҳур бўлганлари: Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Икрима, Ибн абу Малика ва бошқалар.

Куфада машҳур бўлганлари: Алқама, Ал-Асвад, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шурҳабийл, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдурраҳмон Силмий, Саъид ибн Жубайр, Иброҳим наҳаъий, Шаъбий ва бошқалар.

Басрада машҳур бўлганлари: Абу Олия, Абу Рожа, Наср ибн Осим, Яҳё ибн Яъмур, Ҳасан, Ибн Сийрийн, Қатода ва бошқалар[5].

         Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг бошланиб кетган ридда уруши[6]да Қуръони карим ҳофизлари бўлмиш саҳобаларнинг кўплаб шаҳид бўлишлари Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга  Қуръони каримнинг муҳофазаси учун хатар бўлиб кўринди. У киши, агар қорилар шу шаклда қирилиб кетаверсалар  Қуръони каримга зарар етади, деган фикрга бориб, халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга  Қуръони каримни бир китоб шаклида тўплаб қўйишни таклиф қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўлсалар бу ишни  Қуръони каримнинг зарарига бўлади, деб ўйладилар. У киши, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандоқ қиламан, деб туриб олдилар. Ушбу масала бўйича қолган саҳобаи киромлар ҳам иккига бўлиндилар. Кераклича баҳс ва тортишувлар ниҳоясида ҳамма бир фикрга келиб, Қуръони карим муҳофазаси учун уни бир китоб шаклида тўплаб қўйиш керак, деган фикрга келдилар. Биргаликда бу улкан ишни қандоқ амалга ошириш режаси, шартлари, қоидалари ва кимлар раҳбарлик қилишига келишилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёзиб бўлинган бўлса ҳам тарқоқ ҳолда турган  Қуръони карим ёзувларини тўплаб, оят ва сураларни тартибга солиб ёзиб чиқилди. Ўша ёзувларни  ичига олган саҳифаларни тўплаб, белини боғлаб, мусҳаф, деб номлаб, халифанинг қароргоҳига қўйиб қўйдилар.[7] Шу билан Қуръони карим муҳофазаси учун Ислом уммати амалга оширган муҳим бир иш охирига етди. Ўша иш ҳозиргача ўз самарасини бермоқда.

          Мазкур,  Қуръони каримни жамлаш ишини баъзи бир кишилар зулм ва бўҳтон тариқасида, Қуръонни таҳрир қилиш, деб атайдилар. Таҳрир дейилганда, ёзилган асарни қайта кўриб чиқиб, баъзи сўз ва жумлаларни алмаштириш, баъзиларини олиб ташлаш, баъзиларини янгидан қўшиш, хатоларни тўғрилаш каби ишлар, тушунилади.

Аслида эса, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз даврларида ёзилиб, турли кишилар қўлида тарқоқ ҳолда турган оятларни бир жойга тўплаганлар, халос. Улар ҳар бир ёзувни масжидга, жамловчи гуруҳ ҳузурига келтирган шахс ўша нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳ ҳам келтиришни шарт қилиб қўйганлар.[8] Шундоқ қилиб,  Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфининг ёзилиши ҳам Аллоҳ таоло ирода қилгандек бўлишини таъминлаганлар. Бўлмаса, бошқа кўплаб саҳобалар у ёқда турсин, Зайд Ибн Собит ва Умар Ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ўхшаш жамлаш гуруҳи аъзоларининг ўзлариёқ Қуръони каримни сувдек ёд билар эдилар. Лекин уларнинг вазифаси нима қилиб бўлса ҳам Қуръони каримни ёзиш эмас, Қуръони каримни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида ёзилганини ишончли ҳужжат-далил асосида жамлаш эди. Бу эҳтиёт чораси учун қилинган иш эди. Ёзилган саҳифалар белидан боғланиб, халифанинг қароргоҳига қўйилди, халос. Уларни ҳеч ким ўқимади ҳам, кайтадан ёзмади ҳам ёки бошқа бирор иш қилинмади ҳам.
Давоми бор…

Фатҳуллоҳ Ғуломов Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти талабаси


[1] Манноъ ал Қаттон. Мабоҳис фи улумил Қуръан. –Бейрут: Дарул-Фикр.1980.–Б. 9.

[2]Доктор Махмуд Тоххон. Тайсиру Мусталаҳул ҳадис. –Т.:Мовороуннаҳр.–Б.18.

[3] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржимаси ва тафсири. Тошкент Ислом Университети  нашриёт-матбаа бирлашмаси. Тошкент, 2004. –Б. 2.; Қуръони Каримнинг маъноларини беришда асосан ушбу таржимадан ва баъзи ўринларда қиёслаш мақсадида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Аловуддин Мансурларнинг таржималаридан фойдаланилди.

[4] Муҳаммад Фуад Абдулбоқий. Ал-Муъжам ал Мифеҳрис ли алфозил Қуръонил карим. Қоҳира, Дорул кутубил мисрийя, 1945. – Б. 186.

[5]Аҳмад ибн Юсуф ал-Ҳалабий. Умдатул ҳуффоз фи тафсири ашрафил алфоз, Дорул кутубил ватанийя, Банғозий.1981.

[6]Закотни фарз билмай исломдан чиққанларга қарши жанг. Ҳижрий 11-й. Муҳаммад ибн Мукаррам ибн Манзур. Лисанул-ароб Маккаи Мукаррама.: Нади Маққатус-Сақафил-Адаби, 2001—Б.284.

[7]Манноъ Халил ал-Қаттон. Мабоҳис фи улумил-Қуръон. Бейрут. Дарул-Фикр.1980.–Б.125.

[8] Муҳаммад Али Ал-Ҳасан. Ал-манор фи улумил-Қуръон. Уммон.Дорул-Арқам.2001.—Б.97.

What you can read next

Islom - insoniy qadriyatlar va mehr-muhabbat dini
Islom – insoniy qadriyatlar va mehr-muhabbat dini
“Фиқҳий масалалардаги ихтилофлар ва уларнинг ечими”
“Фиқҳий масалалардаги ихтилофлар ва уларнинг ечими”
Ulamolar Abu Hanifa(r.a.) haqida
Ulamolar Abu Hanifa(r.a.) haqida

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP