Албоний баъзи мушаббиҳаларни қўллаб-қувватлаб, Аллоҳ таоло ҳақида : “У Зот кўринади лекин бир тарафда эмас,” деб айтган кишининг ақлини қайта кўриб чиқиш керак”, деган гапларини нақл қилади ва у шу ҳақда : “Агарда тарафдан йўқлик иши ирода қилинаётган бўлса, ваҳоланки Аллоҳ оламнинг юқорисида экан, демак у ерда фақат ва фақат ёлғиз Аллоҳ бор”, деб айтади.
Раддия: Имом Абу Жаъфар Таҳовий ўзларининг “Ақидату Таҳовийя” асарларида (Аллоҳ таолони бошқа махлуқотлар каби олти жиҳат ўраб олмайди) яъни Аллоҳ таоло жиҳатда бўлишдан пок Зотдир, чунки бундай дейиш Аллоҳ таолога макон, чегара ва уларнинг келтириб чиқарадиган нарсалар ҳаракат ва сукун ва махлуқотларнинг сифатларига ўхшаш сифатларни нисбат бериш бўлади. Албоний эса ўзининг аввалги гапи билан Аҳли сунна валжамоани ақлсизликда айблаб, туҳмат қилди ва ўзига уларнинг манҳажидан чиқганини ҳукмини берди. Ваҳоланки Росулуллоҳ сав : “….. Ўзингизга жамоатни лозим тутинг. Ундан ажралишдан эҳтиёт бўлинг. Чунки шайтон ёлғиз киши билан бирга бўлур. У икки кишидан олисроқ бўлур. Ким Жаннатнинг ўртасини истаса, бас жамоатни лозим тутсин” дедилар.” (Имом Термизий ривоят қилган) Ва яна бошқа бир ҳадисда: «Уч нарсага кўра мўмин кишининг қалби ғиллу ғашга боғланмайди: Аллоҳ таоло учун амалда ихлос қилса, иш эгаларига самимий муносабат қилса, жамоатни (аҳли сунна валжамоа тутган йўли ва эътиқоди) лозим тутса, чунки уларнинг дуолари уларнинг ортида турувчиларни ҳам ўраб олади.» (Имом Абу Довуд ва Ибну Ҳиббон ривоят қилишган саҳиҳ ҳадис). Албоний Имом Таҳовийнинг, Аҳли сунна валжамоанинг барча уламоларининг гапига парво қилмай ҳамда уммат ижмоъси уни рад қилишига қарамасдан «Аллоҳ таоло Ўз зоти билан аршнинг устида» деб ўзининг жаҳолати билан мағрурланмоқда.
Рустам Охунжонов таржимаси
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси Матбуот котиби






