Исломдаги ақидавий йўналишлар сони тарихий манбаларда турлича берилган. Улардан энг асосий ва машҳурлари: суннийлик, шиа, мўътазила, қадария, муржия, жабария ва хорижия кабилардир.
Исломдаги йўналишлар деганда муайян эътиқодий масалалар асосида бирлашган мусулмонлар тушинилади. Юқорида номлари зикр қилинган тоифа , фирқаларни исломдан, илмдан насибаси бор ҳар бир оқил жуда яхши танийди. Шундай бўлсада биз бугун улардан бири ҳақида озгина тўхталиб ўтмоқчимиз. Биз тўхталмоқчи бўлган фирқа “Муржия” фирқасидир.
“Муржия” калимаси “иржо” сўзидан келиб чиққан бўлиб икки хил маънони англатади
1-кечиктириш, орқага суриш.
2-бирор нарсага умид қилиш.
Уламоларнинг айтишларича муржияларга иржо калимасининг биринчи маъноси кўпроқ мос келади. Чунки улар қалбда иймон бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақиқий Аллоҳнинг элчиси деб ишониш кифоя килади дейдилар ва ислом дини буюрган барча (фарз, вожиб, суннат) амалларини кечиктирадилар, балки умуман қилмай ҳам қўя қоладилар. Энди “иржо” калимасини иккинчи маъносига келадиган бўлсак, муржияларга у ҳам айнан мос келаётганига гувоҳ бўламиз. Улар: “Кофирларга тоат ибодат фойда бермаганидек, иймонли одамга гуноҳлар ҳам зарар етказа олмайди”-деб эътиқод қилиб яна шу ҳолатларида жаннатдан умидвор бўладилар. Уларнинг яна бир бузуқ эътиқоди шундан иборат-ки, ҳеч қандай амалга эҳтиёж йўқ, фақат қалбнинг тасдиғи кифоя этади (яъни кўнглинг тоза бўлса бўлди) деб ҳом ҳаёл қиладилар. Ваҳоланки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Зеро, Намоз мўминларга (вақти) тайин этилган ва фарз (деб) битилгандир” (Нисо сураси 103-оят).
Агар Қуръонда намозни фарз қилингани таъкидланса, биламизки, Аллоҳ айтгандек, намоз кофирларга эмас, балки мўминларга фарз бўлади.Чунки у иймон қонунларидандир. Шунга биноан муржияларни биз исломдан насибаси йўқ деб айта оламиз. Бу сўзимизга Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни ҳужжат қилиб келтирамиз: “Набий соллоллоҳу алйҳи васаллам: “Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам исломдан насибаси йўқ : муржия ва қадария”,-дедилар”(Термизий ривояти). Бундан ташқари қуйидаги ҳадисни ҳам ҳужжат қилиб келтиришимиз мимкин. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллaллоҳу алaйҳи васаллам: “Умматларимдан икки тоифаси борки, улар шафоатимга эришмайдилар. Улар: муржиялар ва қадарийлардир”, – дедилар”.
Юқоридаги оят, ҳадислардан ҳулоса қиламизки муржия тоифаси ҳақдан адашган, исломдан насибаси йўқ, Росулуллоҳ соллaллоҳу алайҳи васалламни шафоатларидан бебахра, бахтсиз кимсалардир. Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу таолодан бизни адаштириб қўймаслигини сўраб ва бизга ислом, иймон ва унга амал қилишдек бахтни бергани учун ўзига дуолар қиламиз ва беадад ҳамдлар айтамиз. Шу билан бирга ҳозирги кунимизда ҳам “Мусулмонман”,- деб амал (фарз, вожиб, суннат)ларни кечиктириб, “ Қалбинг тоза бўлса бўлди” ,- деб дийнига амал қилмай юрган ака-ука, опа-сингилларимизни шошилиб қолишларини эслатиб қўймоқчимиз. (Ислом ва ақидапараст оқимлар китобидан ва интернет маълумотларидан фойдаланилди).
“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти
1- курс талабаси Анвар Аъзам





