“Жиҳод” тушунчасини нотўғри тушунишлари оқибатида кўплаб ёшларимизнинг ҳаётлари барбод бўлаётгани бугунги кунимиздаги энг ташвишли ҳолатдир. Нотўғри тушуниш, нотўғри талқиннинг асосий сабаби, бу илмсизлик, китобдан йироқлашишдир.
Илмсизлик натижасида инсон миясида маънавий бўшлиқ пайдо бўлади. Диннинг туб моҳиятини англаб етмаган аксари илмсиз ёшларимиз диний экстеримистик оқимлар таъсирига тушиб, ўз юртларини ташлаб хорижга чиқиб кетишмоқда. Улар бу ҳаракатларини жиҳод деб билишади. “Жиҳод”нинг асл мазмун-моҳияти эса қуйидагича; «Жиҳод» сўзи арабча «Жаҳд» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «ҳаракат» маъносини англатади. Жиҳодчилар, айнан шу маънода «ҳаракат қилаётганлар» деб таржима қилинади. Ушбу илдиздан олинган бошқа сўзлар «ҳаракат», «меҳнат» ва «чарчоқ»ни ўз ичига олади.
Жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди, бунинг учун араб тилида «қитол» сўзи ишлатилади. Жиҳод сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган. Исломда жиҳод маъноси аввало уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Инсон ҳавойи нафсининг кўйига кирмаслик, уни енгиб, шариатга мувофиқ яшаши учун жон жаҳди ила қилган ҳаракати, ҳақ сўзни жойини топиб айтмоқлиги жиҳодга киради. Фарзанднинг ота-онаси хизматида бўлиши ҳам жиҳоддир.
Йилда саккиз ой ёмонликка, душман кучларига қарши ёки динни куч ёрдамида ёйиш учун курашиш муқаддас иш деб баҳоланади. Қолган тўрт ой эса қон тўкиш тақиқланган, ҳаром қилинган ойлар ҳисобланади
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий “Исломда жиҳод тушунчаси, уни қандай тушунамиз ва у билан қандай муомалада бўламиз” асарида қуйидагиларни таъкидлаган: “Бирор юртга жиҳод қилиш, даъват қилиш ёки улар билан сулҳ тузишни мусулмонларнинг имоми белгилаб беради. Мусулмонларнинг бошлиқлари халифа, имом, подшоҳ, президент каби турли номлар билан аталиши мумкин. Уларнинг рухсатларисиз, ўзбошимчалик билан бу ишларни амалга ошириб бўлмайди”.
Шу нуқтаи назардан, уламолар жиҳод фақат мусулмонларнинг қонуний ҳукмдорлари томонидангина умматнинг хавфсизлиги, мол-мулки ва эътиқодини ҳимоя қилиш йўлида эълон қилиниши мумкин экани таъкидланади.
Аксинча, Исломда ҳақли равишда ҳукмдорлик қилаётган мусулмон раҳбарлар қўли остида халқ тинч яшаб келаётган вақтда исён кўтариб фитна чиқарганлар тоифаси “боғийлар” деб аталади. Одамларни ўлдириш, портлатиш, ўғирлаб кетиш, ўз давлатига қарши чиқиш каби қабиҳ ишлар орқали фитна чиқариш, халқнинг хавфсизлиги ва хотиржамлигини бузиб, таҳликага солиш, бегуноҳ одамларни ўлдириш, мулкига эга чиқиш, аёлларини эса ўзларига ҳалол деб эълон қилиш Қуръони каримда катта гуноҳ ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар қатъий ман этилган: «Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (Анфол сураси, 25-оят). Юқорида айтилганлардан кўриниб турибдики, жиҳод, бу уруш қилиш учун, инсонларнинг ҳаётига золим бўлиш учун эмас, ўзга юртларга бориб зўравонликлар уюштириш эмас, балки Аллоҳнинг дини бўлган Исломни ёйиш, уни ҳимоя қилишдир. Ёшларимиз жиҳоднинг асл мазмун- моҳиятини тушунишлари лозим. Жиҳод, бу энг аввало мусулмон кишининг ўзига, ўз ҳавойи нафсига нисбатан бўлган маънавий курашидир.
Халилуллоҳ Эрқулов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






