Мушорака араб тилидан олинган бўлиб, “шерикчилик қилиш” маъносини билдиради. Бизнес ва савдо талқинида эса барча шериклар олинган фойда ва зарарни баҳам кўрувчи шерикчилик тижоратини англатади. Бу ишлаб чиқариш ва тақсимотга кенг таъсир ўтказувчи фоизга асосланган молиялаштиришнинг энг афзал муқобли саналади. Замонавий капиталистик иқтисодиётда фоиз кенг миқёсда ҳар қандай молиялаштириш тури учун ишлатувчи молиявий инструмент ҳисобланса, ислом дини рибони тақиқлагани учун ушбу инструментни ҳар қандай сармоя учун ишлатиб бўлмайди. Шу сабабдан ислом тамойиллари асосида яратилган иқтисодиётда мушорака муҳим аҳамият касб этади.
Фоиз қарздорнинг фойда ёки зарар кўришидан қатъий назар қарз берувчининг кредити учун олдиндан қатъий белгиланган фоиз кўрсаткичига мувофиқ тўланади. Мушоракада эса фойда олдиндан қатъий белгиланмайди, балки у шерикчилик тижорати томонидан эришилган фойдага асосланади. Фоиз асосида берилган кредитда молиявий муассаса зарар кўрмайди, аммо мушоракада шерикчилик тижорати фойдага эришмаса, молиявий муассаса зарар кўриши мумкин. Ислом дини фоизни молиялаштиришни адолатсиз инструменти сифатида кўради, сабаб бунда ё қарз олувчига, ё қарз берувчига нисбатан адолатсизлик бўлади. Агар қарздор зарар кўрса, қарз берувчининг белгиланган қарздан фоиз талаб қилиши қарздорга нисбатан адолатсизлик бўлади. Ёки ката миқдорда фойда кўрилганда қарздорнинг фойданинг кўп қисмини ўзида сақлаб, оз қисмини, яъни белгиланган фоиз қисмини қарз берувчига берилишида адолатсизлик юзага келади. Банклар замонавий иқтисодий тизимда саноатчилар ва тижоратчиларни кредит шаклида маблағ билан таъминловчи ҳисобланади. Мисол учун, агар саноатчилар юқори даромадли лойиҳани молиялаштириш учун 10 миллион АҚШ долларини ўзларидан қўйсалар, 90 миллион АҚШ долларини банкдан кредит шаклида олсалар, лойиҳанинг тўқсон фоизи банкларга қўйган омонатчилар ҳисобидан амалга ошган бўлади. Агар ушбу лойиҳа ката мқдорда фойда кўрадиган бўлса, омонатчилар банк орқали фойданинг бор йўғи саккиз ёки тўққиз фоизига эга бўладилар, қолгани эса қўшган ҳиссаси ўн фоизни ташкил қилувчи саноатчилар ҳисобига ўтади. Ҳатто саккиз ё тўққиз фоизлик улушнинг ҳам маълум бир қисми саноатчилар томонидан маҳсулот учун кетган ҳаражат сифатида олиб қўйилиши мумкин. Якуний натижа киритилган сармоянинг ўн фоизига эгалик қилувчи томон фойданинг деярли ҳаммасини, тўқсон фоизига эга томон эса бор йўғи ўзгармас камгина миқдорини олиш билан тугайди. Агар лойиҳа муваффақиятсизликка учраса, саноатчиларнинг йўқотиши ўн фоиздан ошмайди. Аммо зарарнинг тўқсон фоизи банкнинг ёки гоҳида омонатчиларнинг зиммасига тушади. Хулоса қилинадиган бўлса, фойданинг муқобилида зарар жуда ҳам кам миқдорда ёки аксини кўришимиз мумкин, яъни зарарнинг муқобилида фойда кўринмайдиган даражада.
Шу йўл орқали фоизга қарз бериш бойларнинг манфаатига кўмаклашиб, қашшоқ қатлам зарарига ишловчи тақсимот тизимидаги номутаносибликнинг пайдо бўлишига олиб келади. Ислом дини юқоридаги ҳолатлардан фарқли ўлароқ, молиявий муассаса олдига аниқ мақсад қўйишни талаб қилади ва унга кўра молиявий муассаса қарз бериш орқали қарздорга ёрдам беришни ёки у билан кўрилган фойдадан улушга эга бўлишни мақсад қилиши лозим. Агар у қарздорга ёрдам беришни ният қилган бўлса, берилган қарздан ортиқча маблағ ундирмаслиги керак бўлади. Агар у фойдадан улуш олиш истагида бўлса, унда у кўрилиши мумкин бўлган зарарга ҳам шерик бўлиши керак. Юқоридаги мулоҳазалардан ислм дини нима учун фоизли молиялаштириш ўрнига мушорака тижоратини таклиф қилишини тушиниб оламз. Ислом дини мушоракани амалга ошириш учун хос бир тартиб- қоидани шарт қилмаган, балки бир неча хил тартиб-қоидалардан иборат кенг тамойилларни ўрнатган. Агар ўтмишда мушоракага оид бирон масала кўрилмаган бўлса, ўшанга оид янги тартиб-қоидаларни инкор этиш керак дегани эмас. Қуръон, Суннат ва ижмога зид бўлмаган ҳар қандай янги тартиб-қоида шариатда қабул қилиниши мумкин. Мушорака тижорати фақат эски анъанавий кўринишда бўлиши шарт эмас, янги кўринишда ишлатса ҳам бўлади.
Камолиддин Мирзаев






