Хориждаги ватандошларимиз билан доимий мулоқот ўрнатиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини қўллабқувватлаш, шунингдек, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бундан кўзланган асосий мақсад чет элда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг қалби ва шуурида юртимиз билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, у ерда туғилиб ўсаётган фарзандлар орасида урф-одатларимиз ва она тилимизни кенг ёйиш кабилардан иборат.
Ватандошларимиздан бири — Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали битирувчиси Нодир Назаров АҚШнинг Google Cloud Security компаниясида дастурчи-муҳандис бўлиб ишламоқда. Ҳамюртимиз мулоқот чоғида хориждаги фаолияти, таълим сифати ва бошқа масалалар ҳақида сўзлаб берди. Ҳар бир инсон ҳаётида нимаики ютуққа эришган бўлса, аввало, унга мактабда олган билими пойдевор бўлади. Менинг Google компаниясигача етиб боришимда ўқиган жойларимнинг аҳамияти катта бўлган, — дейди дастурчи. — Дастлаб Шаҳрисабз шаҳридаги мактабда, кейин мактаб-интернатда ўқидим. Мактаб давридан инглиз тили ва математика фанларини яхши ўзлаштирганим нафақат олий ўқув юртига киришим, шунингдек, ундан кейинги муваффақиятларим учун ҳам замин бўлди. Ўша пайтлари Нодир Назаров Тошкентда ўқиш ҳақида ўйлаган, бироқ молиявий қийинчилик туфайли бунинг имкони бўлмаган. Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали очилгач, биринчилар қатори ўқишга кирди. Талабаликнинг дастлабки йиллари қизиқарли кечган. Энди дастурлаш асосларини ўрганаётганида дастурларни қоғозга, доскага ёзарди. Айнан шу жараёнда устози код ёзиш учун тўғри фикрлаш ва таҳлил қилишни ўргатган. ACM халқаро дастурлаш мусобақаларига тайёрланиб, олимпиадаларда иштирок этди. Ана ўша билими кейинчалик АҚШнинг Кремний водийсига бориши учун жуда асқатди. — Инсон мақсади сари астойдил ҳаракат қилса, албатта, эришади, — дейди у. — Мактабда ўқиётган чоғимдаёқ чет элда ўқиш орзум бор эди. 2010 йили Жанубий Кореядаги Йоннам университетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим. У ерда компьютер тармоқлари хавфсизлиги бўйича ўқиб, илмий тадқиқот олиб бордим. Бу университетнинг менга маъқул жиҳати амалиёт билан шуғулланиш учун жуда катта имконият яратиб берилганида бўлди. Чунки дарслар магистратура дастурининг бир қисми, холос. Асосий қисм эса илмий тадқиқотлар эди. Бир кунда 2-3 та дарс бўлар, қолган вақтимиз эса илмий тадқиқот лабораторияларида ўтарди. Нодир Назаров ўқиш давомида бир неча лойиҳа устида ишлаб, илмий конференцияларда қатнашди, илмий мақолалар ёзди. 2012 йили магистратурани тугатгач, Жанубий Корея ва Туркияда PhD грантини ютиб олди. Лекин ёшликдаги дастурчи бўлиш орзуси устун келди. Шу боис, АҚШга, дастурчиларни тайёрловчи университетга йўл олди. Ўшанда кўпчилик таажжубланган. Чунки у текин, ҳатто стипендия берадиган PhD грантларини ташлаб, ўзи пул тўлаб ўқийдиган бошқа ихтисослик бўйича ўқишга кирди. Хуллас, 2012 йил октябрда АҚШнинг Айова штатидаги Маҳараши халқаро университетида магистратурада ўқий бошлади. Кампусдаги 9 ойлик таълимдан кейин ишлашга рухсат берувчи махсус визa (CPT) билан ишга кирди. Ўқишни онлайн курсларда давом эттирди. 2015 йили курсларни тугатиб, иккинчи магистрлик дипломини ҳам олди. — АҚШдаги илк ишимни 2013 йили Micros компаниясида бошладим. 2014 йил ишхонамизни Oracle компанияси сотиб олди ва 2018 йилгача шу ерда дастурчи сифатида фаолият юритдим. У ерда касса терминаллари учун дастурий таъминот ҳамда уни бошқарувчи вебилова устида ишладим, — дейди дастурчи юртдошимиз. — Карьерамда ўзгариш қилиш учун 2018 йил бошқа ишга ўтдим. Металлургия компаниясининг кичик IT бўлимига дастурчи бўлиб ишга кирдим. Ўн ойда олдингидан кўра кўпроқ иш ўрганиб, яхшироқ тажриба орттирдим. Кичикроқ жамоада ишлашнинг ўзига яраша гашти бўларкан. Аввалига IT маркази бўлмиш Кремний водийсига келиш жуда қийин туюларди. Чунки ишга киришдан олдинги суҳбатлар учун алгоритмга оид билимларни чуқур эгаллаш керак деб ўйлардим. Алгоритм бўйича қалин китоблар мени вақтида қўрқитиб қўйган эди. Лекин яқин дўстимнинг маслаҳати билан 2019 йили eBay компаниясига ишга киришга муваффақ бўлдим. У электрон тижорат корпорацияси бўлиб, йиллик даромади 10,27 миллиард долларни ташкил қилади (2020 йилги кўрсаткич). У ерда кунлик 2 миллиарддан ошиқ сўровга хизмат кўрсатувчи қидирув тизимида 2 йилга яқин ишладим. Таъкидлашим зарур, eBay компаниясидаги фаолиятим жуда қизиқарли ва самарали бўлди. Лекин бундан ҳам яхшироғини ким хоҳламайди ахир?! Истаймизми-йўқми, АҚШдаги ўзбекистонликлар катта-катта пул ўтказмаларини кутади. Қолаверса, хориждаги ватандошларимизнинг аксарияти уммон ортидаги улкан имкониятлар, узоқ муддатли, стратегик мақсадлардан кўра пулга кўпроқ қизиқади. Бироқ халқимиз топиб айтган мақолни эсдан чиқармаслик керак: “Ҳар жойни қилма орзу, ҳар жойда бор тошу тарози”. Қаерда бўлмасин, излаган имкон топади. 2020 йилнинг охирларида Google Cloud Security компаниясига ишга кириш учун ҳужжат топширдим. Суҳбатдан ўтиб, 2021 йилдан дастурчи-муҳандис сифатида иш бошладим. Асосий вазифам компанияда хавфсизлик инфраструктурасини инновацион ускуналар, тестлар орқали яхшилашдан иборат. Ҳозир IT соҳаси шиддат билан ривожланяпти. Айниқса, дастурлаш тизимига ҳар йили янги технологиялар кириб келмоқда. Ўзбекистонимизда бу соҳага эътибор ошаётганини, қарийб ҳамма ҳудудда IT парклар очилаётганини кўриб қувонаман. Шунга яраша йигит-қизларнинг ҳам ахборот технологияларини ўзлаштиришга интилиши катта. Шу боис, уларга доим ўзини ҳар жиҳатдан ривожлантириб боришни, асосийси, бир жойда тўхтаб қолмасликни тавсия қиламан. Чунки бугун дунё ёшларнинг кафтида, шундай экан, уни бошқаришни ўрганиш зарур. Юртимизда етишиб келаётган янги авлоднинг билими ва салоҳияти бунга етади, деб ишонаман…
Гулсум ШОДИЕВА, “Янги Ўзбекистон” мухбири
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН № 186 (708), 2022 йил 12 cентябрь






