Баъзан Қуръон карим оятларидаги калиманинг бир ҳарфи туширилганига гувоҳ бўламиз. Албатта бу маълум бир мақсад сабабли бўлади. Буни Балоғат илми баён қилиб беради.
Феълдан бир ҳарф туширилган бўлиши мумкин. Бунда ҳарфи камроқ бўлган феълда ҳарфи туширилмаганига нисбатан иш-ҳаракат озроқ эканлигига ёки замони қисқароқ эканлигига далолат қилиш мақсад бўлади. Мисол учун “Каҳф” сурасининг 97-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
فَمَا ٱسۡطَـٰعُوۤا۟ أَن یَظۡهَرُوهُ وَمَا ٱسۡتَطَـٰعُوا۟ لَهُۥ نَقۡبࣰا
“Бас, улар унинг устига чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар”
Оятда Яъжуж маъжужларнинг Зулқарнайн барпо қилган тўсиқни ошиб ўта олмасликлари ҳамда уни теша олмасликлари ҳақида сўз бориб, “қодир бўлмаслик” маъносидаги феъл (إستطاعة) икки услубда ишлатилди. Темир парчалари ва эритилган мисдан улкан қилиб қурилган деворни тешишдан кўра ошиб ўтиш иши осонроқ бўлгани учун
فَمَا ٱسۡطَـٰعُوۤا۟ أَن یَظۡهَرُوهُ
“Бас, уни устига чиқа олмадилар” деганда битта ҳарф “ت” ни тушириб اسطاعوا дейилди. Яъни, нисбатан енгилроқ ишга феълнинг лафзини ҳам енгиллатиб истеъмол қилинди. Давомида эса:
وَمَا ٱسۡتَطَـٰعُوا۟ لَهُۥ نَقۡبࣰا
“Уни тешиб ҳам ўта олмадилар”, деб استطاعوا тарзида ҳарф туширилмасдан келтирилди. Чунки қўшин ўтиши учун тўсиқни тешиш, уни ошиб ўтишдан машаққатли ҳисобланади. Шу сабабли қийинроқ бўлган ишга феълнинг лафзини енгиллатмасдан, ҳарфи туширилмасдан тўлиқ келтирилди.
Манбалар асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси С.Умаров тайёрлади.





