Мазҳабга эргашиш – китоб ва суннатга эргашиш эканлигини тушиниш учун тарихга бир назар қиламиз. Аввало, Пайғамбар алайҳис саломнинг замонларидаги, сўнгра саҳобалар ва тобиъинларнинг замонларидаги фиқҳий ижтиҳод ўринларини ўргансак, мазҳабни дин, динни мазҳаб деб биламиз.
Пайғамбар алайҳис салом замонларида бугунги кундаги мазҳаб тушинчаси ва мазҳаб атамаси бўлмаган, чунки мазҳаб тушинчасининг пайдо бўлишига зарурат бўлмаган. У замонида саҳобалар тўғридан-тўғри Пайғамбар алайҳис саломдан дин таълимотини ўрганганлар.
Шу билан бирга Пайғамбар алайҳис салом саҳобаларга ижтиҳод қилишнинг таълимини ҳам берганлар. Мисол учун Пайғамбар алайҳис салом Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга муаллим қилиб жўнатдилар. Шунда уни кузатишдан олдин ижтиҳод қилишнинг таълимини бериш учун саволлар билан мурожаат қилдилар:
– Эй Муоз! Нима билан ҳукм чиқарасан?
– Аллоҳнинг китоби билан ҳукм қиламан.
– Агар Аллоҳнинг китобидан топа олмасанг-чи?
– Расулининг суннатидан қидираман.
– Расулининг суннатида ҳам топа олмасанг-чи?
– Унда ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан ва ижтиҳод қилишда камчиликка йўл қўймайман – деб жавоб берди Муоз ибн Жабал.
Шунда Пайғамбар алайҳис саломнинг муборак юзларида хурсандчилик аломатлари пайдо бўлди. Қувонганларидан: “Расулуллоҳнинг элчисини Аллоҳ ва Расули рози бўладиган ишларга мувофиқ қилиб қўйган Раббимизга ҳамд бўлсин”, дедилар.
Мана шунга ўхшаш ижтиҳод ҳолатлар рисолат даврида, яъни ҳамма нарсага Пайғамбар алайҳис салом ваҳий билан жавоб бериб турган замонда бир неча марта содир бўлган. Демак, мужтаҳид имомларининг иши ёмон бидъат эмас, мужтаҳиднинг ижтиҳод қилиши Пайғамбар алайҳис саломнинг тақрирлари билан собитдир.
Холмўминов Жалолиддин
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси





