



«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасасида 5 сентябрь куни Республикамиз мустақиллигининг 31 йиллигини муносиб нишонлаш ҳамда 2022-2023 ўқув йили бошланиши муносабати билан “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭЛ АЗИЗ, ИНСОН АЗИЗ” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Байрамона тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, таълим ва илмий тадқиқодлар бўлими мудири ўринбосари Акбар Дўсматов, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита таълим бўлими масъул ходими Нусратулло Нодиров, Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси Жаҳонгир Мелиқўзиев, талабаларнинг ота-оналари ва фахрий устозлар таклиф этилди. Тадбирда билим юрти мударрислари, ишчи-ходимлар ва барча талабалар иштирок этдилар.




Тадбир Республикамиз мадҳияси билан бошланди. Тадбирни таълим муассасаси мудири М.Насриев кириш қисми билан очиб берди. Барчани қўшалоқ байрам билан табриклади. Сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада эришилган ютуқлар тўғрисида тўхталиб ўтди.


Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев ва Дин ишлари бўйича қўмита таълим бўлими масъул ходими Н.Нодиров ўз нутқларида мамлакатимиздаги сўнгги ислоҳотлар, барча дин вакилларига бир хил шароитлар яратилгани, аждодларимиз асарлари авлодларга етказиш учун кенг кўламда ишлар олиб бораётгани айтиб ўтилди. Диний соҳада, хусусан, диний таълим соҳасида эришилган ютуқлар бирма-бир тилга олинди.


Тадбир давомида таълим муассасасида биринчи курсга қабул қилинган талабаларга панду-насиҳатлар қилинди. Мадрасада хизмат қилиб ўтган фахрий устозларни хотирлаб Қуръони карим тиловат қилинди ва уларнинг руҳи покларига бағишланиб дуолар қилинди.


Тадбирдан сўнг барча талабалар “Мустақиллик дарси”ни ўтиш учун ўқув хоналарга киришди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






