Убайдуллоҳ ибн Масъуд роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Шарҳул виқоя” асарларида “Намоз китобининг” азон ва иқомат бобида қуйидаги гапни айтадилар: “Азон ва иқомат орасида ўтиради”. Ушбу асарнинг “Умдатур риъоя” шарҳида шориҳ Абдулҳай Лакнавий: “Бу ерда ўтиришдан мурод азон ва иқомат ўртасини қавм масжидга ҳозир бўлиши ва равотиб суннатларини ўқиб олиш миқдорида ажратиш бўлади ва мустаҳаб вақтнинг риоясини қилиш ҳам бор, чунки ҳадиси шарифда: “Азонинг ва иқоматинг ўртасини овқат егувчи ўзининг овқатидан ва сув ичиб турган сув ичишидан ва қазои ҳожатга кирган одам ўз ҳожатидан фориғ бўлган миқдорича вақт қолдиргин.”* Бу гапни Росулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга айтганлар. Бу иш шом намозидан бошқа намозларда қилинади. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ шом намозида азон ва иқомат ўртасида ўтирмаслик балки учта қисқа оят миқдорида ёки уч қадам юриш миқдорида сукут қилиш керак бўлади, деб айтганлар, чунки шом намозини кечиктириш мумкин эмас. Аммо Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳлар: “Жума хутбасини ўқувчи одамнинг ўтириши каби енгил ўтириб олади,” деб айтишган. Ушбу гап “Ҳидоя” асарида ва унинг шарҳларида келган.
Сўнг мусанниф роҳимаҳуллоҳ:
“Имом ва қовм “Ҳаййаълассолаҳ” деб айтилганда ўринларидан туришади, “Қод қоматиссолаҳ” деб айтилган вақтда эса намозга киришадилар, валлоҳу аълам.” Ушбу асарнинг “Умдатур риъоя” шарҳида шориҳ Лакнавий: “Имом ва қовм ўз ўтирган ўринларидан сафга туришади, деб айтади. Бу гапда агар бир киши масжидга кирган бўлса намоз бошланишини турган ҳолатда кутиб туриши макруҳ эканига ишора бор. Масжидга кирган одам бир жойга ўтириб олади сўнгра муаззин “Ҳаййаълалфалаҳ” деб айтган вақтда ўрнидан намозга туради”. “Жомеъул музмарот”да бу гап янада кенг ва очиқ айтилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, азон ва иқомат ўртасида иқоматни кутиб тик оёқда туришлик макруҳ амал ҳисобланади. Валлоҳу аълам!
- *Имом Ҳоким «Мустадрак»да (1:330), Имом Термизий «Сунани Термизий»да (1:373)да келтиришган
РУСТАМ АХУНДЖАНОВ ТАРЖИМАСИ КЎКАЛДОШ ЎРТА МАХСУС ИСЛОМ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ МАТБУОТ КОТИБИ






