Яқинда телеграм каналларидан бирида тарвузни қандай сўйиш борасида айтилган бир тўқима ҳадис айтилганига дуч келдим ва ушбу мавзуда айтилган ҳадисларни ўрганиб чиқдим. Натижасида тарвуз ва у билан боғлиқ кўплаб ҳадислар келган бўлишига қарамай, улардан фақат қуйидаги маънодаги ҳадислар асосли экани маълум бўлди. Қолган барча тарвузнинг фазилатлари ва уни қандай сўйиш билан боғлиқ ҳадислар тўқима экани аниқланди. Имом Абу Довуд ва Имом Термизийдан ривоят қилинган тарвуз ҳақидаги ҳадис қуйидагича келтирилган.
Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарвузни (баъзи уламолар қовун дейишган) янги хурмо билан ер эдилар ва : “Буни иссиқлигини буни совуқлиги билан, буни совуқлигини буни иссиқлиги билан синдирамиз” деб айтардилар.
Қолаверса Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳдан тарвуз ёки қовун сўйишда дум қисмини кесиш ҳақида сўралганда, бу ирим эканлиги жавоби берилган.
Тарвузнинг тиббий хусусиятлари ҳақида ҳам икки оғиз келтириб ўтсак мақсадга мувофиқ бўади. Тарвуз совуқлик бўлиб, жуда тез ҳазм бўлади. Ошқозонда ҳар қандай модда билан яхши аралашади. Иссиқ мижозга фойдаси кўп. Агар совуқлик қилса, занжабил билан зарарини кетказиш мумкин. Овқатдан олдин ейиш тавсия этилади.
Хулоса қилиб айтганда дин борасида айтилган маълумотларни асосли манбалардан олишни тавсия этамиз. Зеро ижтимоий тармоқларда келган ҳар бир хабар тўғри бўлавермайди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Жалолиддин Аҳмедов






