Муҳаддислар султони имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳ алайҳ “Саҳиҳул Бухорий” асарининг “Иймон” китобида “Иймон ҳаловати” номли боб ажратади. У бобда қуйдаги бир дона ҳадиси шарифни зикр қилади.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « ثَلاَثٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ وَجَدَ حَلَاوَةَ الإِيمَانِ ، أَنْ يَكُونَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِمَّا سِوَاهُمَا وَأَنْ يُحِبَّ الْمَرْءَ لَا يُحِبُّهُ إِلَّا لِلَّهِ وَأَنْ يَكْرَهَ أَنْ يَعُودَ فِي الْكُفْرِ كَمَا يَكْرَهُ أَنْ يُقْذَفَ فِي النَّارِ »ِ.رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч хислат бор. Кимда бу хислат бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унга бошқа ҳамма нарсалардан севимли бўлиши, бир кишини яхши кўрса, уни фақат Аллоҳ учунгина яхши кўриши, куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўрганидек ёмон кўриши” – дедилар”. (Имом Бухорий ривоят қилган 16)
Ушбу ҳадиси шарифда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири, комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин экани баён қилинмоқда. Чунки иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас. “Ҳаловат” сўзи аслида таомдан олинадиган лаззат ва мазали таъмга айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ўринда иймонни ширин таомга ўхшатмоқдалар. Ширин таомдаги лаззатни ва мазали таъмни соғлом киши билади. Инсоннинг соғлиги қанча нуқсонга учраса, таомнинг мазасини билиш камайиб боради. Сафро касалига чалинган киши асални таъмини таътиб кўрганда, унинг ширинлигини сезмайди. Балки, ширин асални ҳам аччиқ деб билади. Таомнинг лаззатини ва мазасини ҳамма баробар топмаганидек, иймоннинг лаззатини ва мазасини ҳам ҳамма баробар топмайди. Иймоннинг лаззатини ва маъзасини топиш учун ушбу ҳадиси шарифга амал қилиш керак бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифнинг аввалида: “Уч хислат бор. Кимда бу хислат бўлса, иймон ҳаловатини топади”, дейдилар. Бу билан зикр қилинадиган учта хислатга иймон аҳлини аҳамият қаратишга чақирмоқдалар. Иймон ҳаловати – деганда инсон ўзининг тоат-ибодатлари, хайрли ва савобли ишлардан қалбида хурсан бўлиб, ундан лаззат олиши тушинилади. Айнан бу лаззатни бошқа барча лаззатладан ва нафснинг ҳоҳишу истакларидан устун қўйиш ва ҳаётда учрайдиган қийинчиликларни енгиб яшаш иймонниг ҳаловати ва лаззати бўлади.
Мана шундай иймон ҳаловатини топишга ҳамма қизиқади. Ҳар-бир мўмин “қандоқ қилиб, иймон ҳаловатини топса бўлар экан?” деб юради.
Иймон ҳаловатини топиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қиганларидек учта хислатга аҳамият қилиш керак.
1. Аллоҳ ва Унинг Расули унга бошқа ҳамма нарсалардан севимли бўлиши.
Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.
2. Бир кишини яхши кўрса, уни фақат Аллоҳ учунгина яхши кўриши.
Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.
3. Куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўрганидек ёмон кўриши.
Зотан, куфрга қайтиш оловга ташланиш демакдир. Демак, иймон ҳаловатини топиш учун фақат бир тарафлама ҳаракат кифоя қилмас экан. Муҳаббат қилиш билан бир қаторда, нафрат қилишни ҳам, ўзини тийишни ҳам жойига қўйиш керак экан. Куфр ва унга олиб борувчи нарсалар мўмин киши учун унга яқинлашганда куйдирадиган олов каби қўрқинчли ва ёқимсиз нарса бўлиши керак. Мўмин киши катта-кичик куфрга тегишли ҳар бир нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.
Аллоҳ таолони ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш инсонлар ўртасидаги барча севги-муҳаббатга, меҳр-оқибатга асос бўлади. Биз мўмин-мусулн инсонлар ўзаро меҳр-муҳаббат, эътибор ва эҳтиром билан муомила қилишимизга Аллоҳ таоло буюради. Аллоҳ таоло буюрганидек ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганидек мўминнинг иймони комиллигига далолат қилади.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:» مَنْ أَحَبَّ ِللهِ وَأَبْغَضَ ِللهِ وَأَعْطَى ِللهِ وَمَنَعَ ِللهِ فَقَدِ اسْتَكْمَلَ اْلإِيْمَانَ «. رواه أبو داود.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким (бирор кишини) Аллоҳ учун яхши кўрса ва Аллоҳ учун ёмон кўрса ва Аллоҳ учун (бирор нарсани) берса ва Аллоҳ учун ман қилса, ҳақиқатда, у иймонини мукаммал қилибди”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Яхши кўриш инсон табиати, баъзилар ўз нафсини яхши кўради, яна кимдир фарзандини яхши кўради ва бошқаси молу давлатини яхши кўради. Мўмин инсон Аллоҳ таоло яхши кўрадиган яхши инсонларни ва яхши ишларни яхши кўради. Мўмин инсон Аллоҳ таоло ёмон кўрадиган кишиларни ва ёмон кўрадиган ишларни ёмон кўради. Яхши кўрганда Аллоҳ таоло буюрган дарачада яхши кўради ва ўзининг меҳр-муҳаббатини кўрсатади. Ямон кўрганда ҳам Аллоҳ таоло буюрган даражада ёмон кўради ва унга жабру зулм қилмайди. Яхши инсонлар учун қалбида севги бўлганидек, ёмон исонлар учун нафрат бўлади.
Инсонлар орасидаги муҳаббат мансаб, дунёвий ғараз, турли манфаатлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун бўлса иймон ҳаловати бўлади.
Бугунги кунда инсоният ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлишига жуда муҳтож! Бу даражадаги муҳаббатга уриниш ва ҳаракат керак. Банда ҳаракат билан амалларини касб қилади ва Аллоҳ таоло уни яратади. Шунинг учун дуоларда меҳрибон Аллоҳ таолодан муҳаббат сўралади.
عن أَبى الَّدرْداء رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: »كان من دُعاءِ داودَ : الَّلهم إِنىّ أَسأَلُكَ حُبَّكَ وحُبَّ مَنْ يُحبّك، والعَمْلَ الَّذى يُبَلِّغنى حُبَّك، الَّلهُمّ اجعل حُبَّكَ أَحَبَّ إِلىّ من نَفْسى وأَهْلِى ومن الماء البارِد» رواه الترمذىّ.
Абу Дардодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Довуд алайҳис салом дуосидан: “Эй, Аллоҳ, мен сени (зотингга) муҳаббат қилишни, сен яхши кўрган инсонга муҳаббат қилишни ва сени муҳаббатингга олиб борадиган амални сўрайман. Эй, Аллоҳ, Ўзингга бўлган муҳаббатни ўзимдан, аҳлимдан ва совуқ сувдан кўра менга суюклироқ қилгин” – дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишни Пайғамбарлар дуода сўраган, биз ҳам сўраймиз.
“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси
Жалолиддин Холмўминов






