Саодат асридан икки юз йил ўтгач ақидада бидъатлар тарқалди. Бу бидъатларни юзага келтирган мўътазилийлар, мушаббаҳалар ва ҳашавийлар бўлиб, уларга қарши илмий раддиялар асосида шаклланган собит ақидавий илмий жамоа Аҳли сунна вал жамоа дейилади.
Бу Ислом умматининг нажот топувчи жамоаси ҳисобланади.
Аҳли суннанинг илмий асослари шаклланиб тасниф топишига асосан икки улуғ имом, имом Абул Ҳасан Ашъарий (324 й. в.э.) ва имом Абу Мансур Мотуридий (333 й. в.э.) раҳимаҳумаллоҳ туртки бўлишган.
Улар янги пайдо бўлган фирқаларга қарши саҳобалар ва уларга эргашган ҳақ йўлдаги зотларнинг ақидаларини нақлий ва ҳам ақлий далиллар билан баён қилиб беришган. Бу икки улуғ зотнинг фаолиятига назар солсангиз асосан мўтазила ва мушаббаҳа каби бидъат аҳли шубҳаларига қарши раддияларини кўрасиз. Ўша даврларда бидъат аҳли урчиб, ҳар тоифа ўз фалсафасига кўра янги ақида ўйлаб топаётганида уларга қарши турган уламолар жамоасини Аҳли сунна вал жамоа дейиларди.
Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абул Ҳасан Ашъарий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг динида янгилик пайдо қилмаган, динда бидъат тўқиб чиқармаган, балки саҳоба ва тобеинларнинг ҳамда уларга эргашган Ислом имомларининг дин усули борасидаги сўзларини олиб, замонасидаги бидъат аҳлига қарши муносиб шаклда шарҳлаган ва асл ҳақни баён қилиб берган” Ибн Асокирнинг “Табйину кизбил муфтарий фима нусиба илал имам Абил Ҳасан Ашъарий” китоби, 103-саҳифа (Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳнинг ўз китобини “Бўҳтончининг Имом Абул Ҳасан Ашъарийга нисбат берган ёлғонини баён қилиш” деб номлашидан кўриниб турибдики, ўша даврларда ҳам Исломдаги эътиборли шахсларга қарши туҳматлар уюштириш, улар обрўсини тўкишга уриниш, бу билан Исломга таъна етказиш учун туйнук очишга уринганлар бўлган экан. Шу билан бирга ўша бўҳтон эгаларининг гапларига қарши уламолар алоҳида асосли раддиялар ҳам ёзишган экан).
Иззуддин ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ашъарий ақидаси шофеъийлар, моликийлар, ҳанафийлар ва ҳанбалийларнинг улуғларида жам бўлган эди. Ўз даврида моликийларнинг шайхи бўлган Абу Амр ибн Ҳожиб, ханафийларнинг шайхи Жамолиддин Ҳусайрийлар ҳам ашъарий ақидасига мансуб бўлишган, Тақий Субкий ҳам шу ақидага иқрор бўлган”.
Имом Ҳофиз Тожуддин Субкий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Маъийдун неъам ва мабийдун ниқам” китобининг 75-саҳифасида айтади:
“Ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар ва ҳанбалийларнинг фозиллари ақидада бир тану бир жон бўлишган. Уларнинг барчаси Аҳли сунна вал жамоанинг ақидасини ташкил қилишган. Улар динларига амал қилишда Аҳли Суннатнинг шайхи Абул Ҳасан Ашъарий раҳимаҳуллоҳнинг йўлини тутишган … Бир жумла билан айтганда, ашъарийлик ақидаси Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг ақида матнида тўлалигича ўз ифодасини топган. Имом Таҳовийнинг ақида матнини эса барча мазҳаб уламолари бир овоздан Аҳли Суннанинг ақида матни сифатида қабул қилишган, соф ақидавий матн сифатида рози бўлишган”.
Ҳофиз Муртазо Забидий раҳимаҳуллоҳ «Иҳё»нинг шарҳида айтади:
“Агар Аҳли сунна вал жамоа деган жумла мутлоқ истеъмол қилинса бундан ашъарий ва мотуридийлар назарда тутилган бўлади. Ашъарийлар ва мотуридийларнинг ақидадаги усуллари бирдир. Бошқа илмлар қатори салафларимиз тутган йўлни халафларимиз оғизма-оғиз қабул қилиб олишган эди. Бидъат урчий бошлаган вақтга келиб ушбу муборак ақида йўлининг ҳақ эканини замонасидаги вазиятга муносиб шаклда шарҳлаб, ботил ақидаларга қарши қўя билган зотлар айнан имом Ашъарий ва имом Мотуридий раҳимаҳумаллоҳ бўладилар”.
Ашъарий ва мотуридийлик ақидаси борасидаги мақтов гапларини барчасини келтириш имконсиз. Аммо тарихда бу зотларнинг бидъат аҳлига уларнинг услубида раддия берганлигини танқид остига олган уламолар ҳам бўлган. Аҳли ҳадис номи билан танилган Аҳли суннанинг эътиборли уламолари ҳам талайгина. Бу мазҳаб аҳлини ҳанбалийлар ҳам дейилади ва улар асосан имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳунинг шогирдлари ва издошлари ҳисобланадилар. Бу зотларнинг ҳам Ислом умматига тақдим қилган хизматлари беқиёсдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: “Мусулмонлар яхши санаган нарса Аллоҳнинг наздида ҳам яхшидир, мусулмонлар қабиҳ санаган нарса Аллоҳнинг наздида ҳам қабиҳдир”.
Ҳофиз Ибн Ҳажар мазкур хабар ҳақида: «Бу мавқуф ҳасандир», деган. Улуғ саҳобий бу каби сўзни ўзича гапирмайди. Шу маънодаги сўзни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган-ки, айтмоқда. Мусталаҳул ҳадис илмидан маълумки, саҳобий ижтиҳод ва фикрлаш орқали билиб олинмайдиган масалани қатъий тарзда гапирса, гарчи у Расулуллоҳдан эшитдим, демаса-да, у зотдан эшитган деб хулоса қилинади. Ҳадис уламолари бир овоздан саҳобалар ишончли ровийлар эканини айтишган. Хусусан, Ибн Масъуддек зотнинг ривояти алоҳида эътиборга лойиқдир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб қиладиган хулосамиз шуки, ашъарий ва мотуридийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат берган жамоат экан.
Хуршид Бойхўрозов,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси






