Баъзи тарихий асарларда, олим ва саркардаларнинг ҳикояларида қувончли воқеа ёки хушхабар келгани ортидан қисса қаҳрамони шукур саждаси қилиши ҳақидаги маълумотларга дуч келамиз. Бундай маълумотни ўқиган ва эшитган кишиларда намоздан ташқарида ҳам сажда қилиш борми, бунинг шаръий асоси нима ва ҳукми қандай, деган саволлар пайдо бўлади.
Шукур саждасининг ҳукми нима?
Бу борада фақиҳлар ўртасида якдил фикр йўқ. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида шукур саждаси машруъ эмас, балки макруҳдир. Унга савоб ҳам берилмайди ва тарк этиш афзал ҳисобланади. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу борада Абу Ҳанифа билан ҳамфикр бўлганлар. Уларнинг наздида шукур саждасининг макруҳлиги Аллоҳ таоло неъматларининг ҳисоби йўқлиги учундир. Бу қарашни изоҳлашга уриниб, қуйидагича талқин қилишимиз мумкин: Инсон ўзига ато этилган ва ато этилаётган битмас-туганмас неъматларнинг барчасини шукур саждаси билан қарши олишга тоқати етмайди, бинобарин, баъзи неъматларни бошқаларидан каттароқ деб фарқлашга ўзича уринади. Гоҳо у ўзи учун энг афзал деб билган неъмат учун сажда қилади-да, ундан-да афзалроқ бошқа бир неъматни оддийгина кутиб олади. Яъни, бундай ёндошув Аллоҳнинг айрим неъматларини қадрламаслик хавфини пайдо қилади.
Абу Ҳанифанинг икки шогирдлари – имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимо эса шукур саждаси бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган савобли амалдир, дейдилар. Бу икки имом наздида кишига неъмат ато этилса, Аллоҳ таоло фарзанд ёки мол-дунё билан сийласа, йўқотиб, умид узган нарсаси топилса, касалликдан тузалса, душман ёки тоун даф бўлса, ёнғин ва бошқа фалокатдан омон чиқса ёки шунга ўхшаш уни хурсанд қиладиган ёки бошидан ғам-ташвишини аритадиган иш содир бўлса, Аллоҳ учун шукур саждасини қилиши мустаҳаб бўлади. Имом Шофеий ва имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимо наздларида ҳам шукур саждаси мустаҳабдир. Бунга далил Абу Бакра розияллоҳу анҳунинг “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хурсандчилик етса ёки хушхабар берилса, Аллоҳга шукур қилиб саждага бош қўяр эдилар”, деган сўзларидир (Имом Абу Довуд ривояти). Абу Бакр розияллоҳу анҳу Мусайлима ўлдирилгани ҳақидаги хабарни эшитганида, Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу тавбаси қабул бўлганида шукур саждаси қилгани ҳақидаги ривоятлар ҳам бу амални машруъ ва мустаҳаб дегувчиларнинг сўзини қувватлайди.
У қандай кўринишда адо этилади?
Шукур саждасининг тартиби ва шартлари тиловат саждасиники кабидир. Яъни, шукур саждасини қилувчи инсон таҳоратли бўлиши, бадани ва сажда қиладиган жойи пок бўлиши, авратлари ёпиқ бўлиши, қиблага юзланиши ва ният қилиши фарз бўлади. Унинг кўриниши қуйдагича:
Сажда қилмоқчи бўлган инсон қиблага юзланиб, тик турган ҳолда такбир[1] айтади ва қўлларини кўтармасдан тўғри саждага боради. Саждада Аллоҳ таолога тасбиҳ[2] ва ҳамд[3] айтади. Сўнгра яна такбир айтган ҳолда бошини кўтаради.
“Ҳужжа” номли китобда: “Инсонлар шукур саждасидан қайтарилмайди. Чунки унда хузуъ ва ибодат маънолари бор”, дейилган.
“Қуния” номли китобда: “Жамоат билан адо қилинган намозларнинг ортидан ва нафл намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда шукур саждасини қилиш макруҳ бўлади. Бундан бошқа вақтларда эса макруҳ бўлмайди. Ҳеч қандай сабаб сабабсиз шукур саждасини қилиш қурбат (савоб) ҳам, макруҳ ҳам эмас. Жамоат билан адо қилинган намозларнинг ортидан шукур саждасини қилиш макруҳлигининг сабаби, илмсиз инсонлар намознинг кетидан сажда қилиш “суннат” ёки “вожиб” деб эътиқод қилиб қоладилар. Бундай тушунчага олиб борадиган ҳар бир мубоҳ нарса макруҳ бўлади”.
Хулоса шуки, шукур саждасини қилишга ундайдиган сабаблар вужудга келган чоғда бу амал мустаҳаб саналади. Фатво мана шунга кўра жорийдир. Унинг қандай бажо келтирилиши ва қачон макруҳ бўлиши юқорида ўтди.
“Кўкалдош” билим юрти 3-курс талабаси
Содиқов Бобур
Фойдаланилган адабиётлар:
1 – “Ал-Фатовал ҳиндийя”.
2 – “Ал-Жавҳаратун наййира”. Имом Абу Бакр ибн Али ибн Муҳаммад ал-Ҳаддод ал-Забидий раҳматуллоҳи алайҳ.
3 – “Мавсуъатул фиқҳил исламий вал қазоял муосира”. Доктор Ваҳба Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ.
4 – “Ал-Фиқҳул ҳанафиюл муяссар”. Доктор Ваҳба Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ.
[1] “Аллоҳу акбар”, деб айтиш.
[2] “Субҳаналлоҳ”, деб айтиш.
[3] “Алҳамдулиллаҳ”, деб айтиш.