
Таълим муассасасида бугун “Ахборот ва мураббийлик соати”да “Ўзбекистонда давлат ва дин ўртасидаги муносабатлар” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқотда таълим муассасаси мудири М.Насриев мавзу юзасидан батафсил маълумотлар берди. Жумладан: Ўзбекистон дунёвий давлат сифатида дин билан ўзаро муносабатда: диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш; диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши деб тан олиш; диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини тенг кафолатлаш; маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний уюшмаларнинг имкониятларидан фойдаланиш; диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигини эътироф этиш принципларга асосланиши мисоллар билан тушинтирилди.

Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 4 майда қабул қилинган Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунчиликда, ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эгалиги, диний таълим муассасаларида ўқишга фуқаролар қонунчиликка мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълим олганидан кейин қабул қилиниши, диний профессионал таълим олган шахслар диний таълим муассасаларида диний фанларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эгалиги аниқ белгилаб қўйилганлиги ва ҳозирда яратилаётган яхши шароитлар тўғрисида айтиб ҳамма белгиланган қонунга амал қилиб иш фаолиятларини олиб боришларини ва яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланишни тушунтириб ўтди.
Шунингдек, ютуқларимиз билан бирга камчиликларимиз ҳақида тўхталиб, барча мударрислар, ишчи-ходимлар ва талабалар қонунчиликда белгиланган тартиб қоидаларга, бундан ташқари обоб-аҳлоқ, ички татиб-интизом қоидаларига риоя қилишни муҳимлигини тушунтирди.


“Кўкадош” матбуот хизмати






