Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Иброҳимдан бошқа барча фарзандлари Хадича розияллоҳу анҳодан эди. Иброҳим эса Мория Қибтийядан эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фарзандлари: Қосим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан куняланган эдилар. Чунки Қосим фарзандларининг энг каттаси эди. Сўнгра Зайнаб, сўнгра Руқайя, сўнгра Умму Кулсум, сўнгра Фотима. Сўнгра нубувватдан кейин Абдуллоҳ. Абдуллоҳ Тоййиб, Тоҳир деб номланар эди. Шунингдек, Тоҳир Тоййибдан бошқадир, ҳам дейилади. Баъзи уламолар ана шу гапни саҳиҳ дейишган.
Сўнгра Мориядан бўлган Иброҳим. У саккизинчи ҳижрий йили Мадинада туғилиб, бир ёшу ўн ойлигида вафот этган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У [1] учун жаннатда эмизувчу аёл бор”, деганлар.
Фотима розияллоҳу анҳодан бошқа барча фарзандлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин вафот этишган. Фотима розияллоҳу анҳо эса у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан озгина кейин вафот этган. Бу муддат машҳур қавлга кўра 6 ой. Шунингдек, 8 ой, 70 кун, 75 кун, 3 ой, 100 кун ва бундан бошқа гаплар ҳам бор.
У зот розияллоҳу анҳога Али каррамаллоҳу важҳаҳ жаноза намозини ўқиганлар. Абу Бакр ўқиган, деган қавл ҳам бор. Аммо бу ғариб (саҳиҳ бўлмаган) қавлдир. Бир ҳадисда [2] Фотима розияллоу анҳо вафот этишларидан бироз олдин ғусл қилганликлари ва вафот этганларидан кейин ғусл қилдирилмасликни васият қилганлари ворид бўлган. Бу жуда ғариб гап. Али, Аббос, Сиддиқнинг аёллари, Асмо бинти Умайс, Рофеънинг онаси Салмо розияллоҳу анҳумлар у зотни ювишгани ривоят қилинади. Мана шу саҳиҳ гапдир. [3]
Ҳофиз Ибн Касирнинг “Ал-Фусул фи сийротир-Расул” китобидан эркин таржима.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Мурод Музаффар ўғли
[1] Муслим ривояти.
[2] Ибн Саъд “Маноқиби Фотима” да заиф санад билан ривоят қилган.
[3] Ибн Абдулбарр “Истеоб” да ривоят қилган.