Сабр бу инсонни зулматлардан нурга чиқарадиган, қийинчилик ва машаққатларни енгиллатадиган ва тўғри йӯлга ҳидоят қиладиган нурдир. Сабр бу мусулмон киши у билан сифатланиши лозим бўлган энг муҳим хулқлардандир. Уламолар сабрни 3 қисмга бўлишган:
1. Тоатга сабр қилиш. Яъни қайси бир ишгаки Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукм қилган (буюрган) бўлсалар, унда бардавом бўлишлик. Агарчи бу иш нафсга қанчалик машаққатли бўлса ҳам.
2. Маъсиятлардан сабр қилиш. Яъни нафсга қанчалик ёқимли, лаззатли бўлса ҳам, Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсалардан тийилишдир.
3.Қазойи қадарга сабр қилиш. Яъни ҳар қандай мусибат етганда ҳам жазавага тушиб қолмаслик.
Қуръон ва суннатда сабр қилувчиларнинг фазли, уларга бериладиган улкан мукофотлар ва Аллоҳ таоло уларнинг ажрини ҳисобсиз тўлиқ қилиб беришига далолат қиладиган насс(далил)лар жуда ҳам кўп келган. Албатта бу оят ва ҳадислар ҳар қандай мусибат билан балоланиб, унга сабр қилган ҳар бир инсонни ўз ичига олади. Инсон фарзандини йӯқотиши шак-шубҳасиз ўта оғир мусибатлардан ҳисобланади. Кимки бунга сабр қилиб, Аллоҳнинг қазойи қадарига рози бўлса, Аллоҳнинг фазли ва карами ила у бандага улкан ажрлар берилади. Келинг, бунга юқорида айтганимиздек оят ва ҳадислардан далилларни келтирайлик:
Аллоҳ таоло бақара сурасининг 155- оятида марҳамат қилади:
وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الأَمْوَالِ وَالأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ
(Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.)
Бу ояти каримадаги мақсад- Аллоҳ таоло оятда зикр қилинган нарсалар билан уммати муҳаммадияни имтиҳон қилишидир. Демак бандага ана шу мусибатлар етган вақтда сабр қилиши лозим бўлади. Имом Шофеий ра: “Оятдаги молларни камайтиришдан закот садақа ирода қилнади. Чунки улар билан ҳам мол камаяди”- дейдилар. Баъзи уламолар: “Оятдаги меваларга нуқсон етқизишдан мурод фарзандни жонини олиш билан синашдир. Чунки фарзанд ҳам инсоннинг энг ширин мевасидир”- деб тафсир қилганлар. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 10-оятида: “Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз тўлиқ қилиб берилур”- деб марҳамат қилган.
Абк Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар (бирор) банданинг боласи вафот этадиган бўлса, Аллоҳ таоло фаришталарига бандамнинг боласини жонини олдингизми деб айтади. Фаришталар ҳа дейдилар. Аллоҳ таоло у(банда)нинг қалбини мевасини олдингизми дейди. Фаришталар ҳа дейдилар. У(Аллоҳ):”бандам нима деди” дейди. У(фаришталар) Сенга ҳамд айтиб истиржо айтди дейдилар. Шунда Аллоҳ таоло у бандамга жаннатда бир уй қуринглар ва уни ҳамд уйи деб номланглар деб айтади”. Ушбу ҳадисда инсонга мусибат етганда унга сабр қилиб Аллоҳга ҳамд айтиши ва истиржо (биз Аллоҳникимиз ва Унга қайтувчимиз) деб айтишга буюрилмоқда. Фарзанди вавот этиши катта мусибат эканлиги, агар унга чиройли сабр қилса, мукофоти ҳам ҳатто жаннатдаги ҳамд уйи эканлиги баён қилинмоқда. Қолаверса, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз қўллари билан 6та фарзандларини тупроққа қўйганлар. Демак инсон фарзанди вафот этганда мана шуларни ҳам эслаб қалбига таскин бериши, чиройли сабр қилиб дунёда ҳам охиратда ҳам улкан мукофотлар соҳиби бўлишга ҳаракат қилиши лозим бўлади.
Бу борада саҳиҳайнда ҳам қуйидаги ҳадис келади.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النِّسَاءَ قُلْنَ لِلنَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: اجْعَلْ لَنَا يَوْمًا، فَوَعَظَهُنَّ وَقَالَ: أَيُّمَا امْرَأَةٍ مَاتَ لَهَا ثَلَاثَةٌ مِنَ الْوَلَدِ كَانُوا لَهَا حِجَابًا مِنَ النَّارِ، قَالَتِ امْرَأَةٌ: وَاثْنَانِ؟ قَالَ: وَاثْنَانِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аёллар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Бизга ҳам бир кун тайин қилинг”дейишди. Бас, у зот уларга ваъз қилдилар ва: “Қайси бир аёлнинг учта фарзанди ўлса, улар унинг учун дўзаҳдан парда бўлурлар”-дедилар. Иккита бўлсачи? деди бир аёл. Иккита бўлса ҳам дедилар у зот”. Ушбу ҳадисда ҳам юқорида айтганимиздек, улкан мукофотлар ва’да қилинмоқда.
Мударрис Аваз Жумабоев





