Маълумки, халқимизни боғ-роғ яратишга ишқивозлиги унга бобомерос одат. Боболаримиз бир парча бўш ер кўрса, тимдалаб экин эккан. Кўчат ўтқазиб, боғ яратган. Қолаверса, бу анъана халқимиз учун имон-эътиқод ишига айланиб кетган. Муқаддас динимиз ақидасига кўра, инсон дунёни обод қилиш учун, бунёдкорлик учун яратилган. Ҳосил бериб турган дарахтни ўринсиз кесиш, экинзорларни пайхон қилиш эса оғир гуноҳ ҳисобланади. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ер ўзлаштириб, боғ яратган кишиларни солиқдан озод қилиш, бир туп кесилган дарахт ўрнига ўн туп ўтқазиш тўғрисидаги кўрсатмалари, ҳатто ўзлари ҳам боғбонликка қизиққани, хусусан, пайванд қилишни яхши кўриши ва яна намунали боғлар яратишга буйруқ берганлари… булар барчаси табиатга ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилганини тасдиқлайди.



Юртимизда кейинги йилларда янги боғлар яратиш, хусусан, Орол денгизнинг қуриб қолган ўзанида ўрмонлар барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, айниқса, Президентимиз ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилингани, бу – аждодларимизнинг эзгу анъаналари давом эттирилаётганидан далолатдир.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига кўра кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишга ўз ҳиссасини қўшди. Мана бу кўкламнинг илк кунларидан эътиборан эса мазкур хайрли тадбир – мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш яна бошланиб кетди.


“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида миллиарддан ошиқ дарахт кўчати экиш мақсад қилинган. Бу дегани, янги мевали боғлар, хиёбонлар, ўрмонлар пайдо бўлади юртимизда. Шаҳар-қишлоқлари-миз бугунгидан кўра кўркамлашади, нафас олиб турган ҳавомиз тозаради, демакки, Ватанимиз чин маънода яшил маконга айланади.
“Агар мусулмон банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилади Ҳадиси шарифда.
Шундай экан, азизлар, келинг, ҳар биримиз – ёшмизми, кексамизми, бу эзгу ният ила бошланган умумхалқ тадбирига қўшилайлик, уларга камарбаста бўлайлик. Зеро, биз бугун ўтқазган ниҳоллар эрта бир кун худди ниятларимиз рўёбидек гулга киради, мўл-кўл мева беради. Ва, албатта бунинг орқасидан беҳад-беҳисоб манфаат-мукофотларга бизни мушарраф этади.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






