“Ислом дунёси тараққиётда нега бунчалар ортда қолмоқда?” деган саволга турли йўсинда жавоблар айтилади. Масалан, ислом оламининг кейинги асрларда мустамлака бўлгани ва мустамлакачилар жафокаш халқларни жаҳолатда ушлаб туришдан манфаатдор экани ёхуд секуляр қатламга кўра, бунга энг асосий айбдор диннинг ўзи экани ҳақидаги мулоҳазалар шулар жумласидан. Лекин бу жавоблар муайян сабабларга кўра тўғри эмас. Чунки мустамлакачилик, истибдод ёки жаҳолат таназзул сабабчиси эмас, балки уларнинг ўзи таназзул асоратидир. Секуляр фикрнинг нотўғрилиги шундаки, бирон дин ё таълимот ислом диничалик илм-маърифатга тарғиб этмаган. Бунга тарих ва буюк ислом цивилизацияси шоҳид.
Дунё тарихига назар ташласак, Ислом диёрларида илм-фан юксак даражада ривожланган. Мусулмон олимлари дунёга жуда кўп кашфиётларни тақдим қилганлар. Ислом диёрларида илм-фан ривожланган пайтлар мусулмонлар дунёнинг энг бой кишилари ҳисобланишган. Ҳозирчи?..
Нега биз бугунги кунда ривожланган Ғарб дунёси мамлакатларидан орқада қолиб кетдик?
Исломободдаги илмий тадқиқот маркази профессори Доктор Фаррух Салим бу борада ҳайратли маълумотларни тақдим қилди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, сайёрамизда мусулмонларнинг умумий сони 1 476 250 000 кишидан ортиқроқ.
Биз бирор марта ўзимизга савол бериб кўрдикми? Нима сабабдан биз бунчалик орқада қолиб кетдик?
Жавоб: Асосий муаммо таълимда!
Дунёнинг энг машҳур илмий тадқиқот маркази вакиллари берган маълумотларга кўра Ислом цивилизацияси бошқа динлардан фарқли равишда жуда ҳам паст натижа кўрсатяпти. БМТ берган маълумотларга кўра, христиан дунёсида саводхонлик даражаси 90 фоизни ташкил этади. Аҳолисининг асосий қисми христианлардан иборат бўлган 15 мамлакатда саводхонлик даражаси 100 фоизни ташкил этади.
Мусулмон дунёсидаги саводхонлик эса ўртача 40 фоизни ташкил этади. Христиан дунёсида саводхонларнинг 98 фоизи ўрта мактаб таҳсилини олган, мусулмон мамлакатларида эса атиги 50 фоизигина ўрта мактабни тугатади.
Бошқа динга эътиқод қилувчиларининг 40 фоизи Олий таълим даргоҳида ўқийди, бизда эса бу ҳолат жуда ҳам ачинарли, бор-йўғи 2 фоизигина, холос.
Аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган давлатларда ҳар бир миллион мусулмонга 230 нафар олим тўғри келади. Бу илмий тадқиқотлар билан исботланган.
Замонавий дунёда маълум бир мамлакатда илм-фан қанчалик ривожланганлигини ушбу мамлакат экспорт қиладиган юқори технология воситалари сонидан билиб олса бўлади. Масалан, Покистон экспорт қиладиган бир йиллик экспорт товарларининг фақатгина бир фоизи юқори технологияларга тўғри келади.
Бутун дунё умумий маҳсулот ҳажмига нисбатан мусулмон дунёси жуда кам маҳсулот ишлаб чиқаради, бунинг остида эса илм-фаннинг қолоқлиги ётади.
Ваҳоланки, бобокалон алломаларимиз дунёни ўз салоҳияти, мўъжизавий қомусий билимлари билан лол қолдирган эдилар. Сабаби, улар Қуръони Карим амри, Ҳадиси шариф кўрсатмаларига қатъий амал қилган эдилар. Шу сабабдан ҳам биз бугун диний, дунёвий деб атайдиган бир неча фанга асос солган, башар тараққиётини янги босқичга кўтарган эдилар. Агар келажак бизга тегишли бўлсин десак, аввало бор эътиборимизни илм-фаннинг, таълимнинг ривожланишига қаратишимиз керак. Фақат шу орқалигина яна дунёнинг энг тараққий қилган жамиятига айланишимиз мумкин.
“Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди ҳам“, деган эди Имом Бухорий ҳазратлари. Дарҳақиқат, дунё илм билан, илм соҳиблари билан ободдир. Барча эврилишлар, юксалишлар илм заҳматкашлари меҳнати орқасидан юзага келади. Шу сабабдан ҳам илм соҳиби, илм заҳматини чеккан зот Яратган олдида ҳам, аҳли дунё олдида ҳам ҳамиша қадрланади, шараф топади.
Ниёзалиев Асадуллоҳ,
101-гуруҳ талабаси






