Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон Зот. Тавба қилган бандаларининг албатта гуноҳларини кечиради. Аллоҳ таоло Ўз китобида айтади:
إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ
“Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”. (Тавба сураси, 102-оят)
Аҳли сунна вал жамоа уламолари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлган гуноҳи кабира аҳллари, агар имонли ҳолда дунёдан ўтсалар, гарчи тавба қила олмаган бўлсалар ҳам, Алллоҳга уни таниган, унга ширк келтирмаган ҳолда йўлиққанлари учун дўзахда абадий қолмасликларини, агар Аллоҳ хоҳласа Ўз фазли ила кечиришини айтиб, бу оятни далил келтирадилар:
إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا
“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди”. (Нисо сураси, 48-оят)
Ояти каримадан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло ширкни кечирмайди. Ширк келтириб тавба қилмасдан ўтган банданинг жойи абадий дўзах бўлади. Ширкдан бошқа гуноҳларни эса хоҳласа Ўз фазли ила кечиради.
Гуноҳи кабирани қилиб тавба қилишдан олдин дунёдан ўтган мусулмонлар иккига бўлинади. Бири Аллоҳ уларни гуноҳларини кечириб Ўзининг раҳмати ва фазли ила жаннатга киргизадиганлари, иккинчиси гуноҳлари миқдорича дўзахда жазоларини олиб сўнгра дўзахдан чиқиб жаннатга кирадиганлари. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадислари ишора қилади:
» يخرخ من النار من قال لا اله الا الله و في قلبه وزن ذرة من ايمان «
“Қалбида заррача иймони бўлиб, Ла илаҳа иллаллоҳ деган киши дўзахдан чиқади” (Бухорий ривояти)
Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларда келишича, ҳамда аҳли сунна вал жамоа уламолари иттифоқ қилганларига кўра агар мўминнинг яхши амаллари гуноҳларидан кўп бўлса, Аллоҳ уни кечиради ва жаннатига киргизади.
Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай дейди:
فَأَمَّا مَنْ ثَقُلَتْ مَوَازِينُه
«Бас, энди (ўша куни) кимнинг тарозида тортилган нарсалари (савобли амаллари) оғир келса,
فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَاضِيَةٍ
ана ўша қониқарли маишатда (жаннатда) бўлур». (Қориа сураси, 6-7-оятлар)
وَالْوَزْنُ يَوْمَئِذٍ الْحَقُّ فَمَنْ ثَقُلَتْ مَوَازِينُهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
“Ўша куни вазн (амалларнинг тарозида тортилиши) ҳақиқатдир. Кимнинг мезонлари (амаллари) оғир келса, айнан ўшалар нажот топувчилардир”. (Тавба сураси 102-оят)
Агар мўминнинг яхши амаллари гуноҳлари билан баробар келиб қолса, гуноҳлари уни жаннатга киришдан тўсади ва яхши амаллари уни дўзахга киргани қўймайди. Бу бандалар Аллоҳ таоло Ўз каломида зикрини келтирган аъроф соҳибларидир. Улар жаннат билан дўзах ўртасида Аллоҳ хоҳлаганича турадилар кейин уларнинг жаннатга киришларига изн берилади.
Агар мўминнинг гуноҳлари яхши амалларидан оғир келадиган бўлса, у ҳолда мўмин банда гуноҳлари миқдорича дўзахда азобланишга ҳақли бўлиб қолади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак Аҳли сунна валжамоа эътиқодига кўра агар мўмин ширк келтириб, дунёдан шу ҳолида тавба қилмасдан ўтиб кетса, Аллоҳ таоло кечирмайди унинг жойи абадий дўзах бўлади. Агар банда гуноҳларига тавба қилса ва Аллоҳ тавбаларини қабул қилган бўлса, у банда жаннатга киради. Гуноҳи кабираларни содир қилган банда дунёдан тавба қилмасдан ўтса, Аллоҳ таоло хоҳласа Ўзининг фазли ила кечиради ёки мўмин банда гуноҳлари миқдорича дўзахда жазосини олади сўнгра Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ила, аҳли тоатнинг шафоати ила у ердан чиқади ва жаннатга киради.
Жамшид Хамидов Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси





