“Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай. Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси, 55-56-оятлар).
Салмон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рабингиз таборака ва таоло Ҳай ва Каримдир. Банда икки қўлини кўтариб дуо қилса, Аллоҳ таоло уни қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
“Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз!”
Ибн Жарир (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Оятнинг “зорланиб” деб таржима қилинган сўзидан мурод Аллоҳ таолога бўйсуниш ва итоат этишдир. “хуфёна” калимасидан эса қалбдаги хушу ва Аллоҳ таолонинг бир эканига ишониш тушунилади. Дуода овозни баланд кўтарилмайди, иккиюзламачлик ва риёкорлик қилинмайди”. Овоз чиқармай дуо қилиш пайғамбарларнинг одатидир. Марям сурасининг 3-оятида: “…у (Закариё) Парвардигорига хуфёна (товушсиз) дуо қилиб…”, деб марҳамат қилинган.
“Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай”
Муқаддас динимизда мўътадил бўлишга чақирилади. Ҳад-чегарани бузишдан қайтарилади. Бу борада Бақара сурасининг 229-оятида бундай огоҳлантирилади: “Бу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳудуд (чегара)ларидир. Улардан (ошиб) тажовуз қилмангиз! Кимки Аллоҳнинг ҳудудидан тажовуз қилса, ана ўшаларгина золимлардир”. Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш, ҳаддан ошишнинг бир кўринишидир. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!” (Жин сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ ибн Мағфал (розияллоҳу анҳу) ўғлини: “Ё Аллоҳ, агар мен жаннатга кирсам, унинг ўнг томонида жойлашган оқ қаср беришингни сўрайман”, деб дуо қилаётганини эшитди. У зот: “Эй ўғлим, Аллоҳдан жаннатни сўраб, дўзахдан пароҳ тилагин. Чунки мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қавм дуода ҳаддан ошадилар”, деганларини эшитганман”, деди (Имом Аҳмад ривояти). Яъни, пайғамбарлар ва валийларга ҳам дуо қилиш жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дуо ибодатдир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Ибодатда Аллоҳ таолога бошқани шерик қилиш Ислом дини аҳкомларига зиддир. Бу борада Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Парвардигорингиз: «Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!» – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир сураси, 60-оят). Оятдаги “дуо” сўзи “ибодат” маъносида ҳам келади. Бу ерда ҳам у “илтижо”, “тавҳид” ва “ибодат” каби маъноларни ифода этиши айтилган.
“Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”
Аллоҳ таоло бандаларни ёмонлик қилишдан қайтаряпди. Яхшиликлар қилишга имконият бўла туриб, зараркурандалик билан машғул бўлиш ер юзида қабоҳатни кучайтиради. Бу барча мўмин-мусулмонларга зарар келтиради. Буни олдини олиш учун ибодат ва дуолар қилишга чақирилмоқда.
“Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз!”
Аллоҳ таолонинг аламли азобидан қўрқиб, ажру-савоб ва жаннатнинг улуғ неъматларини умид қилиб ихлосу муҳаббат билан дуо қилинади.
“Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир”
Буйруқларга бўйсунган, қайтариқлардан тийилган инсонларга Аллоҳ таолонинг раҳмати йoғилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Биз Сенга қайтдик». (Аллоҳ) деди: «Азобимни хоҳлаган кишимга етказурман. (Аммо) раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир. Уни (раҳматимни) тақвода бўлувчилар, закот берувчилар ва оятларимизга имон келтирувчиларга ёзажакман” (Аъроф сураси, 156-оят).
Дуо қилишнинг ўзига хос одоблари бор. Аввало, таҳорат олинади, қалбни ҳозирланади, қиблага қаралади, икки қўл кўтарилади, дуонинг ижобат бўлишига тўла ишонч ва ихлосу муҳаббат билан тайёрланилади. Аллоҳ таолога ҳамду сано ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиш билан илтижони бошлаб, шундай тугатилади. Хато ва камчиликлар эътироф этилади, кечирилишини сўраб истиғфор айтилади, гуноҳ ва маъсиятлардан узоқ қилишини ёлворилади, берилган неъматларга шукр қилинади. Аллоҳ таолонинг исм-сифатларини восита қилиб сўраш ҳам дуонинг ўзига хос одобларидан ҳисобланади.
Манбаларда дуо ижобат бўладиган фазилатли вақтлар бaён этилган. Жумладан, қадр кечаси, туннинг ярми, саҳар пайт, азон ва иқоматнинг ораси, фарз намозлардан кейин, азон айтилган вақт, ёмғир ёғаётган, зам-зам сувини ичишдан олдин, арафа куни, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтгандан сўнг, Рамазон ойида, мусулмонлар илм мажлисига йиғилган онларда дуо қилиш афзалдир.
Муқаддас динимизда ўлимни орзу қилиш ёки уни тезроқ келишини илтижо қилишдан қайтарилади. Шариат, урф-одат ва ақлга тўғри келмайдиган нарсаларни ва гуноҳ-маъсият, қариндошлик алоқаларини узишни сўраб дуо қилиш мумкин эмас. Жамоат орасида инсон ўзини дуо қилиши ҳам дуо одобларига зид саналади.
Манбалар асосида Кўкалдош ўрта махсус
ислом таълим муассасаси мударриси Д.Раҳмоналиев






