Ижтимоий тармоқларда маълум бир гуруҳ ёшлар томонидан: “Биз фақат ва фақат Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисга эргашишимиз керак”, деганга ўхшаш даъватлар тез-тез қулоққа чалиниб туради. Бу қанчалик тўғри: ҳақиқатан ҳам биз фақат ва фақат Қуръонга ва саҳиҳ ҳадисларга эргашишимиз керакми!?
Бу мавзу юзасидан биз айнан Қуръони карим ва ҳадиси шарифга таянган ҳолда ўз фикр-мулоҳазаларимизни билдиришни лозим топдик:
Масалани бундай қўйишнинг ўзи, авваламбор Қуръон ва Ҳадисга том маънода тескари ҳисобланади. Бирор бир ҳадис тўпламида бундай фикрни асословчи, тасдиқловчи ҳадисни топа олмайсиз. Аммо биз ҳар куни беш маҳалги намозимизнинг ҳар бир ракаатида қироат қиладиган Фотиҳа сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Ўзинг бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. (Бизларни) шундай зотларнинг йўлига (ҳидоят қилгин)ки, Сен Ўзинг уларга (тўғри йўлни) инъом қилгансан…”
Хўш, Аллоҳнинг Инъомига кимлар сазовор бўлган? Қуръони карим суралари баъзиси баъзисини тафсир қилади. Бу қоидада ҳеч қандай ихтилоф йўқ бўлиб, уни барча муфассирлар қабул қилишган. Бу ҳақда бошқа бир сурада хабар берилади: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар – пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар (фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар) билан бирга бўлурлар. Ана ўшалар энг яхши дўст-ҳамроҳлардир” (Нисо сураси 69-оят). Яъни, тўрт тоифа Аллоҳ таолонинг инъомига сазовордир.
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий “Сен неъмат берганларнинг йўлига…” деган оят тафсирида: “Аллоҳ таоло бу оятда Расулуллоҳнинг суннатларига эргашишни амр қилган ва эргашиш эвазига ҳидоятни ваъда қилган, чунки Аллоҳ таоло у зотни одамларни ширк, маъсиятлардан поклаш, Қуръонни таълим бериш, ҳикматни ўргатиш учун ҳидоят, тўғри йўл ва ҳақ дин билан юборди. Оли Имрон сураси 31-оятида ким нафсидан ғолиб келиб, ҳой-ҳавасдан воз кечиб у зотга эргашса, Аллоҳнинг муҳаббати ва мағфиратига ноил бўлиш хушхабари берилган. Мўминларнинг иймонлари у зотга бўйсуниш, у зот чиқарган ҳукмга рози бўлиш ва эътироз билдирмаслик билан мукаммал бўлади», дейилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аср-авлодларнинг энг яхшиси менинг асрим, сўнг ундан кейингиси, сўнг ундан кейингиси”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Имом Термизий ва Имом Насоийлар ривояти бўйича келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Сизлар менинг суннатим ва ҳидоятга йўлланган хулафои рошидинлар суннатини лозим тутингиз!”
Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиш зарурат эканини таъкидлайди. Хулафои рошидинлар ҳаёти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратини қандай ушлашнинг намунаси, ибратидир. Шу сабабдан ҳам уларга эргашиш зарурат экани таъкидланган.
Имом Абу Довуд Ирбоз ибн Сория разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлар менинг суннатим ва тўғри йўлдан борувчи халифалар суннатини лозим тутиб, уни жағ тишларингиз билан тишланглар. Янги пайдо бўлган ишлардан четланинглар. Албатта, ҳар бир янги пайдо бўлган иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир”.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг айтган сўзлари ва қилган ишларига агар саҳобий разияллоҳу анҳумлар амал қилган бўлсалар ҳамда ўзлари жорий қилган бўлсалар бу юқоридаги ҳадиси шарифга биноан суннат бўлади, аксинча амал қилинмаган бўлса унинг суннатлиги қолмайди.
Расули акрам айтган сўзлари ва қилган ишларига саҳобий разияллоҳу анҳумлар амал қилганликларига мисол келтирадиган бўлсак бир нечта ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқ кийимда намоз ўқиганлари келган, энди ҳозирги шароитимизда унга амал қилинса нима бўлишини тасаввур қилиб кўринг. Бир киши қиш куни янги гилам ёзилган масжидга лой оёқ кийими билан кириб келса унга барча масжиддагилар: “Ҳой дўстим Аллоҳдан қўрқ, оёқ кийимингни еч!”, дейишса, у уларга жавобан: “Аслида сизлар Аллоҳдан қўрқинглар, мен Расулуллоҳнинг бир саҳиҳ ҳадисларига амал қиляпман, Саҳиҳи Бухорийда бу ҳақда бир бутун бошли боб бор”, деса, масжиддагилар у билан қандай муомала қилишларини бир тасаввур қилиб кўринг.
Бир олимдан менга саҳиҳ ҳадисни келтиринг деганда, у олим унга жавобан Бухорий шартига кўрами ёки бошқа муҳаддис олимларнинг шартига кўрами, деб айтганда у нима дейишни билмай қолган экан, чунки ҳар бир муҳаддис ҳадисни саҳиҳ мақомга қўйиш учун ўзига хос мезонларга таянади. Биз буюк муҳаддисларнинг саҳиҳ деб тўплаган ҳадисларини ҳурматини жойига қўямиз. Аммо энг яхши уч асрда яшаб ўтган саҳобалар, тобеъинлар ва таба тобеъинлар суннат қилиб қолдирган йўл (суннат)га амал қилишни афзал деб ҳисоблаймиз, чунки улар Пайғамбар алайҳиссалом мақтаган уч асрда яшаб ўтишган, ваҳоланки, ҳадис тўплаш фитна оралаган учинчи асрдан кейин содир бўлган.
Демак, суннат ҳадисдан кўра кенг маънога эга эканлиги юқоридаги маълумотлардан маълум бўлди ва биз амал қилишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва уч мақталган асрда яшаб ўтган зотларнинг қолдирган суннатларига таянишимиз афзалроқ бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўз ҳидоятига бошласин ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ўзлари мақтаган асрларда яшаб ўтганларнинг суннатига тўлиқ амал қилишимизни муваффақ қилсин!
Р.Ахунджанов тайёрлади





