Нуриддин Абдурроҳман ибн Аҳмад ал-Жомий Хуросондаги Жом қишлоғида 1414-йилда таваллуд топганлар. Кичиклик пайтларида отаси билан бирга Ҳирот шаҳрига кўчиб ўтганлар. Ўша ерда катта бўлиб, Жомий номи билан танилганлар. Ҳиротда диний ва ақлий фанларни ўрганишни бошлаб, шу ердаги Низомийя мадрасасига ўқишга кирганлар. Абдурроҳман Жомий айниқса наҳв илмида жуда қобилиятли бўлиб, Наҳвни Шиҳобиддин ал-Ҳажарий ас-Самарқандийдан ўрганганлар. Сўнг Самарқандга илмларини ошириш учун сафарга отланганлар. У ерда Қозизода Румий ҳазратлари билан кўришдилар. Қозизода Румий Жомийни мақтаганлиги сабабидан унинг шуҳрати шарқ томонда кенг қулоч очди. Сўнг Ҳиротга қайтиб, султон Абулғозий Ҳусайн Мирзо олдида фаолият олиб борди. У кишининг довруғи Усмонийлар империясига ҳам етиб борган. Абдурроҳман Жомий ҳазратлари Ҳаж сафарига борганларида Муҳаммад Фотиҳ султон у кишининг ҳузурига элчи юбориб, Истамбулга боришни таклиф қилди. Аммо Жомий ҳазратлари бундан бош тортиб, Ҳиротга ўз юртларига қайтиб кетдилар. Кейинчалик Муҳаммад Фотиҳ султоннинг ўғли Язид II ҳам мактуб йўллаганда уни ҳам чиройли тарзда рад этганлар.
Жомий ҳазратлари ўз даврининг энг буюк тилшуноси ҳам эдилар. Араб тилини ўз она тилидек билар эдилар. У киши араб тилига катта ҳиссаларини қўшганлар. Хусусан, Ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳнинг “Кофия” китобларига шарҳ қилиб “Фаваидуз-зиёийя” номли китоб ёздилар. Бу китобга шарҳ ёзишига сабаб фарзанди Зиёвуддин араб тилини шу дарслик бўйича ўқиб, дарсни ўзлаштиришда қийинчилик сезганидир. Шунда Жомий унинг аҳволини тушуниб, 1492-йили, яъни умрининг охирларида «Ал-Кофия»га махсус шарҳ ёзади. Шундан сўнг Ибн Ҳожибнинг асари мактаб ва мадрасаларда шу шарҳ ёрдамида ўқитиладиган бўлади. Жомий «Шарҳи» эса «Шарҳи Мулло» номи билан шуҳрат қозонади. Китоб кичик бўлишига қарамасдан шу замон уламолари орасида кенг тарқалди. Жомий ҳазратларининг ушбу ёзган китобларига Ибн Ҳишом ал-Ансорий, Буставий, Исомиддин ва Муҳаммад Исматуллоҳ каби кўп олимлар хошия ёзганлар.
Бундан ташқари Абдурроҳман Жомий ҳазратлари араб ва форс тилларида кўплаб асарлар ёзиб, халққа катта хизмат кўрсатганлар.
Абдурроҳман Жомий ҳазратлари 1492-йил Ҳиротда вафот этадилар.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
3 “Б” курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ






