Мулла Али ал-Қори ўз даврининг йирик тилшуноси, шоири ва олими сифатида машҳурдир. У илм чўққиларини забт этишда ўша даврнинг кўплаб уламоларидан дарс олган. Маълумки, Ўрта Осиё минтақаси мусулмонлари ҳанафий таълимоти ва мазҳабига амал қилади. Мулла Али ал-Қори ҳам шу диёрда ўсган, шу анъанани ўзига сингдирган. У Мовароуннаҳр уламоларининг илмий мактабини ўтади. Сўнг эса илмий сафар уюштириб, кўплаб араб юртларида бўлди ва охири Макка шаҳрида бутунлай истиқомат қилиб қолди. Араб диёрларида эса, бошқа ҳанбалий, шофеъий ва моликий мазҳабининг вакиллари билан учрашди, улар билан илмий мунозаралар қилди, уларга илм ўргатди ва ўрганди.
Ҳар бир олимнинг ўзига яраша атрофида талабалари бўлганидек Мулла Али ал-Қорининг ҳам талабалари жуда кўп бўлган. Ваҳоланки у замонасининг етук алломаси, даврининг ягонаси, муҳаққиқ олим, муҳаддис, фақиҳ, муфассир, қуръон илми моҳири, илм ва маърифат борасида қўли етмаган соҳа йўқ. Кўпгина тарихчиларнинг берган маълумотлари ва талабаларининг кўплиги сабабли уларнинг номларини зикр қилиш мушкул. Шунинг учун улуғ талабаларидан бир нечтасининг номларини зикр қилиш билан кифояланамиз:
- Имом, хатиб, муфтий шайх Муҳйиддин Абдулқодир ибн Муҳаммад ибн Яҳё ибн Мукаррам ибн ал-Муҳиб ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн ат-Табарий аш-Шофеъий ал-Маккий. Аллоҳ мукаррам қилган ўлка – Ҳарамнинг етук имом хатиби. Ҳижрий 1033 йилда вафот этган ва ал-Муалло қабристонига дафн қилинган.[1]
- Аллома, фақиҳ, қози Абдурраҳмон ибн Исо ибн Муршид ал-Умрий ал-Муршидий ал-Маккий ал-Ҳанафий Аллоҳ мукаррам қилган ўлка – Ҳарами шариф уламолари ва муфтийларининг устози, шайхул ислом. Нафас қисилиши хасталигидан ҳижрий 1037 санада шаҳид бўлган.[2]
- Шайх Муҳаммад Абу Абдуллоҳ. “Абдулазим ал-Маккий ал-Ҳанафий ибн Мулло Фаррух ибн Абдул Муҳсин ибн Абдулхолиқ ал-Мавравий (Марвага нисбат берилган)” номи билан машҳур бўлган. Рим аъмолларидан. Маккаи Мукаррамада ҳижрий 1061 санада вафот этган.[3]
- Саййид Муаззам ал-Ҳусайний ал-Балхий. Исми Али ал-Қорининг муаллафотлари – асарлари зикр қилинган “Ал-исбот вал-асонийд” номли китобда келирилган.[4]
- Сулаймон ибн Сафиййуддин ал-Жоний. Исми “Ижозати шайх Али ал-Қори” номли китобда келтирилган. У Али ал-Қоридан фиқҳ илми (усул ал-фиқҳ), ҳадис ва тафсир илмларини ўрганган.[5]
5
Имом Али ал-Қори дину диёнат, тақво, зуҳд ва ҳилмда бениҳоя эди. Буларнинг барчаси қилаётган амалларининг Аллоҳ учун эканлиги ва самимий ихлосидан эди.
Имом Мулла Али ал-Қори Маккаи Мукаррамада ҳижрий бир минг ўн тўртинчи йил (1014) Шаввол ойида (милодий ҳисобда 1636 йилда) вафот этди.[6]
Маккаи Мукарраманинг машҳур ал-Муъалло қабристонига дафн қилинди.
Унинг вафоти ҳақидаги хабар Мисрга етиб борганида, Миср уламолари ал-Азҳар жомеъсида у кишининг илм ва динда пешволигини тақдирлаб, кўпчилик бўлиб ғойибдан жаноза намозини ўқидилар. Намозда қатнашганлар сони эса тўрт мингдан ортиқ кишидан иборат эди.[7] Бу эса, Ислом оламида алломанинг шуҳрати баландлигидан яна бир дарак эди.
Асатуллаев Фарҳод Равшан ўғли
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси
[1] “Ҳадиййат ал-орифийн”, 1 жилд, 600 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 19 бет
[2] “Ҳадиййа ал-орифийн”, 1 жилд, 548 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 19 бет
[3] “Ал-имом Али ал-Қори ва асаруҳу фий илм ал-ҳадис” номли китобда зикр қилинган. 88-90 бетлар
[4] “Ал-имом Али ал-Қори ва асаруҳу фий илм ал-ҳадис” номли китобда зикр қилинган. 88-90 бетлар
[5] “Хулоса ал-асар”, 3 жилд, 185 бет; “Мирқот ал-мафотиҳ”, 1 жилд, 19 бет.
[6] “Таълийқот ас-сунна” 8 бет; “Хулоса ал-асар”, 3 жилд, 186 бет; “Самт ан-нужум”, 4 жилд , 394 бет.
[7] “Ан-ниқоя” , 1 жилд, 4 бет; Аш-Шавконий. “Ал-бадр ат-толеъ”.






