Бугунги глобаллашув шароитида миллатлараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда диний бағрикенгликнинг ўрни беқиёсдир. Турли дин вакилларининг бир замин устида тинчлик-тотувликда истиқомат қилишлари узоқ ўтмишга эгадир. Диний бағрикенглик фақат бугун эмас, қадимдан аждодларимиздан авлодларга ўтиб келаётган миллий қарашларнинг нодир намунасидир. Қадимги аждодларимизнинг бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик қадриятлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Заминимиз тарихдан турли динларга марказ бўлган. Барча динларга эркинлик берилган. Қолаверса, христианлар, яҳудийлар, собийлар, зардуштий ва бошқа дин вакилларига бу заминда яшаб, ўз динига эътиқод қилишига рухсат этилган. Уларга нисбатан бағрикенглик билан муносабатда бўлинган.
IХ асрдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ислом дини сунна йўналишининг ҳанафий, яъни Имом Аъзам мазҳаби қарор топди. Аҳли сунна вал-жамоанинг тўрт мазҳаби орасида Ҳанафийлик мазҳаби юртимизда нисбатан кўпроқ тан олиниши ҳам шаръий масалалар ечимининг пухталиги ва одамлар учун осонлигида, шунингдек, мўътадиллик ва бағрикенглик ғоялари илгари сурилганлигидандир. Имом Аъзам мазҳаби ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериш билан бошқа мазҳаблардан ажралиб туради.
Ислом тарихига назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳў алайҳи васаллам даврларида ҳам динлараро бағрикенглик намуналарини учратамиз. Ўша пайтда яҳудийлар Мадинада аҳднома асосида тинч-омон, ўз динларига эътиқод қилиб яшаган. Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида Илия христианлари билан тузилган аҳдномада христианларнинг тўла хавфсизлиги, эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқлари, черковларининг дахлсизлиги таъминланган. Ўша даврларда халифалик ҳудудида яшаган бошқа дин вакиллари ушбу ерда муқим яшашни афзал кўрганлар. Ўша даврда “зиммий” сўзи қўлланган, бунинг мазмуни мусулмонлар паноҳидаги бошқа дин вакиллари маъносини англатади. Бу ҳақида қуйидаги ҳадис мавжуд: «Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳў алайҳи васаллам: «Ким зиммийни ноҳақ ўлдирса, у жаннат ҳидини ҳидламайди! Унинг ҳиди эса қирқ йиллик масофадан ҳам келиб туради!» – дея айтган эканлар.
Динимиз манбаларида турли динлар ўртасида ана шундай аҳил-иноқлик ғоялари илгари сурилади, бағрикенгликка чорланади.
Динлараро ҳамжиҳатликнинг замирида инсониятнинг фаровон ҳаёт кечириши, бир мақсад йўлида олға интилиши тажассум топган. Жамият бирдамлиги, халқнинг фаровонлиги ва бахти эса меҳр-мурувват аталмиш гўзал инсоний фазилат ила мукаммаллик касб этади.
Истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда динлараро бағрикенгликни таъминлаш, диний қадриятларни асраб-авайлаш, виждон эркинлигини кафолатлаш, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, улар ўртасидаги дўстона муносабатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Айни пайтда юртимизда динлараро бағрикенглик ғоялари бош ғояларимиздан бирига айланган, десак муболаға бўлмайди. Тинч-тотув яшаётган халқимиз ҳар бир дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлмоқда. Бугунги кунда юртимизда аҳил-иноқ яшаётган турли дин вакилларини кўриб беихтиёр ҳалқимизнинг қон-қонига сингган муқаддас динимиз билан ҳамоҳанг фазилатларга эгалигини ҳис этамиз. Бу эса тинчлик осудаликнинг асосидир.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси Хошимов Асилхон таёрлади






