Юртимиз шуҳратини дунёга таратган тенгсиз ва забардаст алломаларимиздан бири, ҳидоятга бошловчилар Имоми, эътиқод-калом илмининг асосчиси ва пешвоси Ҳазрати Шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандийдур.
У киши Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида дунёга келган. Мотурид аслида манбаларда айтилишича, арабча «Мо турид» сўзидан олинган. Маъноси, «Нима демоқчисан?»дир. Айтишларича, Шайх Абу Мансур ал-Мотурудий калом илмига ружуъ қўйган пайтида шогиртлари кўпайиб кетган ва улар ўзаро баҳс қилганларида, бир-бирларига араб тилида кўпинча «Мо турид» деб мурожаат қилганлар. Шу сўз кўпчилик қулоғига тез-тез чалинавергач, Шайх шогиртларини мотуридийлар, қишлоқ номини эса Мотурид деб атай бошлаганлар.
Ислом оламида “Имамул ҳуда” (Ҳақ йўлида ҳидоятга бошловчи Имом), “Имомул мутакаллимин” (калом олимларининг Имоми), “Раисул аҳлус сунна” (аҳли сунна ва жамоати раиси) ва “ал-мутакаллим ас-Самарқандий” (Самарқандлик калом илми Имоми) каби шарафли номлар ила сарафроз этилиб, машҳуру манзур бўлган Имом Абу Мансур ал-Мотуридий илмда, исломда, шариату эҳёда ва суннати сонияда ниҳоятда беқиёс хизматлари учун ҳам катта шуҳрат қозонганлар.
Ўтган тарихнавислар ул зотнинг наслу-насабларини ансорийлардан бири, яъни Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадина шаҳрига ҳижратлари вақтида, ул зоти шарифни илк меҳмон қилган Абу Аюб Холид ибн Зайд ибн Кулайб ал-Ансорий авлодидан эканликларини ёзишса-да, ота-оналари ва оилалари ҳақида ҳеч бир маълумот беришмаган.
Шундай қилиб, буюк алломанинг номлари – Муҳаммад, куниялари – Абу Мансур ва тахаллуслари – Мотуридий (яъни, Мотурид мавзеида туғилганликлари учундир) бўлган.Имом Мотуридий ҳаётида, бизгача этиб келган жуда оз маълумотларга ишонадиган бўлсак, уни самарқандлик замондош олимлардан ажратишга арзигулик биронта диққатга сазовор воқеа содир бўлмаган. Хеч бир маълумот унинг бирон-бир ижтимоий лавозим эгаси бўлгани ёки кенг шуҳрат топгани, кўпроқ тарафдорларга эга бўлгани ёки бўлмаса, Бухородаги Сомонийлар саройи билан қандайдир алоқаси бўлганига ишора қилмайди. Бошқа илоҳиётчиларда, масалан, ал-Ашъарийда бўлганидек, бир неча фожиявий шаклда кечган ҳолда тубдан ўзгаришларга олиб келиши мумкин бўлган ички руҳий кечинмалар ҳақида ҳам бирон-бир манбада маълумот учрамайди. Аксинча, ал-Мотурудий машҳур бўлгандан сўнг, у ҳақда ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган шахс ҳар гал унинг ҳаётидан бирон бир тилга олишга арзигулик маълумот топа олмагани ҳамда фавқулодда бир нарса айтиб бера олмаганидан бироз саросимага тушиб қолар эди.
Имомнинг туғилиш саналари ва устозлари борасида баъзи чалкашликлар ҳам мавжуддир.
Аксарият тарихчилар Мотуридийнинг 333 (мил. 944) йилда вафот этганликлари ҳақида ягона фикрга эгадурлар. Шунга қарамай, баъзи Оврупо тарихнавислари Имомни 941 йилда вафот этган дейишса, машҳур турк олими Тош Кўпризода эса Мотуридийни 336 (947) йилда вафот этган, деб фикр билдирган. Шу билан бирга, баъзан 935 йилда ёки 945 йилда вафот этган, деювчилар ҳам учрайди.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизким, ҳозирги давримизга келиб буюк Имомнинг вафот этган саналари 333 (944) эканлигини барча илм аҳли эътироф этгандир.Кейинги давр манбаларида, жумладан “Ислом” қомусида, Овруполик машҳур исломшунослардан Г.Э. фон Грюнебаум асарида Мотуридий 870 йилда туғилган ва 944 йилда вафот этган, деган фикрларини юртимиз тарихчилари ҳақиқатга яқин деб ҳисоблайдилар. Чунки “Ислом” қомуси ҳамда Оврупо олимлари ўзларида мавжуд ва биздан ташиб кетилган жуда ноёб қўлёзма китоблардан фойдаланганликлари маълумдир.Шунинг учун ҳам Имомнинг туғилишларига 870 – йилни эталон сифатида белгиланди.
Имом Мотуридий ҳаётларига оид барча маълум манбаларнинг далолат беришича, ул зот Имом Аъзам – Абу Ҳанифа мазҳаби занжиридаги энг юқори турган алломалардан таҳсил ва ижозат олган. Унинг фиқҳшунослик ва илми каломда муқим шаклланишида Самарқандда яшаётган ўша замоннинг забардаст фақиҳларидан Муҳаммад ибн Фазл Балхийнинг таъсири бениҳоя катта бўлган. У киши Балх шаҳрида таваллуд топган. Баъзи сабабларга кўра, Балхдан кетишга мажбур бўлган Муҳаммад ибн Фазл Балхий Самарқандга келиб фаолият кўрсата бошлайди. Унинг энг машҳур шогирдлари сирасига ислом оламидаги Калом илмининг асосчиси бўлмиш Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва илми ҳикматнинг забардаст алломаси Имом Абул Қосим ас-Самарқандийлар киради.
Замон алломаси Муҳаммад ибн Фазл Балхий 319 (931) йилда Самарқандда вафот этади ва Пойқобоқ дарвозаси яқинида, Ҳазрати Шоҳизинда – Қусам ибн Аббоснинг яқин ёронларидан бўлмиш Муҳаммад Санграсоннинг қабри яқинида дафн этилган. Тарихий манбалар бўйича, ул зотнинг тариқий (яъни тариқатдаги устозлари) силсиласи қуйидагича: Балхийнинг силсиласи Аҳмад Хизрўйга (ваф. 854) бориб этади; у эса Ҳотим Асамнинг (ваф. 852) шогирди; у эса ўз навбатида Шақиқи Балхийнинг; у эса Иброҳим Адҳамнинг шогирди эди.
Ал-Кавофий ўзининг “Китаби аълом ул аҳёр” асарида Имом ал-Мотуридийнинг Абу Наср ал-Иёзийдан ижозат олганлигини ва Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжонийдан фиқҳ илмини ўқиганлигини, у зот эса Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан, у эса Имом Муҳаммад аш-Шайбонийдан, у эса буюк алломалар устози ва мазҳаб асосчиси Абу Ҳанифа – Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)дан фиқҳ таҳсили олганлигини ёзади. Шуниси ибратомузким, Абу Наср ал-Иёзий Имом ал-Мотуридийнинг устози бўлишига қарамасдан, у билан биргаликда Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжонийнинг мажлисига қатнаб ҳамсабақлик қилгани каби, кейинроқ Имом Абул Қосим ал-Ҳаким ас-Самарқандий ҳам Имом ал-Мотуридийни устоз билгани ҳолда у билан бирга Работи Фозиён масжид-мадрасасига Балхийнинг мажлисига қатнаб ҳамсабақлик қилар ҳамда халқаи тадрисида биргаликда ижозат олишган ҳам эдилар.
Ҳозирги даврнинг кўпчилик олимлари Имом ал-Мотуридийнинг она юрти Самарқанддан бир қадам ҳам ўзга юртларга, хорижга чиқмаган ва ўз асарларини фақат Самарқандда турибгина ёзган, деб даъво қилишмоқда. Йўқ, бул зот ҳам бошқа улуғ алломаларкаби ислом юртларига сафар қилганлар; Ҳаж ва буюк устозлар зиёратида бўлганлар. Чунки, бир буюк илмни бошлашдан олдин Маккага – ҳажга, Мадинага – Расулуллоҳ равзаларининг зиёратига, Шому Ироқдаги Имом Аъзам ҳамда бошқа буюк устозларнинг зиёратларига бориб Аллоҳдан мадад ва улуғ устозлардан руҳониятли ижозат сўраганликлари аниқдир. Зероким, ўзларининг ҳуқуқшунослик, каломшунослик, тафсир ва ҳадисшуносликларга доир ёзилган улуғ асарларида, масалан ҳажга доир масалаларни ўзлари ҳажни адо этмасдан туриб шаръий ҳукм чиқаришларини тасаввур қилиш қийиндир. Демак, Имом ал-Мотуридий албатта ҳажга борганлар, шу билан бирга бошқа юртларга ҳам сафар қилганлар. Шунинг учун ҳам юқоридаги арконлар ҳақида мукаммал ҳукмлар чиқаришга ҳақлари бўлган.
Буюк Имом Абу Мансур ал-Мотуридий машҳур шогирдларни этиштирганликлари билан ҳам машҳурки, уларнинг барчаси Имомлик даражасига мушарраф бўлишгандир.
Парпиев Зоҳидуллоҳ,
4-курс талабаси






