Алишер Навоийнинг ўз даври кишиларига, асосан, илм аҳлига катта хайру саховат кўрсатганини тарихнавис замондошлари ёзиб қолдиришган. Буюк адиб умри давомида 370 дан ортиқ работ, сардоба, шифохона, масжид, мадраса ва қорихоналар қурдирган.
«Вақфия» асарида Алишер Навоийнинг ўзи эътироф этишича, 1475 йилда султон унга Ҳиротдаги Марға кўшкининг ёнидан ҳовли қуриш учун ер инъом этган. Серҳосил ва унумдор қора тупроқли, тошлари ҳам манфаатли мазкур ерга ҳазрат фақат ҳовли бино қилиш билан чекланмайди. Олдин ҳеч кимга иморат қуриб яшаш насиб этмаган ушбу хушҳаво ердаги бино атрофига Навоий бир қанча дарахтлар экиб, боғ барпо этган. Турли гул-чечаклар кўкартирганки, бу ўттиз жериб (тақрибан бир таноб миқдоридаги ер ўлчови) ер кўрган кишининг баҳри дилини яйратадиган бир масканга айланган. Боққа султон Ҳусайн ҳам бир неча бор истироҳат учун келиб турган.
Бу ишларни баён қилар экан, ҳукмдордан тортиқ олиш иморат ва боғ барпо этишдан асл мақсадни Навоий шундай ёзади: «Умидим будурким, ҳамиша ул ер бу давлатқа сазовор ва мудом бу хоксор ҳам бу иноятка бархўрдор бўлғаймен. Иншаоллоҳу таоло…»
Кўринадики, Навоийнинг ғарази боғ яратиб, уни давлатга, халққа, эл-юртга савоб умидида хизмат қилиш учундир. Кейинроқ Навоий бу каттагина ҳудуддаги шахсий мулкини таълим учун халқ ихтиёрига топширганини билдирган. Хондамир шу жойда барпо этилган «Дорул ҳуффоз» ва «Ихлосия» мадрасасида турли ўлкалардан келган минглаб ёшлар таҳсил олганини, уларнинг барча таъминоти Навоийнинг хусусий маблағлари эвазига қопланганини ёзиб қолдирган.
Мазкур мулклар ҳудудида жамоат фойдаланиши учун бир қанча бино ва иншоотлар ҳам барпо этилган. Мулкларнинг доимий ободлиги учун ходимлар тайин қилинган. Улардан тушадиган маблағлар эса, ходимларнинг маоши, илм аҳлига кўмак, эҳтиёжмандларга ёрдам сифатида тақсимланган. Шунча мол-мулк эгаси ҳисобланган Алишер Навоий бир сидра кийим ҳамда оддий эл қатори емак билан кифояланган ҳолда ҳаёт кечирган. Замондошлари Навоийни катта мол-давлат соҳиби бўлгани ҳолда ҳеч қачон бойликни тўплаб қўймагани, ҳатто кўпинча ҳузурида закот беришга етарли сармояси бўлмаганини ёзишган.
Орадан қарийб олти юз йил ўтди. Қурдирилган иморатлар, экилган кўчатлар ҳозирда эҳтимол сақланиб қолмагандир. Аммо минглаб илм аҳлига кўрсатилган саховат ортидан етишиб чиққан олимлар мероси ҳамон инсониятга манфаат етказиб турибди. Ўша хайрли ишларнинг савоби ҳам туганмасдир.






