Муомала ҳар қандай одам, жамият фаолиятининг зарурий ва умумий шарти, ҳар томонлама ривожланишининг муҳим омили, онгли одамни табиатдан ажратиб турувчи мезонлардан биридир. Муомала жуда мураккаб жараён бўлиб, у одамларнинг ўзаро иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-маънавий муносабатларини, алоқаларининг йиғиндисидан ташкил топади.
Муомала маданиятининг шакллари жуда кўп, уларнинг ичида учтаси алоҳида кўзга ташланиб туради:
● хулқ-атвор маданияти;
● ташқи кўриниш маданияти;
● нутқ маданияти.
Муомала маданияти ушбу шаклларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида ҳар бир одамда ички мазмун ва моҳият, ташқи ифода ҳамда уларнинг муштараклиги ёки муштарак эмаслиги тарзида сезилиб туради.
Муомала маданияти уч таркибий қисмдан иборат:
1) феъл-атворнинг ички мазмуни ва моҳияти;
2) юриш-туришнинг ташқи ифодаси;
3) улар ўртасидаги уйғунлик ва мутаносиблик даражалари.
Хулқ-атворнинг ички мазмуни ва моҳиятини шахс ахлоқийҳуқуқий ва эстетик онгининг ривожланиш даражаси ташкил этса, ташқи кўринишини уларнинг синтези бўлган эстетик дид, фаҳм-фаросатни белгилайди. Ҳар иккаласининг уйғунлиги ва муштараклиги эса юксак маданият соҳиби эканлигидан дарак беради.
Муомала маданиятининг умумий қоидалари қуйидагилардан иборат:
1. Одоб ва эҳтиёткорлик билан муомала қилишдан ҳамма мақсадлар рўёбга чиқади. Мулойимлик билан айтилган сўзлар кўнгилга роҳат бахш этади. Шунинг учун ҳамма билан одобга риоя этиб муомала қилинг, очиқ юзли, ширин сўзли бўлинг.
2. Бир нарсадан хафаланиб, аччиғингиз келиб турган вақтда ҳеч ким билан сўзлашманг, ғазабингиз босилгунча сабр қилиб туринг. дамларнинг камчиликларини кечиринг, ҳар ишда фикр қилиш ва эътибор беришни унутманг.
3. Одамларга аралашмай бир четда турманг. Ким учраса, текширмай-кетмай дарҳол дўст бўлиб кетманг, ҳар ишда ҳурфикрли, тўғрисўз бўлинг, тилингиз ва дилингиз бирдек бўлсин.
4. Қўпол муомалали кишиларнинг муомалаларига яхши муомала билан жавоб қайтаринг.
5. Ўзингиздан кичикларни хўрламанг, ақлингиз ва мартабангиз билан мақтанманг, ҳар кимнинг ўзига муносиб муомала қилинг.
6. Ҳамсуҳбатингиз гўзал муомала қилишини истасангиз, аввал ўзингиз унга гўзал муомала қилинг.
7. Халққа яхши ишларни сўзланг, ёмон ишларни яширинг. Одамлар билан муомалангиз шундай бўлсинки, ҳаётингизда сизни севсинлар, вафот этганингиздан кейин сизни эслаб, қайғурсинлар.
8. Жуда зарур бўлиб қолган вақтдагина халқдан ёрдам сўраш мумкин. Халққа ўз оғирлигингизни солманг, уларнинг молларига таъма қилманг, ўзингиз ишланг, меҳнат қилинг, ризқ-рўзингизни ўз меҳнатингиз билан яратинг.
9. Бир ишни бажаришга аҳд қилдингизми, сўзингизнинг устидан чиқинг, ваъдангизга вафо қилинг. Ким билан дўст бўлсангиз, дўстликка содиқ бўлинг. Одамларнинг шодликларига шодланинг, қайғуларига қайғуринг. Ўзингиз севмаган нарсани бошқаларга раво кўрманг.
10. Жамият манфаати учун хизмат қилинг, бу йўлда сарфляган вақтингизга ачинманг, чунки бошқаларни севиш, уларга ёрдам бериш, камчиликларини тугатиш улуғлик ва одамгарчилик белгисидир.
Ахмаджонов Муҳаммадсиддиқ
4-курс талабаси





