Талабалик олдин даврим, дейишади. Нигоҳидан ўт чақнаган, илмга чанқоқлик даврининг сурурли, ёрқин дамларининг гаштини туйган талабалар бу гапни чиқарганлар. Ҳар ким бахтни ўзича ўлчаб, тасаввур қилганидек, талабалик хотиралари ҳам ҳар кимда ўзгача гавдаланади. 2021 йилнинг Рамазон кечалари “Кўкалдош” талабалари учун бир умрлик ширин хотиралар бўлиб қолиши шубҳасиз.
Муборак ойнинг кечаларида “Назарбек” талабалар турар жойи тунги қиём ва Қуръон тиловатлари билан обод бўлди. 2-курс талабаси Абдуқодир Аҳмедовнинг ширали овоз билан қилган таровеҳ хатми ниҳоясига етган Рамазоннинг 29-кечасида ушбу маскан таълим муассасаси раҳбарияти, мударрислар, ўқувчи ва меҳмонларни ўз бағрига олди. Файзли ифтор дастурхони атрофидаги гўзал суҳбатлар сўнгида сарин шабада эсиб турган ётоқхона саҳнига жой қилиниб, жамоат бўлиб хуфтон ва таровеҳ намозлари адо этилди.
Хатмона сўнгида Абдуқодир Муҳаммадамин ўғлига “Қуръони каримни гўзал қироат билан хатм қилиб бергани, хуш хулқи ва дарслардаги фаоллиги учун” тўлов контракт пулининг ярми – 4 400 000 сўм маблағ билан тақдирлангани ҳақидаги сертификат топширилди.
Матбуот хизмати






