Қадимги Тошкентнинг қоқ марказида, Чорсу бозорининг биқинида жойлашган “Кўкалдош” мадрасаси ўзбекистонликларга яхши таниш. Тўрт асрдан зиёд тарихга эга мазкур мадрасанинг бугунги фаолиятини эса, ҳатто пойтахтликлар яхши биладилар дея олмаймиз.
Уларнинг дарс жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида 4-курс талабаларининг Мутолаа дарсида иштирок этдик. Устоз Асадуллоҳ Холмуродов шайх Абдуллоҳ Шабровийнинг “Унвонул баён” китобидаги ҳикматли ибораларни ўқиб, мазмунини талабаларга шарҳлаб бераётганларига гувоҳ бўлдик. Ўқувчилар дарсда диққат билан ўтириб, устоз сўзларини жон қулоқлари билан тинглашлари кишини қувонтиради. Бугунги дарсда ҳаё хислатининг улуғлиги, чақимчиликнинг жирканчлиги, сергапликнинг ёмонлиги ҳақида ҳикматлар ўқилди. Муаллиф айтадики, агар ҳаё кетса, динда ҳам, дунёда ҳам ҳеч қачон яхшилик бўлмайди. Сенга гап ташиган кимса сен ҳақингда ҳам албатта гап ташийди. Ким кўп гапирса, одамлар ундан безор бўлишади.
Ушбу дарслик битирувчи курс талабаларига ўқитилиши бежиз эмас. Бошланғич ва ўрта таълим босқичида тўғри эътиқод, мустаҳкам фиқҳ асосларини ўзлаштирган, Қуръон ва ҳадисдан маълум даражада билимга эга бўлган талабаларнинг дунёқараши кенгайсин, фикрлаш тарзи ўссин ва нутқи равон бўлсин деган мақсадда уларга адабиёт намуналари ўқитилиши амалиёти қадимдан қолган тажриба ҳисобланади.


“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати





