SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Абу Ҳанифанинг кўфалик устозлари силсиласи
30.11.2020 / Bo‘limda Axloq va tarbiya, Maqolalar

Абу Ҳанифанинг кўфалик устозлари силсиласи

Статистик маълумотларга кўра жаҳон мусулмонларининг 47% қисми ҳанафий мазҳабига мансуб бўлиб, бу мазҳаб географик жойлашувига кўра ислом дунёсининг шарқий ўлкалари: Туркия, Ўрта Осиё давлатлари, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Шарқий Туркистон каби ўлкаларни қамраб олади. Сурия, Миср каби араб давлатларида ҳам ҳанафийликнинг таъсири катта. Аҳли сунна ичида энг биринчи юзага келган бу мазҳабнинг асосчиси имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит раҳимаҳуллоҳдир. Ушбу мазҳабнинг алоҳида эътиборли жиҳати, у биргина олимнинг қарашларидан иборат бўлмай, балки бир жамоа уламоларнинг қарашлари йиғиндиси ва тизимга солинган ҳосиласидир. Абу Ҳанифа атрофида қироат, тафсир, ҳадис, қиёс, луғат илмларининг етук билимдонлари жам бўлгани, ўртага ташланган масалалар улар ўртасида обдон муҳокама қилиниб, ҳар томонлама ўрганилиб, ўз ечимини топиши олимлар томонидан эътироф этилган.

Фиқҳ масалаларини алоҳида илм сифатида ажратиб ўрганиш, унга оид фатволарни таҳрир қилиб, мавзуларини бобма-боб саралаб, муайян тартибга солиб ёзиш энг аввал шу мазҳаб доирасида амалга оширилган. Аслини олганда, ҳанафийлик йўналишининг мазҳаб ўлароқ шаклланиши айни шу жараён билан боғлиқ равишда кечган. Маълумки, саҳоба ва тобеъинлар фиқҳ масалаларини бобларга ажратиб тартибламаган, бу нарсага зарурат сезмаган эдилар. Чунки дастлабки даврда фиқҳ соҳаси ҳозиргидек сертармоқ кўринишда эмасди, Қуръон ва суннатни яхши билувчи, шаръий далиллар асосида янги масалаларга жавоб бера олувчи олимлар бисёр эди. Улар янги масала юзага келиши билан Қуръон, суннат ва қиёс орқали унинг ечимини айтар эдилар. Мавжуд фатволарни сақлашда эса кучли хотираларига суянардилар. Имом Абу Ҳанифа тарқоқ ҳолдаги фиқҳ илми йиллар ўтиши билан зое бўлиб кетмаслиги учун бу илмни тартибга солиш, мустаҳкамлаш чораларини кўрдилар. У зотнинг тартибига биноан фиқҳ илми “Таҳорат боби”дан бошланиб, унинг изидан “Намоз боби”, сўнгра бошқа ибодатлар бобма-боб давом этар, кейин муомалот бобларига навбат келарди. Энг охирида “Мерос боби” билан якун ясаларди. Кейинчалик фиқҳий асарларни шу тартиб асосида таълиф этиш анъанага айланди[1].

Ҳанафий мазҳабининг пайдо бўлиши ва таъсис топиши

Ҳанафий мазҳаби имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг юрти Кўфа шаҳрида вужудга келди. Ўша вақтда у катта илмий марказ бўлиб, илм ва уламолар билан тўлиб-тошган, масжидлари фиқҳ ва ҳадис ҳалқалари билан гавжум эди.

Мусулмонлар илм-фанининг равнақ топишида бу шаҳарнинг беқиёс ўрни бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб саҳобалари Кўфага келиб ўрнашган эдилар. Айниқса, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу саҳобаларга Мадинадан бошқа шаҳарларга боришга рухсат берганларидан кейин уларнинг катта қисми транзит йўллари кесишмасида жойлашган, улкан сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга Кўфага кўчиб келишди. Натижада бу шаҳар илм марказига айланди. Қолаверса, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида у халифалик пойтахти ҳам бўлган эди[2].

Ҳанафий мазҳабнинг илк тамал тошлари ҳақида сўз кетса, саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эсга олинади. У зотни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Кўфага муаллим ва амир Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуга вазир қилиб жўнатаётиб, бундай деган эди: “Сизларга Аммор ибн Ёсирни амир, Абдуллоҳ ибн Масъудни муаллим ҳамда вазир қилиб юбормоқдаман. Икковлари ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бадр жангида қатнашган улуғ саҳобаларидир. Абдуллоҳ ибн Масъудни Байтулмолга масъул қилдим. Уларга эргашиб, илм ўрганинглар. Кўзим қийиб Абдуллоҳ ибн Масъудни сизларга жўнатдим[3]”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Кўфа аҳлининг муаллими бўлдилар. Бирмунча вақтдан кейин ўзларидаги илм булоғидан қониб сув ичган, раббоний тарбия топган энг сара шогирдларини ўринларига қолдириб, Мадинага қайтдилар. Бу шогирдлар Қуръон, суннат ва фиқҳ илмининг ёрқин юлдузларига айланган эдилар. Айнан улар саҳобаи киромлардан кейин Кўфада илм, фиқҳ, фатво байроқларини кўтардилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу илмининг Кўфадаги меросхўрлари орасида Алқама[4], Ҳорис[5], Масруқ[6], Абу Майсара[7], Абийда[8], Асвад[9] сингари (Аллоҳ уларни Ўз раҳматига олсин) забардаст фақиҳлар бор эди.

Ибн Масъуднинг этагини маҳкам тутиб, унинг илми, фиқҳи ва ҳадисларидан энг катта хирмон уйган, илм ва амалда шерикларидан ўзиб кетган, қавмининг энг билимдони саналган, устозидан кейин фатво ўрнини эгаллаган шогирди Алқама раҳимаҳуллоҳдир. У ҳидоят ва улуғворликда, юриш-туришларида устози Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўхшаб кетарди. Саҳобаларнинг бир қанчалари тирик бўла туриб одамлар айнан Алқамадан савол сўрардилар. У нафақат одамлар, балки улуғ устозининг эътирофига сазовор бўлган, унинг наздида сиқа (ишончли) саналган киши эди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ниманики ўқитган, ўргатган бўлсам, Алқама уни ўқиган ва ўзлаштирган[10]”, деб уни алқаган эди.

Алқама нафақат Абдуллоҳ ибн Масъуддан, балки бошқа саҳобалардан ҳам, хусусан Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб сингари мужтаҳидлардан бевосита илм олди, улардан ҳадислар ривоят қилди.

Саҳобалар асридан кейин Кўфада илмнинг ривожланиши Алқама раҳматуллоҳи алайҳнинг илмий фаолияти билан боғлиқ равишда кечди. Шаҳарнинг казо-казолари, илм аҳлининг илғорлари бу зот ҳузурида таҳсил олдилар. Унинг шогирдлари орасида энг таниқлиси “Кўфа фақиҳларининг тили” деган номга сазовор бўлган пешқадам олим Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳ эди.

Иброҳийм Нахаий устози Алқаманинг йўлини тутди. Алқама эса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ эргашиши билан танилган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга изма-из эргашар эди. Ҳатто одамлар: “Алқамага Нахаийдан кўра кўпроқ эргашувчи бирор кишини кўрмаганмиз. Ибн Масъудга Алқамадан кўра кўпроқ эрашувчи бирор кишини кўрмаганмиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга Ибн Масъуддан кўра кўпроқ эргашувчи бирор одамни билмаймиз”, дейишарди[11].

Иброҳийм Нахаий вафотидан кейин унинг ўрнини Кўфа муфтийси ва фиқҳда мурожаат қилинадиган зот Ҳаммод ибн Абу Сулаймон эгаллади. Нахаий тириклигидаёқ шогирдларига: “Мендан кейин Ҳаммоднинг этагини тутинглар: у одамлар мендан сўрайдиган ҳамма масалаларни ўрганиб бўлган”, деб васият қилган эди[12].

Абу Ҳанифа (Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин) фиқҳни Ҳаммод ибн Абу Сулаймон раҳимаҳуллоҳдан таълим олдилар. Ўн саккиз йил давомида то устози вафот этгунича ундан ажралмадилар. Ўзлари ривоят қилиб айтадилар: “Мен Ҳаммодни лозим тутганимдек бир кимса бошқасини лозим тутмаган[13]”. Сўнгра марҳум устозининг энг муносиб ўринбосари бўлгани боис унинг ўрнига ўтириб, кишиларга илм ўргатдилар, фатво бердилар.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Ҳаммод ибн Абу Сулаймон раҳимаҳуллоҳдан таҳсил олиш билан бирга бошқа кўплаб устозлардан илм олганлар. Ҳаммод ҳам устози Нахаий билан чекланиб қолмай, бошқа шайхлардан ҳам сабоқ олганлар. Аммо асосий таълим йўналиши эътибори билан ҳанафийликнинг устоз-шогирдлик силсиласи Абу Ҳанифа – Ҳаммод – Иброҳим – Алқама – Абдуллоҳ ибн Масъуд тизимидан иборат бўлган.

Хулоса шуки, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ мазҳабининг асосий булоғи буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг фиқҳи ва ривоят қилган асарларидир. Ҳанафийлик илдизлари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бошланади ва деярли барча тамойиллари у зотга бориб тақалади.

ЎзХИА магистранти  Камолов Абдулла


[1] Зафар Аҳмад Таҳонавий. Иъло ас-Сунан. Дар ал-кутуб ал-илмийя нашриёти. 2018 й. Байрут – 5 бет.

[2] Муҳаммад ибн Саъд. Китаб Табақот ал-Кабир. Мактаба Хонижий. Миср. 2008 й. – 8\188.

[3] Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Ҳусн ат-тақозий. Дар ал-анвор. Миср 1948 й. – 10 бет.

[4] Абу Шибл Алқама ибн Қайс ибн Абдуллоҳ Нахаий Куфий. У зот тобеинлардан бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғида туғилган. Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али, Ҳузайфа, Салмон, Абу Дардо разияллоҳу анҳумлардан ҳадис ривоят қилган. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг хос талабаси ҳисобланади. Аъмаш Иброҳимдан ривоят қилиб айтади: “Алқама жуда чиройли қироат қиларди, Ибн Масъуднинг олдига борса, Ибн Масъуд: “Ота-онам сенга фидо бўлсин, тиловат қил” деб айтарди”. Вафоти 62 (682) йилга тўғри келади. (Муҳаммад ибн Саъд. Китаб Табақот ал-Кабир. Мактаба Хонижий. Миср. 2008 й. – 8\207)

[5] Ҳорис ибн Қайс ал-Жуъфий ал-Куфий. Бу киши улуғ тобеинлардан бўлиб, Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган. Ҳижрий 60-йиллардан олдин (661-181 йиллар оралиғи) Муовия разияллоҳу анҳунинг халифалик даврида вафот этган. (Муҳаммад ибн Саъд. Китаб Табақот ал-Кабир. Мактаба Хонижий. Миср. 2008 й. – 8\287)

[6] Абу Ойша Масруқ ибн Аждаъ Абдурроҳман ибн Молик Ҳамадоний Куфий. Отаси Аждаъ шоир эди. Бир гуруҳ инсонлар билан қавмидан вакил бўлиб Умар разияллоҳу анҳунинг олдиларига борган. Умар разияллоҳу анҳу исмнинг нима деб сўраганида – Аждаъ деб айтган. Шунда Умар: “Аждаъ шайтоннинг исмидир, сен Абдураҳмонсан”, деганлар. Жуда кўп саҳобалардан, хусусан хулафои рошидиндан ҳадис нақл қилган. Фатво беришга жуда иқтидорлик бўлганлар. 62 (682) йилда вафот этган. (Муҳаммад ибн Саъд. Китаб Табақот ал-Кабир. Мактаба Хонижий. Миср. 2008 й. – 8\197)

[7] Абу Майсара Амр ибн Шураҳбил Ҳамадоний Куфий. Абдуллоҳ ибн Масъуд разаяллоҳу анҳунинг машҳур шогирдларидан. “Бану Водиъа” масжидида имом бўлган. Ҳасан ибн Мусо нақл қилган, Абу Майсара: “Аллоҳ фақат пок жойда зикр қилинади” деб айтарди. Ойша онамиз разияллоҳу анҳодан ҳам ҳадис ривоят қилганлар. Етук фиқҳ олими, 63 (683) йилда вафот этган. (Муҳаммад ибн Саъд. Китаб Табақот ал-Кабир. Мактаба Хонижий. Миср. 2008 й. – 8\226)

[8] Абу Амр Абийда ибн Амр Салмоний Муродий Куфий. У Макка фатҳ этилган йили Яманда мусулмон бўлади, лекин Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни кўришган эмас. Абу Амр Абийда саҳобалардан ҳадис ривоят қилган етук олим бўлган. Муҳаммад ибн Сийрин: “Абийда ўз қавмини билимдони эди”, деган. У зот 72 (692) йилда вафот этган. (Муҳаммад ибн Саъд. Китаб Табақот ал-Кабир. Мактаба Хонижий. Миср. 2008 й. – 8\213)

[9] Абу Амр Асвад ибн Язид ибн Қайс Нахаъий Куфий. У Алқаманинг акасининг ўғли бўлиб, солиҳ, обид ва фақиҳ киши эди. Умар, Али, Ибн Масъуд разияллоҳу анҳумдан ривоят қилган. Ойша онамиз разияллоҳу анҳони қаттиқ ҳурмат қилар эди. Ойша онамиз у ҳақида: “Ироқда бирор киши менга Асваддан кўра ҳурматлироқ эмас”. Асвад 75 (695) йили вафот этган. (Муҳаммад ибн Саъд. Китаб Табақот ал-Кабир. Мактаба Хонижий. Миср. 2008 й. – 8\191)

[10] Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Ислом тарихи. Дар ал-китаб ал-арабий. 1990 й. – 5\92

[11] Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Муассаса ар-рисала. 1982 й. – 4\55.

[12] Аҳмад ибн Муҳаммад Насриддин ан-нақиб. Ал-Мазҳаб ал-Ҳанафий. Мактаба ар-рушд. Риёз. 2001 й. – 1\54.

[13] Аҳмад ибн Муҳаммад Насриддин ан-нақиб. Ал-Мазҳаб ал-Ҳанафий. Мактаба ар-рушд. Риёз. 2001 й. – 1\55.

What you can read next

Сиз малол олмагунингизча Аллоҳ таоло “малол” олмайди…
Сиз малол олмагунингизча Аллоҳ таоло “малол” олмайди…
УЛУҒЛАРНИНГ ҚЎЛИНИ ЎПИШ СУННАТ
Улуғларнинг қўлини ўпиш суннат
Қалбнинг тириклиги илм ва ҳиммат биландир
Нега яхши нарсани паст нарсага алмашадилар?

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP