Марҳум юртбошимиз айтганларидек, бугунги кунда “Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда”. Маълумки, глобал муаммога айланган экстремизм ва террозимни барча соғлом кучлар биргаликда ҳаракат қилибгина енга олиши мумкин. Бу борада четга чиқмай, ватандошимиз, ўз даврининг рамзи ҳисобланган Амир Темур бобомизни бизларга ўрнак сифатида мисол келтиришимиз ўринлидир. Амир Темур эътиқод, маънавият, диний бағрикенгликнинг катта аҳамиятини тўғри идрок этган, “Аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодига содиқ, диний ақидапарастликка қарши қатъий бўлган, ислом динини мутаассибликдан холи, эркин тушунган. Унинг комил эътиқоди бошқа динларни рад этиш ҳисобига бўлмаган ва шу жиҳатлардан, у нафақат ўз асри, балки, юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, ҳозирги замон кишиси, бизлар учун ҳам намунадир.
Албатта, бугунги кунда ҳам диний бағрикенгликни ривожлантириш, керак бўлса, давлатлараро диний ҳамжиҳатлик фаолиятларини янада талқин этиш ҳаракатлари кенг намоён бўлмоқда. Бу борада ISESKO нинг мусулмон дунёсидаги муайян шаҳарларни ислом маданиятининг пойтахтлари деб эълон қилиши мусулмон мамлакатлари ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш, турли мамлакатларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришдек мақсадларини кўзлайди.
Аллоҳ таоло мукаррам қилиб яратган инсон ҳаёти учун энг зарур неъматлардан бири тинчлик ва осойишталикдир. Қуръони Каримда шундай дейилади:
“У (Аллоҳдан келган нур) билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур.” (Моида, 16)
Оятдан тинчлик ва саломатлик энг улуғ неъматлар эканлиги, тинчликни бузиш, фитналар содир этиш, бировга тажовуз қилиш, сабабсиз бошқа диндагилар билан хусуматлашиш кабилар Аллоҳнинг ризосига олиб бормаслиги маълум бўлади.
Охир замон пайғамбари, сарвари коинот Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:“Эй одамлар, билингки, албатта Роббингиз бирдир. Албатта, отангиз бирдир. Билингки, албатта арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан, қизилни қорадан, қорани қизилдан фазли йўқ, магар тақво ила (фазли бор)”.
Бундан келиб чиқадики, инсонлар хоҳлайдиларми ёки йўқми, инсон сифатида бошқа диндаги ва бошқа миллатлардаги кишилар билан инсоний алоқаларни йўлга қўйишлари лозим. Зеро, мусулмонларнинг бошқалар билан юмшоқ, адолатли муносабатлари, уларга аввало ўзлари ўрнак бўлишлари сабабидан жоҳил, барчани адашган, фақат ўзини тўғри йўлда деб биладиган, ислом ниқоби остида унга путур етказишдан тўхтамайдиган, Муқаддас динимизга ва тинчлигимизга рахна солувчи шахсларнинг қалблари эриб, инсофга келиб, бир ёқадан бош чиқарувчи кишиларга айланиб қолиши мумкин. Бу борада ҳам Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ўзлари ўрнак бўлганлар:
Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Одамлар бир жанозани кўтариб ўтишди. Пайғамбаримиз (с.а.в) ўринларидан турдилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, бу вафот этган киши яҳудий-ку”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ: “Яҳудий одам эмасми?”, дедилар. Бу гаплари билан саҳобалардан ранжиганларини билдирдилар ҳамда бошқа миллатдаги ва бошқа диндаги кишиларга нисбатан қандай муомала қилиш кераклиги борасида амалий кўрсатма бердилар.
Инсоният яратилибдики, доимо биргаликда яшайди, биргаликда ишлайди, меҳнат қилади, ўзаро бир-бири билан муомала ва мунособатда бўлади. Ўзларининг эҳтиёжларини, кам-кўстларини қондириш учун бир ёқадан бош чиқариб, барчани тенг кўриб ҳаракат қиладилар. Чўққиларни забт этиш учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳамжиҳатлик, бошқалар билан келишиш, ёрдам қўлини чўзиш, бағрикенглик қилиш лозим бўлади. Агар буларнинг бари ёлғон бўлганида, инсоният цивилизацияси бу даража етиб келмаслиги муқаррар эди. Демак, юксалиш учун муҳим бўлган фазилатлардан бўлмиш бағрикенглик ҳар қандай йўналишда, динда ҳам, илм-фанда ҳам, спорт соҳасида ҳам, савдо-сотиқ масалаларида ҳам асосий рол ўйнар экан. Ахир, табиатдаги барча нарсалар ҳам якка-якка кимёвий элементлардан ташкил топади. Уларнинг бирлашувигина керакли буюмни ҳосил қилади. Яна бир мисол, бирор-бир маънони билдирадиган сўзнинг ҳосил бўлиши учун ҳам бир неча ҳарфлар биргаликда талаффуз этилади, акс ҳолда, мақсадга етиб бўлмайди.
Тарихдаги барча урушларнинг илдизига назар ташлайдиган бўлсак, барчасининг сабаби миллатлар ва халқларнинг ўзаро келишмовчиликлари, тортишишлар, мутаассибликлар, ўз дини ва маданиятини мажбуран сингдиришга уринишлар, бировнинг тинчлигини кўра олмаслик кабилардир. Бунга юртимиз тарихидан бир мисол:
Асрлар давомида бир бутун бўлиб келган мамлакатнинг, бир иқтисодий ва маънавий-маданий маконда яшаб келган аҳолининг аста-секинлик билан диний ва дунёвий илмларга беэътибор бўлиб борганлари сабабли уч хонликка бўлиниб кетиши, хонликлар ўртасида тинимсиз давом этган қарама-қаршиликлар, диний ҳамжиҳатликдан узоқда бўлишлари, урушлар мамлакатни умумбашарий тараққиёт жараёнидан узилиб, ривожланишда орқада қолишга маҳкум этди. Ҳар бир хонлик ичидаги ҳокимиятни эгаллаш учун ички кураш, динни тўғри талқин этмаслик, ўзаро низо-жанжал, иғволарнинг авж олиши вилоят ва туманлар, қолаверса, бутун мамлакатни хонавайрон қиларди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Пиримқулов Нодир






