Биз техника асрида яшаяпмиз. Кундалик юмушларимиз, режаларимиз ҳамда билим олишимиз ҳам шунга яраша режалаштирилади. Инсонларнинг оғири енгил бўлмоқда. Маълумотлар оқимидан эндиликда телефон ёки компьютер орқали хабардор бўлиш имкониятига эгамиз. Ана шу омиллар сабаб кўпчилик китоб ўқишдан узоқлашгандек. Аммо мутолаанинг афзал жиҳатлари аниқланиб, оммага маълум қилинмоқда.



Китобга меҳр қўйган киши бу завқнинг қадр-қимматини яхши англайди. Онгу-шуъурини илм билан озиқлантириб борувчи китобсеварлар бу завқнинг нечоғлик азиз ва мукаррам эканлигини билишади.
Ислом динида фойдали китоб ўқишга чорланади. Унинг асосий манбаси “Қуръон” сўзининг ўзаги ҳам “қараъа”, яъни “ўқимоқ” феълидан олинган. Ана шунинг ўзиёқ динимизда ўқишнинг қанчалик муҳим аҳамият касб этишини билиш қийин эмас.
Шунинг учун бизнинг мадрасамизда турли китоб кўргазмалари, китоблар асносида интеллектуал мусобқалар ташкил қилиб турилади. Куни кеча ҳам мадрасамизга ҳадя қилинган бир нечта китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Жумладан, «Риёзус солиҳин» китобининг араб тилидаги нашри, «Мишкот ал-масобиҳ шарҳи» китобидан 25 дона, «Риёзус солиҳин шарҳи» китобидан 18 дона тақдим қилинган эди.



Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки «Мишкот ал-масобиҳ шарҳи» ва «Риёзус солиҳин шарҳи» китобларининг таржимонлари орасида бизнинг билим юртимиз устозлари Жалолиддин домла Холмўминов ва Шокиржон домла Мадаминовлар ҳам бор.
«Мишкот ал-масобиҳ» китоби таниқли муҳаддис олим Валиюддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоғ Хатиб ат-Табризий раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб бўлиб, “Чироқлар токчаси” деб номланади. У билан муаллаиф севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини буюк қалбларидан таралишига ишора қилганлар.
«Риёзус солиҳин» китоби буюк олим, таниқли муҳаддис Абу Закариё Яхё ибн Шараф ибн Ҳасан Нававий раҳматуллоҳи алайга тегишли бўлиб, “Солиҳлар гулшани” деб номланади.
Раҳматуллоҳ Саиджалолов
ЁБИММБ ходими






