Юртимизда азалдан барча илмларга катта эътибор бериб келинган. Бу илмлар орасида “фиқҳ” илми алоҳида ўрин тутади. Бу илм борасида юртимиздан чиққан олимлар китоблар таълиф қилганлар. Ҳозирги кунимизгача етиб келган бу асаралар мусулмон уммати орасида жуда машҳур бўлиб қўдан-қўлга ўтиб ўқиб келинмоқда. Бунга мисол қилиб мисол қилиб, Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ан-Насафийнинг “Канзуд дақоиқ” асарини келтиришимиз мумкин.
“Канзуд дақоиқ” фуруъул фиқҳ фанига оид ҳанафий мазҳабида ёзилган асар бўлиб, унда матнлар қисқа келтириш услуби танланган. Биз бу тадқиқотимизда “Канзуд дақоиқ” асарини асосан Мадинаи мунавварадаги “Дорус сирож” нашриётида чоп этилган нусхасидан фойдаландик. Ундаги мавзулар китоб, боб ва фаслларга бўлиб ёзилган. Бу эса, ўқувчига маълумотларни жамлаб тушуниб олишига ёрдам беради.
Муаллиф ўзи ёзган асари услуби ҳақида китобнинг муқаддимасида шундай ёзади: “Одамларда узун китоблардан қочиб, мухтасар китобларга рағбат қилаётганларини кўрганим учун “ал-вофи” китобини хулосини ёзишни ҳоҳладим…”.[1]
Олим ўз китобларида матнларни келтиришда ўта моҳирона ёндошганлар. Яъни баъзи ўринларда уламолар турли фикрни айтган бўлсалар, муалллиф матнни иккала олимни фикрини ҳам қўллай оладиган тарзда келтирганлар:
“وَمَسْحُ رُبْعِ رَأْسِه وَلِحْيَتِه”[2] бу матнда бошга ва соқолга масҳ тортиш ҳақида сўз бормоқда. Бу ерда араб тили қоидасига кўра, «لحيته» сўзини «رأسه» калимасига ҳам»ربع» калимасига ҳам оид қилиш мумкин. Имом Абу Ҳанифадан соқолни тўртдан бирига тортиш ривоят қилинган. Имом Абу Юсуфдан эса барчасида тортиш. Бу матн эса, иккала имомни ҳам фиркларини ёқлай олади.
Бу китоб мухтасар ёзилган китоблардан бўлгани учун унда далиллари келтирилмаган. Бунга мисол қилиб мерос китобининг бошидан иқтибос келтирамиз:
“Фароиз» китоби
Маййитнинг тарикаси тажҳизидан бошланади. Сўнг қарзига, сўнг васиятига сарфланади. Сўнг меросхўрлари орасида тақсимланади. Улар:
Меръосхўрларнинг биринчи синфи:
Фарз эгалари. Яъни белгиланган улуши бор кишилар…”.[3]
Юқоридаги матннинг ҳар бир сўзида кўплаб маънолар мавжуд. Бу маъноларни мутахассис кишиларгина бир ўқишда англаб оладилар. Шунинг учун бу асарни маъноларини очиш учун кўплаб шарҳлар битилган.
Бу нодир асар мухтасар тарзда ёзилган бўлишига қарамай, 708 саҳифани ташкил қилади. Бу ўз навбатида Умар Насафийнинг фиқҳ илмида қанчалик кўп илм соҳиби бўлганини кўрсатади.
Албатта бу фиқҳ илмининг ҳар бир сўзи далилларга суянган бўлиши лозим. Умар Насафий ўзи суяниб ёзган асарларни “Канзуд дақоиқ” асаринин асли бўлган “ал-вофи” асарида баён қилган. Олим қуйидаги асарларга суяниб китобини ёзганини айтади:
“жомиус сағир”
“жомиул кабир”
“зоёдот”
“мухтасари қудирий”[4]
Бу асарни ўрганиб чиққан олимлар бунда 40000 та масалалар келтирилганини айтишади.[5] Бу маълумот албатта бу асар қанчалик дақиқ ўрганилганини билдиради. Имом Насафий китобида асосан Имом Абу Ҳанифанинг қарашларини баён қилганлар. Баъзи ўринлардагина ихтилофларни зикр қилганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, диёримиз фахри қомусий олим Умар Насафий ёзган бу асар илмий асосланганлиги ва омма талабига мувофиқ бўлгани бу асарни асрлар оша бизгача етиб келишига сабаб бўлган.
Миркомилов Икром
4-курс талабаси
[1] Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ан-Насафий. Канзуд дақоиқ. доктор Саид ибн Муҳаммад Яҳё Бектош таҳқиқи остида. Дорус сирож. Мадинаи мунаввара. 2014. 137-б.
[2] Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ан-Насафий. Канзуд дақоиқ. доктор Саид ибн Муҳаммад Яҳё Бектош таҳқиқи остида. Дорус сирож. Мадинаи мунаввара. 2014. 139-б.
[3] Ўша асар 696-б.
[4] Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ан-Насафий. Канзуд дақоиқ. доктор Саид ибн Муҳаммад Яҳё Бектош таҳқиқи остида. Дорус сирож. Мадинаи мунаввара. 2014. 51-б
[5]Ўша асар 52-б