Ҳақиқий иймон билан қўрқоқлик ўзаро жамланмайди. Чунки қазои қадарга ишониш ва Аллоҳ таолога суяниш кишини мард ва довюрак қилиб қўяди. Мўмин киши ўз қалбини таърифга сиғмас шижоат ва таваккул билан тўлдиради. У тараддуд, ожизлик, қочиш ёки сусткашликни билмайди. Шижоат – юксак жасорат, ақл, ҳикмат ва мувозанатга бўйсунадиган нафс қувватидан иборат фазилатдир. Довюраклик ўзига ишонган ҳолда қўрқмасдан хатарга тик боришдир. Довюраклик ҳам аслида шижоатдан келиб чиқади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! (Кофир) жамоатга рўбарў келганингизда, саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки, нажот топсангиз»[1].
Тарихда набийлар ва росуллар қучли ирода, ноёб шижоат ва юксак жасоратлари билан ажралиб турганлар. Бунга комил иймонлари, Аллоҳга кучли эътиқодлари ва тўлиқ суянишлари сабаб бўлган. Айниқса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом табиатларида бу сифатлар бенуқсон ва мукаммал ҳолда намоён бўлган десак асло хато бўлмайди. Душманга қарши курашдаги довюраклик ва қўрқмай юзма-юз бориш ҳеч бир машҳур қаҳрамонда кузатилмаган ҳодисадир. Сўзимиз исботи сифатида у зотнинг ҳаётида кузатилган муҳим лавҳаларни ҳужжат-далиллари билан келтириб ўтмоқчимиз. Хусусан, ҳал қилувчи жангларда қатнашиб, энг қалтис ва оғир вақтда виқорли тоғ каби салобат билан туришлари душманни эсанкиратиб қўярди. Қуроли бор паҳлавонлар ва манаман деган ботирлар ҳам бунақа вақтларда чекинмай иложи қолмас, у зот эса собит турар, саросимага тушмас, жойларидан жилмас, олдинга қараб интилар, аммо орқага тисарилмас эдилар.
Ана шунақа оғир вақтларда у зот саҳобаларини ташлаб. ўзлари орқага чекинганлари мутлақо кўрилмаган. Улуғворлик ва барқарорлик мақомидаги собитлик туфайли жасур паҳлавонда ҳам учрайдиган чекиниш у зотда кузатилмаган. Мана шундай ҳолат Ҳунайн куни рўй берди. Ўшанда зўрман, деб кўкрак керганлар ҳам у зотнинг ёлғиз ўзларини жанг майдонида ташлаб қочишга тушди. У зот эса тинимсиз курашар, олдинга қараб ташланар ва ёв ҳужумларини қайтарар эдилар. Чунки Ҳавозин қабиласи мусулмонлар қўшини устидан камон ўқларини тинмай ёғдирар, бунинг учун олдиндан пистирма тайёрлаб қўйилган эди. Бир киши Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан: «Ҳунайн куни Росулуллоҳни ташлаб қочганмидингиз?», деб сўраганида у: «Бироқ Росулуллоҳ қочмадилар. У зотни оқ хачирларида ўтирган ҳолда кўрдим. Абу Суфён юганидан ушлаб турарди. Набий алайҳиссалом: «Мен набийман, ёлғон йўқ. Мен Абдулмутталиб ўғлиман», дер эдилар[2]. Ҳунайн кунида ҳозир бўлганлар: «Ўша куни у зотдан-да шиддатли бирор кишини кўрмадик»[3], деб хотирлайди. У зот хачирдан тушганда ёнларида Аббос, Абу Суфён ва Айман ибн Аймандан бошқа ҳеч ким қолмаган эди. Росулуллоҳ хачирларини кофирлар томонга қистаб, Аббосга: «Дарахт эгалари қаерда?», деб чақиришни буюрдилар. Улар: «Лаббай, лаббай», дейишди. Мушриклар билан жанг бўлди. Росулуллоҳ майда тошларни мушриклар юзига қарата ота туриб: «Муҳаммаднинг Роббисига қасамки, енгилинглар», дедилар. Мазкур ҳадиснинг ровийси: «тош отилгандан бироз ўтиб-ўтмай мушрикларни бирин-бирин ҳолдан тойган ва ишлари орқага кетганини кўрдим», деб жанг тафсилотларини келтиради.
Ибн Абу Ҳола: «Агар Росулуллоҳ ғазаблансалар, фақат Аллоҳ учун ғазабланар, ғазабларини ҳеч нарса қайтара олмас эди», дейди. Али розияллоҳу анҳунинг ривоятида: «У зот дунё учун ғазабланмас эдилар. Қачонки ҳақ учун ғазаблансалар, ҳеч кимни танимас, токи ҳимоя қилиб, ҳақиқатни қарор топтирмагунча ғазабларидан ҳеч нарса қайтара олмас эди».
Имом Доримий келтирган ривоятда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Росулуллоҳдан кўра шижоатли, довюрак, сахий ва рози бўлувчироқ бирор кишини кўрмадим», дейди. Имом Аҳмад, Насоий, Тобароний ва Байҳақий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Қачон жанг шиддатли тус олса, биз Росулуллоҳ билан ҳимояланар эдик. Душманга у зотдан-да яқинроқ турган бирор киши бўлмас эди. Бадр кунида биз Росулуллоҳ (ортлари) га беркиндик. Ҳолбуки, у зот душманга энг яқин турган эдилар. Ўшанда одамлар орасида энг қаттиқ жангни ўзлари қилган эдилар».
Икки шайх Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, энг сахийи ва энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча Мадина аҳли қўрқувга тушди. Одамлар овоз (чиққан) томонга бораётганда, Росулуллоҳ уларни қайтаётганда учратдилар. Абу Талҳанинг Мандуб номли эгарсиз отида, бўйинларига қилич осган ҳолда овоз (чиққан) томонга ҳаммадан илгари бориб, хабарни аниқлаб: «Хавотир олманглар», деб келар эдилар.
Абу Шайх ибн Ҳиббон Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Росулуллоҳ (душман) қўшини билан тўқнашганда ҳар доим биринчи бўлиб урардилар».
«Уҳуд куни Убай ибн Халаф Набий алайҳиссолату вассаломни кўрганда: «Муҳаммад қаерда? У нажот топса, мен нажот топмайман», дер эди. Бадр куни фидя бериб ўзини озод қилганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менинг бир отим бор. Ҳар куни унга бир фарақ дон бераман. Шу отим устида сени қатл қиламан», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ хоҳласа, мен сени қатл қиламан», дедилар.
Уҳуд кунида кўзи тушга заҳоти Убай ибн Халаф Росулуллоҳ томон илдам ҳаракат қилди. Мусулмонлардан бири йўлини тўсди. У зот саҳобаларга индаманглар, деган маънода ишора қилдилар. Ҳорис ибн Симмадан найзани олиб, қаттиқ силкитганларида атрофидагилар туя силкинганда устидаги пашшалар ҳар томонга учгандек чор атрофга тарқалишди. Сўнг унга юзландилар ва найзани отиб бўйнига санчдилар. У қаттиқ оғриққа чидай олмай отдан қулади. Қурайшликлар олдига: «Мени Муҳаммад ўлдирди», деб қайтиб борганда «Сенга ҳеч нарса қилмайди», дейишди. У: «Агар мендаги оғриқни одамларга тақсимланса, ҳаммаси тил тортмай жон берарди. Сени қатл қиламан демаганмиди? Аллоҳга қасамки, мободо у менга найза санчмай тупирганида ҳам албатта ўлдирган бўларди», деди. У қурайш кофирлари билан Уҳуддан қайтаётганда Маккадан олти мил узоқликда Сариф деган жойда ўлди»[4]. Имом Насафий тафсирида: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан ундан бошқани ўлдирмаганлар», деб келтирган.
[1] Анфол сураси, 45-оят.
[2] Ривоятнинг асли «Икки саҳиҳ»да келтирилган. Имом Насоий эса «Сияр» бобида ривоят қилган.
[3] Имом Бухорий ва Абу Закариёнинг Ибн Исҳоқдан ривояти.
[4] Ибн Саъд, Байҳақий, ва Абдурраззоқ мурсал ҳолда, Воқидий муттасил санад билан ривоят қилган.






