لِلْفُقَرَاءِ الَّذِينَ أُحْصِرُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ لَا يَسْتَطِيعُونَ ضَرْبًا فِي الْأَرْضِ يَحْسَبُهُمُ الْجَاهِلُ أَغْنِيَاءَ مِنَ التَّعَفُّفِ تَعْرِفُهُمْ بِسِيمَاهُمْ لَا يَسْأَلُونَ النَّاسَ إِلْحَافًا وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ * الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ سِرًّا وَعَلَانِيَةً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ البقرة: 273-274
(Садақа ва хайру-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нафақа қилган яхшиликларингизни, албатта, Аллоҳ билгувчидир. Кечасию кундузи молларини нафақа қиладиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар (Бақара сураси 273-274 оятлар).
Ушбу оятлар аҳли суффа борасида нозил бўлган. Аҳли суффа – Қурайш муҳожирларидан иборат, Мадинада уларнинг турар жойлари ва қариндошлари бўлмаган саҳобалардир. Улар масжид суффасида тунни ўтказар эдилар. Туни билан Қуръони каримни таълим олишар, кундузи эса тирикчилик қилишар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшин юборадиган бўлсалар, улар билан бирга чиқар эдилар. Уларнинг сони 400 кишини ташкил қилган.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада садақа олиши мумкин бўлган тоифаларни баён қилмоқда:
- Аллоҳнинг йўлида тутилган;
- Касб қилишга қодир бўлмаган;
- Иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларга.
Аллоҳ таоло “Кечасию кундузи молларини нафақа қиладиганлар” деб, саховатпеша саҳобаларни мақтамоқда. Уларга мукофот ўлароқ “ажрлари Роббилари ҳузуридадир” деб таъкидламоқда. “Ибрат – лафзнинг умумийлигида, каломнинг хослигида эмас” қоидасига кўра, Аллоҳ таолонинг розилигинигина ният қилиб, яхшилик қилган ҳар бир кишининг мукофоти ҳам худди шундай бўлади.
Барча Аллоҳ йўлида хайр-эҳсон қиладиган бандаларга “хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар”.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг розилиги йўлида яхшиликлар қиладиган бандалари қаторида қилсин!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдуссами Эргашев
манбалар асосида тайёрлади






