Маълумки, йигирма биринчи аср ёшлари глобаллашув жараёни шиддатли тус олган замонда яшамоқда. Уларга турли кўринишдаги ғоявий хуружлар хавф солмоқда. Бир томондан экстремистик руҳдаги оқимлар, бошқа томондан миссионерлар ва оломонча маданият тарғиботчилари ёш авлод онгига ўзларининг пуч ғоялари ва ақидаларини сингдириш, миллий ва диний қадриятларимиздан айиришга муттасил ҳаракат қилмоқдалар. Натижада, соф ислом таълимотидан етарли даражада илмга эга бўлмаган баъзи ёшлар уларнинг найрангларига алданиб қолмоқдалар. Яна баъзилари эса, ғарб давлатларининг моддий тараққиёти гўёки уларнинг маданиятига асослангандек хаёл қилиб, кийинишда, ўзини тутишда, ҳатто фикрлашда миллийлик ва динийликка ёт усулларни маъқул кўрмоқда. Буларнинг барчаси охир оқибат ёш авлоднинг илкида бўлмиш порлоқ келажагимизга турли офат ва балоларнинг раҳна солишига сабаб бўлади. Муқаддас динимиз таълимотида мусулмон киши ўз эътиқодига, ҳур ва озод яшашига раҳна солувчи ҳар қандай душманга қарши курашиши лозим эканлиги таъкидланади. Қуръони каримнинг “Анфол” сурасининг 60-оятида шундай дейилган:
وَأَعِدُّوا لَهُمْ مَا اسْتَطَعْتُمْ مِنْ قُوَّةٍ وَمِنْ رِبَاطِ الْخَيْلِ تُرْهِبُونَ بِهِ عَدُوَّ اللَّهِ وَعَدُوَّكُمْ وَآَخَرِينَ مِنْ دُونِهِمْ
لَا تَعْلَمُونَهُمُ اللَّهُ يَعْلَمُهُمْ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فِي سَبِيلِ اللَّهِ يُوَفَّ إِلَيْكُمْ وَأَنْتُمْ لَا تُظْلَمُونَ
яъни: “Улар учун имконингиз борича куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз. Аллоҳнинг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга (унингсавоби) зулм қилинмаган ҳолингизда тўла тўкис берилур”.
Ушбу ояти кариманинг маъносини Пайғамбаримиз с.а.в. ўша даврнинг шароитидан келиб чиқиб баён қилиб берганлар. Масалан, “куч” деган сўзни “камон отиш” деб тафсир қилганликлари ҳақидаги ривоятни Имом Муслим “Саҳиҳ”ида зикр қилиб ўтган. Расулуллоҳ с.а.в.: “Болаларингизга камон отишни, отда чопишни ҳамда сувда сузишни ўргатинглар”, деб марҳамат қилганлар. Чунки, ўша даврнинг душманларидан ҳимояланиш учун энг афзал қурол чавандозлик ва мерганликдан иборат бўлган. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг каломига ҳар бир даврнинг шарт-шароитидан келиб чиқиб ёндошилганда, унинг нақадар замон билан ҳамнафас эканлигига амин бўламиз. Ғоявий курашлар авж олган ҳозирги даврда ояти каримадаги “куч” деган сўзни маърифий ва ғоявий куч деб талқин қилиниши айни муддао бўлади ва ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ лозим деган шиорга ҳам тўла мос келади. Демак, Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ бизлар юқорида зикр этиб ўтилган йигирма биринчи аср ғоявий курашларига қарши, унинг бошида турган миллатимиз ва динимиз душманларига қарши замонавий “куч” билан, яъни маърифий ва ғоявий куч билан қуролланмоғимиз лозим бўлади. Инчунун, ёш авлоднинг онгида ҳозирги замон мафкуравий хуружларига қарши ғоявий кучни, маънавий иммунитетни ҳозирламоқлик замон талабидир.
Маънавияти юксак, ҳар қандай ёт ғояларга қарши кураша оладиган, ўзининг мустаҳкам эътиқоди ва миллий қадриятларини маҳкам тутиб, унга оғишмай амал қилиб яшайдиган халқни ҳар қандай ёвуз куч енга олмайди. Таърихдан бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Жумладан, Абдулваҳҳоб Ас-Сабкийнинг “Табақотуш шофиийатул кубро” асарида шундай воқеа зикр қилинган: “Боғдодда амирул муъминийн Мутиуллоҳга Рум қироли Тақфурдан мактуб келади. Номада бутун мусулмон аҳлига таҳдид, дўқ-пўписа ҳамда турли хил бўҳтону таҳқирли мазмундаги қасида битилган эди. Ўша вақтда илм ўчоғига айланиб улгурган Боғдодда кўплаб адиблар, шоирлар-у фусаҳолар жамланган бўлишига қарамай, ҳеч бирлари ғанимнинг бу мактубига раддия ёзишга қурбилари етмайди. Фақатгина, тасодиф туфайли Боғдодда мусофир бўлиб турган буюк ватандошимиз Имом Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратларигина муносиб жавоб номани ёза олади. Хатни ўқиб Тақфур дағ-дағ титрайди ва қўрқувдан пешоби тутилиб қолади”. Мана бу воқеа маънавий етуклик, ғоявий устунлик енгилмас куч эканлигига ёрқин мисол бўла олади. Ҳалигача халқимиз Қаффол Шоший ҳазратларини шундай буюк маънавий жасорат кўрсатгани сабабли “пошшомот ота” номи билан ёд этиб келади.
Энг ёмони, бундай ғоявий хуружлар турли йўллар билан, устамонлик билан олиб борилаётгани соғлом фикрли ҳар бир одамни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди. Бундай ғаразли кучларнинг асосий нияти – ҳали ҳаётий тажрибаси, сиёсий-ижтимоий савияси етарли бўлмаган, содда ва ғўр ёшларни йўлдан уриш, ўзининг қабиҳ ниятлари йўлида фойдаланиш эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Фақатгина мустақил фикрлайдиган, иймон-эътиқоди мустаҳкам, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган эзгу қадриятларга садоқатли бўлган инсонгина бундай қутқуларга учмаслиги, тўғри йўлдан адашмаслиги мумкин. Бунинг учун, албатта, биринчи навбатда фарзандларимизни юксак билим ва маънавий фазилатлар билан қуроллантиришимиз лозим. Уларга биз учун муқаддас бўлган ислом динининг чинакам инсоний моҳиятини, унинг тинчлик, яхшилик, меҳр-шафқат, ҳамжиҳатлик дини эканини тўғри тушунтириб беришимиз керак. Бизга ёт ва бегона бўлган турли зарарли оқимлардан ҳимояланиш учун одамларга бу борадаги бор ҳақиқатни етказиш зарур. Таъбир жоиз бўлса, бундай хавф-хатарлардан одамларни, авваламбор, ёш авлодни ҳақиқат билан ҳимоя қилиш керак.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари
бўйича мудир ўринбосари Н.Джалолов






