Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳийт” китобида шундай ёзади: “Мусулмонлар ҳақ ушбу мазҳабларда (яъни тўрт мазҳабда) эканига иттифоқ қилишган. Шунинг учун улардан бошқасига амал қилиш жоиз эмас.”
Шайх Муҳаммад Ҳизр Шинқитий раҳматуллоҳ алайҳ шундай дейди: “Бугунги кунда ижмоъ қилингани тўрт мазҳабдир. Улар: имом Молик, имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал. Батаҳқиқ, барча уламолар мазкурлардан бошқанинг мазҳабига эргашишни ман қилганлар”.
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳ алайҳ “Инсоф” китобларида қуйидагиларни ёзадилар: Албатта, ушбу девон тузилиб, таҳрир қилинган тўрт мазҳабга эргашиш жоиз эканинга уммат ёки унинг эътимод қилинадиганлари шу кунгача ижмоъ қилиб келишмоқда. Албатта, бунинг фойдаси очиқ-ойдиндир. Хусусан, ҳимматларимиз сустлашган, нафслар ҳавога берилган ва ҳар бир раъй эгаси ўз раъйига маҳлиё бўлган ушбу кунларимизда.”
Бугунги кунда мусулмонлар диний билимлардан ҳам жуда узоқ, аксар мусулмонлар тўғри намоз ўқишни ҳам билмайди, бирламчи ақидавий билимлардан ҳам бехабар. Шундай вазиятда, ўзи пароканда ва ночор аҳволда бўлган уммат ичига ихтилоф уруғини сочиш, уларни бир мўътабар мазҳабга эмас, тўғридан-тўғри Қуръон ва ҳадисга амал қилишга чорлаш айни хоинликдир. Қуръон ва суннатга тўғридан-тўғри амал қилиш шарафли иш, лекин аҳил бўлмаган кишининг бу ишга киришиши тиббиётдан мутлақо бехабар одамнинг мураккаб жарроҳлик операциясига қўл уриши билан тенг. Агар Қуръон ва Суннатга тўғридан тўғри амал қилиш барча учун мумкин бўлганда эди саҳоба ва тобеъинлар даврида инсонлар бир-биридан фатво сўрамас, алоҳида фатво ва илм мажлиси билан танилган инсонлар етишиб чиқмас эди. Қуръон ва Суннатга тўғридан-тўғри амал қилиш барча учун вожиб бўлганда Аллоҳ таъоло “Билмасангиз зикр аҳлидан сўранг” деб буюрмаган бўларди.
Шаръий матнлар ва уларнинг маънога далолати, араб тили хусусиятларидан хабардор одам яхши биладики, Қуръон ва суннатда келган матнлар бир неча маъноларни эҳтимол қилади, баъзан матнлар суратан бир-бирига зиддек туюлади, кўп ҳолларда матнлар бир-бирини насх қилади ёки қайдлайди ёки баъзи матнлар хос киши ёҳуд хос жамоага тегишли бўлади. Бундай нозик жиҳатларни англаб етмаган киши рўпарасида бир-бирига зиддек кўринган матнлар намоён бўлганда қайси асосда улар орасини жамлайди ёки қайси манҳажда уларни бир-биридан таржиҳ қилади. Табиийки, унинг олдида фақат икки йўл бўлади холос: ё ҳавойи нафсига эргашиб, ўзига ёққан матнни танлайди, ёқмаганини ташлайди, бу эса Аллоҳ таъоло китобида “Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми” деб айтган тоифанинг айни ўзидир, ёки замонамиздаги бирор бемазҳаб олимга эргашади, бу иш эса аввалгисидан ҳам ажиброқдир, чунки, яхшилигига Росулуллоҳ сав иқрор қилган замондаги мусулмонар, яъни табаъ тобеинлар имомлиги тан олган Абу Ҳанифага эргашишни тарк қилиб, фиқҳий қарашлари ҳеч қайси эътиборли олим томонидан тан олинмаган бир кишига эргашишдир. Натижада тўрт мазҳабни қўйиб, юзлаб мазҳабларнинг келиб чиқишига сабаб бўлинади. Аллоҳ таъло билмасангиз дуч келган одамдан сўранг демади, балки шунинг учун Аллоҳ таоло “…Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (Наҳл сураси 43-оят), деб марҳамат қилган.зикр аҳлидан сўранг деди. Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдалари “Зикр аҳли”дан эканликларига бутун уммат олимлари иттифоқ қилишган.
Демак, мазҳабга эргашиш баъзилар ўйлагандек гумроҳлик эмас, балки Аллоҳ таолога, унинг расулига ҳамда ишбоши (уммат эътироф этган уламолар) ларга итоат этиш экан.
Мударрис Жалолиддин Холмўминов тайёрлади





