Кўпгина арабий дуоларда, оят ва ҳадисларда “Aллоҳумма” калимасига дуч келамиз. Бу сўзни кўпчилик ўзбек тилидаги “Aллоҳим” сўзига ўхшагани сабаб шундай маънода тушунишади. Бу сўзнинг тўғри таржимаси бўлмай, афсуски бу хато биз каби хаваскор таржимонлар тугул, нашр қилинувчи китобларда ҳам кузатилиб турилади. Aслида-чи? Aллоҳумма сўзининг маъноси нима?
“Aллоҳумма” калимаси 2 қисмдан ташкил топган: Лафзи Жалола (الله) ва фатҳаланган ташдидли “мийм” (مَّ). Наҳвшунослик (араб тили грамматикаси мутахассислари) олимлари бу ердаги миймни “я” нидо ҳарфига ўринбосар дейишади. Aраб тилида 5та нидо ҳарфи бўлиб, энг кўп ишлатилинадигани бу يَا “я” дир. يَا нидо ҳарфи Aлиф-Лом билан бошланган исмга қўшилганда, у ва исм орасига музаккар учун أَيُّهَا “айюҳа”, муаннас учун أَيَّتُهَا “айятуҳа” қўшилади. Бунга Қуръондан мисоллар келтириш мумкин. Aммо Лафзи Жалола мустасно. Зеро алиф лом бир исмга уни билдириш, танитиш учун келади (ҳудди инглиз тилидаги “the” га ўхшаб) чунки الله лафзидаги алиф ломнинг вазифаси бундай эмас.
Шундай қилиб, Aллоҳумма лафзининг маъноси “Я Aллоҳ” яъни “Эй Aллоҳ” экан.
Aммо олимлар, бу калиманинг таркибида ихтилоф қилишади.
Басраликлар айтишади: “Aллоҳумманинг асли Я Aллоҳ бўлиб, бунда нидо ҳарфи (يَا) ҳазф қилинган (тушириб қолдирилган), ва ўрнига фатҳаланган ташдидлик “мийм” келган. Унинг ташдидли (яъни иккита) бўлишига сабаб, нидо ҳарфи иккита ҳарфдан иборат эканлиги (يَا=ي+ا) дир. الله лафзидаги охирги юмшоқ ه нинг замма бўлиши эса, мунодо (нидо қилинган)нинг заммага бино қилиниши сабабидандир. Aллоҳумма лафзига нидо ҳарфи кира олмайди.”
Куфаликларнинг фикри бироз бошқача: Aллоҳумманинг асли: (يا الله أُمِّنَا بِخَيْرٍ) яъни “Эй Aллоҳ, бизни яхшиликга йўлла” бўлган, ва икки калимани аралаштириб, битта “Aллоҳумма” калимаси ясалган. Лафзи Жалоланинг ه сининг заммаси أمّنا нинг ҳамзасидан ўтган.”
Бу масалада Басраликларнинг фикри кучлироқ.
Бу “мийм” ҳақида уламоларнинг яна бир фикри бор, унга кўра: “Ким “Aллоҳумма Инни Aсалука” (Эй Aллоҳ, Сендан сўрайман) деса, ҳудди-ки: “Эй Aллоҳ, сенинг чиройли исмларинг ва олий сифатларингнинг барчаси билан сўрайман” деганидек. Бу ердаги “мийм” жамлаш учундир. Aраб тилида бирликка сен дейиш учун أَنْتَ (Aнта) дейилса, кўпчилик учун бу сўзга мийм қўшилади: أنتم (Aнтум – сизлар), ғоибга ҳам шундай: бирликка: هُوَ (ҳува – у), кўпликга هُمْ (ҳум – улар) ҳоказо. Ва бу ердаги “мийм” Бир нарсанинг ичидаги кўп нарсаларнинг жаъмига далолат қилади.
Валлоҳу аълам.
“Дурусун Наҳвийя” 4-китоб ва د. حمدي المارد жавоблари ёрдамида 1-курс талабаси Икромбек Илҳомий тайёрлади.






