Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз, «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас», деган оятни ўқинг», дер эди».
(Тўртовлари ривоят қилганлар).
Фитрат (соф табиат) ила туғилади, деб айтилишнинг маъноси – туғилган чақалоқ Ислом динини қабул қилишга тайёр бўлган ҳолатда деганидир. Фитратдан мурод Ислом фитрати. Чунки биз Наъмонул Арок (*) деган жойда ўзимизнинг отамиз Одам алайҳиссаломнинг белидан руҳлар чиқарилган кунидаги эътирофимиз ва тавҳидимиз тақозосига кўра туғиламиз. Зеро биз ўша куни: ألستُ بربِّكم؟ – «Мен Парвардигорингиз эмасманми?», деган саволга тутилганмиз ва барчамиз: “Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, сендан бошқа Илоҳ йўқ дея жавоб бериб, Аллоҳнинг улуҳиятини эътироф қилганмиз.
Аллоҳ таолонинг каломи Унинг сифати бўлиб, бизнинг каломимиз каби эмас, ҳарф эмас, овоз эмас, на арабий ва на ажамий луғатда эмас. Сўнг ўша чақалоқ ўз онасининг қорнидан ўзидан ҳосил бўлган нарсани унутган ҳолда чиқади ва шу ҳолда ота-онасидан ёки улардан бошқалардан куфр сўзини эшитиб эътиқод қилиб, ўша лаҳзадаёқ феълан кофир бўлади ёҳуд ҳақ сўзини эшитиб эътиқод қилиб, жамийки руҳлар Аллоҳнинг ваҳдониятига гувоҳлик берган кунда бўлган ақидасидаги ҳақиқий мўъмин-мусулмон бўлади.
Бу юқорида келтирилган ҳадиснинг маъноси бўлади. Аммо ҳар бир туғилган чақалоқ туғилиши билан Исломни батафсил эътироф қилган ҳолатда бўлади ёки фитрат бу илмий-амалий қувват, деб таъриф беришлик ботил гап ҳисобланади ва буни ҳеч қандай асоси йўқ, чунки инсон туғилиши билан ҳеч нарсани билмай туғилади. Бу ҳақда қуйидаги оятда очиқ айтилган: “Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга кулоқ, кўзлар ва дилларни берди.” (Нахл – 78 оят)
* Макка ва Тоиф орасидаги водийнинг номи.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби Рустам Охунжонов тайёрлади.






