“Ҳадис” сўзи, луғатда “янги”, “сўз” деган маъноларни ифодалайди.
Муҳаддислар истилоҳида эса “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган “сўз” ёки “феъл” ёки “тақрир” ёки “сифат” ҳадис деб аталади. Набавий сўзи эса пайғамбарга мансуб деган маънони англатади.
Шунга кўра ҳадиси набавий деганда пайғамбар алайҳиссаломга мансуб бўлган сўзлар ёки феъллар ёки тақрирлар ёки сифатлар тушунилади.
Ҳадиси Набавий икки хил бўлади:
- Тавқифий ҳадислар;
- Тавфиқий ҳадислар.
Тавқифий ҳадислар деганда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ваҳий орқали билдирилган мазмунларни ўз гаплари билан инсонларга етказган ҳадислари тушунилади.
Тавфиқий ҳадислар деганда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтаётган гаплари мазмунини Қуръони Каримдан истинбот қилиб ёки ўзларининг ижтиҳодларидан келиб чиқиб айтган ҳадислари тушунилади.
Ҳадиси Қудсий эса луғат жиҳатидан нуқсонлардан холи Зотга нисбат бериб айтилган сўз маъносига далолат қилади.
Шаръий истилоҳда эса, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога нисбат бериб айтган гаплари, яъни Аллоҳнинг каломини ўзларининг лафзлари билан ривоят қилишлари ҳадиси Қудсий дейилади. Шунга кўра Ҳадиси Қудсийнинг маъноси Аллоҳдан бўлиб, ваҳий орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирилган бўлади. Лафзи эса, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлади.
Бунга ушбу ҳадис мисол бўлади:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، يَقُولُ اللَّهُ تَعَالَى: أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي وَأَنَا مَعَهُ إِذَا ذَكَرَنِي فَإِنْ ذَكَرَنِي فِي نَفْسِهِ ذَكَرْتُهُ فِي نَفْسِي وَإِنْ ذَكَرَنِي فِي مَلَإٍ ذَكَرْتُهُ فِي مَلَإٍ خَيْرٍ مِنْهُمْ….. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Мен бандамнинг мен ҳақимдаги ўйидаман. Агар мени эсласа, мен у билан биргаман. Агар мени ўз нафсида эсласа, мен ҳам уни ўз нафсимда эслайман, агар мени кўпчилик ичида эсласа, мен уни улардан ҳам яхшироқ бўлган кўпчилик ичида эслайман…”. Бухорий ривоят қилган.
Қуръони Карим ва Ҳадиси Қудсий ораларидаги фарқлар
Қуръон луғатда “ўқиш”, “жамлаш” маъноларини англатади.
Шаръий истилоҳда эса Жаброил алайҳиссалом воситасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга юборилган, тиловати ибодат ҳисобланадиган Аллоҳ таолонинг каломи Қуръон деб аталади.
- Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, пайғамбар алайҳиссаломга лафзи билан ваҳий қилинган. Қуръони Каримда таҳаддий (бошқаларни майдонга чорлаш) ва иъжоз (ожиз қолдириш) бор.
Ҳадиси Қудсий эса, пайғамбар алайҳиссаломга лафзи билан ваҳий қилинмаган. Балки унинг лафзи Набий алайҳиссаломга нисбат берилади. Шунингдек ҳадиси Қудсийда таҳаддий ва иъжоз ҳам йўқдир.
- Қуръони Карим лафз жиҳатидан ҳам, маъно жиҳатидан ҳам Аллоҳ таолога нисбат берилади. Шунинг учун ҳам Қуръони Карим оятларини “Аллоҳ таоло айтганки” деб айтилади.
Ҳадиси Қудсий эса, маъно жиҳатидан Аллоҳга, лафз жиҳатидан пайғамбар алайҳиссаломга нисбат берилгани сабабли “Аллоҳ таоло айтадики”, дейилмайди. Балки, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтадики”, дейилади.
- Қуръони Каримнинг ҳаммаси мутавотир йўл билан нақл қилинган. Шунга кўра унинг собитлиги қатъийдир.
Ҳадиси Қудсийнинг эса кўплари оҳод хабарлар билан нақл қилинган. Шунга кўра буларнинг собит бўлиши зонний ҳисобланади. Ҳадиси Қудсий гоҳида саҳиҳ бўлади, гоҳида ҳасан бўлади, гоҳида заъиф бўлиши ҳам мумкиндир.
- Қуръони Каримнинг тиловати ибодат ҳисобланади ва уни намозда тиловат қилишга буюрилган. Битта ҳарфини ўқиганга ўнта савоб ваъда қилинган.
Ҳадиси Қудсийни эса намозда ўқиш жоиз эмас. Шунингдек унинг битта ҳарфига ўнта савоб ҳам ваъда қилинмаган.





